Линклар

Қирғизистонлик ҳайдовчилар олти ойдан буён Нукусда ушлаб турилибди


Қирғизистонлик уч ҳайдовчи қарийб ярим йилдан буён Нукусдаги ҳибсхоналардан бирида тутиб турилибди. Улар ўтган йилнинг декабрь ойида Россиядан Қорақалпоғистонга юк олиб келганларида ушланган.

Қирғизистоннинг Ахси туманидан бўлган Асан Ақматов ҳамда ака-ука Солижон ва Толибжон Зиёдовлар Россиядан Қирғизистонга КамАЗда юк ташиш билан шуғулланиб келганлар. Ўтган йилнинг декабрь ойида улар Нукусга юк олиб борганлар, бироқ Қорақалпоғистон пойтахтидан чиқишда маҳаллий куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан қўлга олинганлар.

- Декабрь ойининг 20 лари эди. Улар Москвадан Ахсига юк олиб келишаётган эди. Бироқ Ўзбекистонга ҳам озроқ юк олишганга ўхшайди. “Ўзбекистоннинг юкини ташлаб чиқамиз” деб кириб, ушланиб қолган. Қорақалпоғистонга кирган, Нукусга, - дейди Асан Ақматовнинг рафиқаси Уулбу.

Унинг айтишича, Қорақалпоғистонда тутиб қолган ҳайдовчиларнинг яқинлари бир неча бор Нукусга борганлар, бироқ улар билан учрашолмаганлар.

Уулбу Ақматова бу борада ёрдам сўраб Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасига, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилганларини, бироқ у жойлардан жўяли бир жавоб олмаганларини айтади.

- “Кутинглар”, дейишяпти, “шунақа қонунлар бор”, дейишяпти. Суд бўлгандан кейин ҳал бўларкан ё у ёқли, ё бу ёқли бўлиб. Лекин кутавериб чарчадик. “Суд уч ойда бўлади”, дейишганди. Аввалига “мартда бўлади”, дейишди. Кейин “бўлмай қолди” деб, майга кўчирди. Майда “бўлмай қолди” деб, июнга кўчириб қўйди. Энди қачон бўлишини билмаймиз. Тўрт киши ушланган. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси бўлган. Бошқа шериклари ахсиликлар эди, - дейди Уулбу Ақматова.

Нукусда тутиб турилган ҳайдовчиларнинг адвокати Убайхон Тожибоев Озодликка ҳеч қандай изоҳ беролмаслигини айтди. Тожибоев: “Ҳаммасини қариндошларига айтганман” деб, ўз ҳимояси остидаги кишиларнинг қандай айблов билан Ўзбекистонда тутиб турилганини очиқлашдан ҳам бош тортди.

- Суд бўлгани йўқ ҳали, қарор йўқ. Яқинда бўлиб қолиши керак. Суд санаси ҳақида қўлга олинганларнинг яқинларига хабар қиламан, улар билан гаплашиб турибмиз. Уларнинг қандай сабаб билан ушлаб турилганини яқинларига айтганман, - деди адвокат Убайхон Тожибоев.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мазкур иш вазирлик ва Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси назорати остида турибди. Ўзбекистон томони қирғизистонлик уч фуқаро мамлакат ҳудудига ноқонуний юк олиб киргани учун ушланганини айтган, бироқ маҳкаманинг нима сабабдан бир неча марта кўчирилганига изоҳ бермаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, шу йилнинг апрелигача бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 81 нафар қирғизистонлик қамоқ жазосини ўтаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG