Линклар

Марҳаматда савдо мажмуасида чиққан ёнғиндан Beeline антеннаси қулаб тушди


Андижоннинг Марҳамат туманидаги ательеда ёнғин. WhatsAppдан йўлланган сурат.

Андижоннинг Марҳамат туманидаги ательеда ёнғин. WhatsAppдан йўлланган сурат.

Андижон вилояти Марҳамат тумани марказида маҳаллий хусусий тадбиркорга қарашли 3 қаватли бино ёниб кетди. Озодликка маълум бўлишича, бинонинг 2 ва 3 қаватидаги тикувчилик цехлари ҳамда савдо шохобчалари билан бирга томга ўрнатилган Beeline антеннаси ҳам қисман ёниб, қулаб тушган. Жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.


Андижон вилояти Марҳамат тумани марказидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўконлари жойлашган 3 қаватли бино ёниб кетиши оқибатида, унинг томига ўрнатилган Beeline уяли алоқа компаниясига қарашли антенна қулаб тушган.

Ҳодиса натижасида жароҳатланганлар ёки қурбон бўлганлар ҳақида ҳозирча Озодликда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Озодликка хабар йўллаган манбанинг ёзишича, "ёнғин жуда катта бўлган" ва "бинодаги чевар қизлар ёнғинга сабабчи бўлишган".
WhatsApp орқали йўлланган бу хабарга сурат ҳам илова қилинди.

Унда учинчи қавати лов-лов ёнаётган олов ва қуюқ қора тутун орасида қолган бино ҳамда унинг томига ўрнатилган, тахминан 10 метрдан узунроқ антенна акс этган.

Мухбирнинг фотохабар ортидан аниқлашича, ёнғин ўтган ҳафтда чоршанба куни содир бўлган ва ёнган бино халқ орасида "Латвия универмаги" деб аталади.

- Шу бинода ишлайдиган чевар қизлар дазмолни токка улаган бўйича, эсидан чиқариб қолдириб кетишибди, деб эшитдим. Кечки пайт соат 5 ларда ёнғин чиққан. 3-4 соат деганда зўрға ўчиришган. Марҳаматлик ўт ўчирувчиларга Асакадан келиб ёрдам беришган. Лекин жароҳатланганлар ҳақида мен эшитмадим, одамлар вақтида билиб қолишибди, чамамда, - деди марҳаматлик тингловчи Маҳмуджон ака.

Ёнғинда бино томига ўрнатилган Beeline уяли алоқа компаниясига қарашли антенна ҳам қулаб тушган.

- Шу бино томига ўрнатилган эди, кўриниб турар эди атрофдан. Қулаб тушибди ўша куни. Менинг ўғилларим ҳаммаси Beelineда эди, 3 кунча гаплашолмай қийналиб юрдик. Ҳозир яна алоқа тикланиб қолди, - дейди суҳбатдош.

Ҳозирча Beeline уяли алоқа операторининг ҳудудий ва марказий бошқарув идораларидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Марҳамат марказидаги йирик бинода ёнғин бўлгани ва ёнғин боис, бир неча кун телефон алоқаси ҳам ёмонлашганини тасдиқлаган туман ИИБ навбатчиси ҳозирча ёнғинга сабабчи бўлган "чевар қизларга милиция чора кўрилаётгани" ҳақида Озодликка келган норасмий маълумотларни инкор қилди.

Ёнғин тафсилотларидан бохабар марҳаматлик тингловчига кўра, ёниб кетган бино марҳаматлик хусусий тадбиркорлардан бирига қарашлидир.

- Бу бино ўзи бир хусусий тадбиркорга тегишли эди. Совет замонида 2 қаватли "Латвия универмаги" бўлган. Кейин хусусийлаштириш пайтида маҳаллий Ҳамидулло ака, деган тадбиркор сотиб олиб, савдо маркази қилиб қўйган эди. 1-қаватида сотовий телефон сотадиган, тилла тақинчоқлар сотадиган, бошқа хил дўконлар бор эди. Иккинчи, учинчи қаватларида тикувчилик, тўй кўйлаклар, парда сотадиган, шунга ўхшаш аёллар ишлайдиган ишхоналар эди, - дейди Марҳамат туманида истиқомат қиладиган Маҳмуджон ака.

Озодлик ўз муштарийлари билан WhatsApp ва бошқа ижтимоий тармоқлари орқали алоқа ўрнатганидан буён республиканинг турли бурчида бўлаётган катта-кичик ёнғинлар ҳақида кўплаб видео ва фотохабарлар кела бошлади.

Ана шундай хабарлардан сўнгги иккисидан бирига кўра, 5 июнь куни Оҳангарондаги машҳур Темур ота чойхонасида ёнғин содир бўлиб, чойхонанинг бир қисми ёниб кул бўлган.

26 май куни эса Жиззах вилоятининг Пахтакор туман деҳқон бозори ёнидаги дўконлар жойлашган икки қаватли бино ёниб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG