Линклар

logo-print

Карачи аэропортига ҳужум қилганларнинг аксари ўзбеклар бўлгани тахмин қилинмоқда


Карачи аэропортига ҳужум қилганлар орасида ўзбеклар ҳам бор.

Карачи аэропортига ҳужум қилганлар орасида ўзбеклар ҳам бор.

Покистондаги Толибон ҳаракати мамлакатдаги энг гавжум аэропортга уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. 8 июнь куни рўй берган ҳужумда 28 киши ҳалок бўлди. Покистон ҳарбийлари ҳужум қилган 10 жангари орасида ўзбеклар ҳам бўлганини айтмоқда.



Автомат, граната ва ракеталар билан қуролланган жангарилар Карачи халқаро аэропортига якшанба куни маҳаллий вақт билан кечаси 11.30лар атрофида бостириб кирди.

Озодликнинг Покистон хизмати мухбири Қосимхоннинг айтишича, халқаро аэропорт биносига иккита эшикдан бостириб кирган ҳужумчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги жанг беш соатдан ортиқ давом этган ва натижада камида 28 киши ҳалок бўлган.

- Жангарилар билан ҳисоблаганда ҳалок бўлганлар жами 28 кишини ташкил қилди. Жангарилар 10 киши бўлган, уларнинг ҳаммаси ўлдирилди. Улардан ташқари яна 18 киши, жумладан хавфсизлик кучлари ва халқаро аэропортнинг ходимлари ўлдирилди, дейди ҳамкасбимиз.

Қосимхон расмийлар Карачи аэропортига ҳужум қилган 10 жангарининг аксари ўзбеклар бўлгани тасдиқлаганини айтади ва асли ўзбекистонлик жангарилар Покистондаги йирик аэропортларга илк бор ҳужум қилаётгани йўқ, дея эслатади.

- Расмийлар ҳужумчиларнинг аксари ўзбеклар бўлганини айтмоқда. Баъзилар хорижликлар, демоқда, баъзилар ўзбеклар демоқда. Ўзбек жангарилар бундай ҳужумларда биринчи марта қатнашаётгани йўқ. Эсингизда бўлса, 2012 йил декабрида Хайбар Паштунгхва пойтахти ҳисобланган Пешовар шаҳридаги Бачахан аэропортига жангарилар ҳужум уюштирган эди. Ўша жангариларнинг ҳам аксари ўзбеклар эди. Шунинг учун бу ҳужумни ҳам ўзбеклар амалга оширгани эҳтимоли юқори, дейди покистонлик журналист.



Ҳодисада яна 26 киши жароҳатланди.

Хабарларга кўра, ҳужум қилганларнинг баъзилари хавфсизлик ходимлари кийимида бўлган. Баъзилари худкуш камзулларини кийиб олган бўлган.

Озодлик билан телефон орқали боғланган Покистондаги Толибон ҳаракати вакили ҳужум ўтган йили АҚШ дрони ёрдамида Таҳрики Толибон Покистон ҳаракати етакчиси Ҳикматулло Масъуднинг ўлдирилганига жавобан уюштирилганини билдирди.

Покистонлик ҳамкасбимизнинг айтишича, Афғонистон ва Покистондаги Толибон ҳаракатларига дахлдор бўлган жангари гуруҳлар орасида ўзбекларга оид гуруҳлар бор.

Лекин ҳозирча, якшанба куни Карачи аэропортига ҳужум қилганларнинг ўзбек эканини тасдиқлаш учун ўтказилиши айтилган ДНК текшируви натижалари эълон қилингани йўқ.

Бундан ташқари, исломий жангари гуруҳлар бўйича мутахассисларнинг айтишларича, Толибон гуруҳининг ўзи бундай мураккаб диверсияни амалга ошира олиши эҳтимолдан йироқдир ва шу сабабдан ҳужумни тайёрлашда Ал-Қойда террор тармоғи иштирок этган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG