Линклар

Қўйлиқ қурилиш бозори тадбиркорлари ижара ҳақи қимматлаётганидан норози бўлмоқда


Қўйлиқ мавзесидаги қурилиш моллари бозори

Қўйлиқ мавзесидаги қурилиш моллари бозори

Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесида жойлашган қурилиш моллари бозори тадбиркорлари дўконлар ижара ҳақининг кескин оширилаётганидан норози бўлмоқда. Тадбиркорларнинг айтишича, бозор раҳбарияти июль ойидан бошлаб дўконлар ижара ҳақи қарийб 30 фоизга ошиши ҳақида уларни огоҳлантирган.

“MIT STORY SERVIS” масъулияти чекланган жамиятга қарашли Тошкентнинг Қўйлиқ массивидаги қурилиш моллари бозорининг бир гуруҳ тадбиркорлари Озодликка мурожаат қилиб, дўконлар ижара ҳақларининг ҳар олти ойда асоссиз ошиб бораётганидан шикоят қилди.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозор маъмурияти июль ойидан бошлаб ҳар бир дўконнинг бир ойлик ижара ҳақи 250 минг сўмга ошиши ҳақида огоҳлантирган:

“Биринчи июлдан бошлаб бутун бозордаги дўконларга ижара ҳақи 850 минг сўм бўлади, деб огоҳлантиришди. Кеча йигирма нафарга яқин тадбиркорлар бундан норози бўлиб бозор бошқарувчиси Илҳом аканинг кабинетига йиғилиб бордик. Бошқарувчи кабинетида ўтирган бўлса ҳам бизни киргизишмади”, деди тадбиркор.
Қўйлиқдаги қурилиш моллари бозори

Қўйлиқдаги қурилиш моллари бозори


Суҳбатдошнинг айтишича, сўнгги пайтда ижара нархи ҳар ойда асоссиз равишда кўтариляпти:

“Агар йўлкира ошса, автобусларга ёзиб қўяди, ёнилғи нархи ошгани сабаби билан шу ойдан ошади, деб. Бозорда эса ҳеч қачон сабаби айтилмайди. 2012 йилда бу бозорда иш бошлаганимизда ижара ҳақи 200 минг сўм эди, кейин 300 минг сўм бўлди, шу йилнинг бошида эса 600 минг сўмга чиқди. Мана энди 850 минг сўм бўлади дейишяпти. Шуниси қизиқки, ўтган йили бозорни текширувчилар босганда биздан икки ой давомида 200 минг сўмдан ижара ҳақи олиб туришди, дейди тадбиркор.

Исми сир қолиш шарти Озодликка гапирган бошқа бир тадбиркорга кўра, ижара ҳақидан ташқари дўкон эгалари бозор раҳбариятига ҳар ойда ҳужжатсиз тўлаб турадиган ўлпон ҳам бор:

“Ижара ўз йўлига, бундан ташқари дўконларнинг бозорда жойлашиш тартибига қараб ҳар бир тадбиркор ойига 300-500 доллар миқдорида доля беради. Агар сиз шу порани тўламасангиз кейинги ярим йилликда сиз билан шартномани бекор қиладида, ўрнингизни бошқа одамга сотади. Бундан ташқари ҳар ойда солиқчилар ҳар бир дўкондан 150 доллардан ўлпон йиғади”, деди тадбиркор.

Озодлик билан суҳбатлашган тадбиркорлар Қўйлиқдаги қурилиш моллари бозори таниқли санъаткор Юлдуз Усмонованинг собиқ эри, қисқа муддат Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Илҳом Мадалиевга тегишли эканлигини айтдилар.

Тадбиркорларга кўра, бозорнинг норасмий бошқарувчиси Илҳом Мадалиев, расмий бошқарувчиси эса илгари паттачи бўлиб ишлаган Алишер Узоқов бўлади.

Озодлик айни пайтда нафақада бўлган Илҳом Мадалиевнинг бозорнинг норасмий бошқарувчиси эканлиги ҳақидаги иддаоларнинг асосли эканлигини аниқлай олмади.

Тадбиркорларнинг айтишича, бозор раҳбарияти аввал ички ишлар идораларида ишлаган собиқ мелиция ходимларидан таркиб топган.

Тадбиркорларга дўконларни ижарага берадиган “MIT STORY SERVIS” масъулияти чекланган жамият директори Алишер Узоқов билан Озодлик боғланганда у телефон орқали ҳеч қандай саволга жавоб бермаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG