Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасидаги янги иқтисодий иттифоқни танқид остига олди. Жаноб Каримов бунақа иттифоқлар собиқ совет ўлкалари мустақиллиги учун хавф эканидан огоҳлантирди.

6 июнь куни Тошкентда Озиқ-овқат хавфсизлигига доир халқаро анжуманнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Каримов ўтган ҳафта Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида янги иқтисодий иттифоқ тузилишини танқид остига олиб, бундай иттифоқлар сиёсий мустақилликка хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирган.

- Улар: "Фақат ягона бозор яратамиз, суверенитетимиз ва мустақиллигимизга бу халал бермайди", деб айтишаяпти. Айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми? - дея иқтибос келтиради Франс-пресс агентлиги Ислом Каримов сўзларидан.

Айни пайтда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида чоп қилинган “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон президентининг бу сўзлари келтирилмаган.

Россия, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари 29 май куни Остонада учрашиб, уч давлат ўртасидаги Евросиё иқтисодий иттифоқни тузишга доир битимни имзолагандилар.

Кремл раҳбарияти Евросиё иқтисодий иттифоқини тузиш орқали ягона бозор яратиш ва шу орқали аъзо давлатларнинг иқтисодий сиёсатларини бирлаштиришга умид қилмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонада битим имзоланиши пайтида Евросиё иттифоқини тузишга доир ҳужжат "барча давлатларнинг манфаатларини акс эттиради", деб айтган эди.

Айни пайтда постсовет ҳудудидаги яна икки давлат – Арманистон ва Қирғизистон мазкур иттифоққа қўшилиш ниятини билдирган.

Ўзбекистон эса Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб бу иттифоққа қўшилишни рад этган.

Расмий Тошкент постсовет ҳудудидаги интеграция ғоялари сиёсий тус олаётганини таъкидлаб, уларга қўшилишга эҳтиёткорлик билан ёндошиб келади.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасидаги янги битим 2015 йил январ ойи ўрталаридан кучга киради.

Мазкур битим уни имзолаган уч давлат ўртасида маҳсулот, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини кафолатлаши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG