Линклар

logo-print

Бугун Ўш адабий муҳити дарғаларидан бири, устоз шоир Муғанний (Ғанижон Холматов) 66 ёшида вафот этди. Шоир узун йиллардан бери қанд хасталигидан азият чекиб келган.


Муғаннийнинг шогирдларидан бири шоир Даврон Ҳотам устози билан сўнгги учрашуви Ўшдаги ижодкорларнинг “Илҳом” клубида бўлиб ўтганини, ҳолсизлигига қарамасдан, Ғанижон ака у ерга келишни канда қилмаганини айтади.

- Шундай инсонлар бўларканки, улар жисмонан ночорлашгани билан гапдаги, фикрдаги салобат доим инсонни бақувватдай қилиб кўрсатаркан. Биз охирги марта гаплашганимизда ҳам қанчалик бетоблиги билинмасин, нимагадир хаёлимизда домла барибир кучлидек сезиларди менга. Қулоғи ночор эди домланинг, кўзлари хиралашиб қолганди, лекин бугунги кунни жуда чиройли таҳлил қила олаётганди охирги кунлари ҳам. Сиёсат ёки адабиёт ҳақида ҳам жуда тиниқ ва сарбаст фикрларни билдираётган эди домла. Шунинг учун ҳам худди йўқотмайдигандек, худди домла ҳали жуда бақувватдек туюларди назаримда, - дейди Даврон Ҳотам.

Ғанижон Холматов 1949 йил 5 февралида Ўшда таваллуд топганди. 1966 йили ўрта мактабни битиргач, у А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга кирган.

Олийгоҳ таҳсилидан сўнг Ғанижон ака 1970 йили Бобур номидаги Ўш ўзбек мусиқали драма театрига ишга кирган ва 2007 йилгача бу даргоҳда актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган. Бу орада ўрта мактабларда ўқитувчилик билан ҳам шуғулланган, тўгаракларга раҳбарлик қилган.

Муғанний қарийб 40 йил мобайнида қирғизистонлик ўзбек қаламкашларининг “Илҳом” клубида доим пешқадам ижодкор, устоз шоир сифатида шогирдларига ўрнак бўлиб келди.

Муғаннийнинг “Суянганим тор бўлди”, 2 китобдан иборат “Юз пора дил”, “Сен кетдинг аста-аста”, “Қазо дарслари” каби китоблари ёруғ кўрган. Шоир “Юз пора дил”нинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи китоблари, 500 ғазални жамлаган “Арузий армонлар” номли девон, “Руҳнинг кўз ёшлари”, “Қазо дарслари”нинг иккинчи жилдини нашрга тайёрлаб қўйганди. Шунингдек, унинг “Куйдан куёв кутган қиз” деган қўшиқлар тўплами ҳам чоп этиш учун тайёр эди.

Муғаннийни аксарият қўшиқчи шоир сифатида биларди. Шоир шеърларига басталанган қўшиқларни Шерали Жўраев, Расулжон Ураимжонов, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Муҳаммадкарим Соипов, Ҳамидулло Матхолиқов, Дилором Соипова каби таниқли хонандалар ижро этганлар. Бироқ шоир ижтимоий лирикада ҳам замонанинг илғорларидан бири эди.

Тангрига арз этгали, золимни қарз этгали,
Диндор дўстим ўтирган зиндонини излайди.

Золим шоҳни куйлаган, муздига пул чийлаган –
Шоир оғам йўқолган иймонини излайди...
каби ва бошқа юзлаб мисралар бунга мисол бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда Муғаннийнинг ғазалларида, тўртликларда сўфиёна (орифона ва ошиқона) оҳанглар кучайиб бораётганди. Шоирнинг бевосита “Раббим” хитоби билан бошланадиган 500 дан зиёд тўртлик ёзгани маълум.

РАББИМ!
“Мазоринг кўчди” деб суюнтир,
Шафоат либосин кийинтир,
Карбало даштига қўнибмиз,
Шаҳидлар қонига ивинтир...


Ва ё

РАББИМ!
Қувғинлик даври битди,
Банданг ҳурликка етди.
Ерости йўлларидан
Ватанга жўнаб кетди...
каби тўртликлари шулар жумласидандир.

Шоир Муғаннийнинг жанозаси 9 июнь куни эрталаб соат 8 да ўқилиши, сўнгра Ўшдаги Жийдалик қабристонида тупроққа берилиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG