Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:32

Шоир Муғанний сўнг манзилга кузатилди


Марҳум шоир Муғанний.
Марҳум шоир Муғанний.

Муғанний тахаллуси билан ижод қилган ўшлик устоз шоир Ғанижон Холматов 9 июнь куни туғилиб ўсган ҳовлиси яқинидаги “Ортишлик” қабристонига дафн этилди.

Муғанний домла оғир хасталик сабабли 8 июн куни вафот этган эди. Унинг жаноза маросимида таниқли диндорлар, сиёсатчилар, шоирнинг дўстлари, қариндошлари ва юзлаб мухлислари иштирок этишди.

Муғанний билан болаликдан бирга улғайган ўшлик таниқли бастакор Зокиржон Шокиров шоирнинг вафоти нафақат дўстлари, балки бутун ўзбек халқи учун ҳам жуда катта йўқотиш бўлганини айтди. Унинг фикрича, Муғаннийни замонамизнинг мумтоз шоири дейиш мумкин эди.

- Режиссёрликни яхши кўргани учун биз билан бирга Тошкентда Театр ва рассомчилик институтида ўқиган. Ўша ерни тамомлади. Ўқишни тамомлагач, театримизда режиссёр бўлиб ишлаб, яхши-яхши спектаклларни қўйди. Лекин ёшлигидан шеър ёзишни яхши кўрарди. Биз билан танишганида 10 ёшда бўлса керак эди, ўша вақтдан бери шеър ёзар эди ўзи. Бундан ташқари, сиёсатни ҳам тўғри тушунадиган, давлат сиёсатини, ҳаёт сиёсатини - ҳаммасини тўғри тушунувчи, ўзининг зарарига бўлса ҳам ҳақиқатгўй одам эди, - деди Зокиржон Шокиров.
Шоир Муғаннийнинг дафн маросими, Ўш, 2014 йилнинг 9 июни.
Шоир Муғаннийнинг дафн маросими, Ўш, 2014 йилнинг 9 июни.
65 ёшида боқий дунёга кўчган Муғаннийнинг ҳаётлик чоғида “Суянганим тор бўлди”, “Юз пора дил”, “Сен кетдинг аста-аста”, “Қазо дарслари” каби китоблари ёруғ кўрган. Шоирдан яна унинг ўзи тартиб берган, аммо чоп қилинмаган 6 китоб ёдгор бўлиб қолди.

Муғаннийни аксарият қўшиқчи шоир сифатида биларди. Шоир шеърларига басталанган қўшиқларни Шерали Жўраев, Расулжон Ураимжонов, Муҳриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Муҳаммадкарим Соипов, Ҳамидулло Матхолиқов, Дилором Соипова каби таниқли хонандалар ижро этганлар.

Ҳофиз Расулжон Ураимжонов шоирнинг 15 га яқин шеърини қўшиқ қилиб куйлаган. Ғанижон акани болаликдан таниган ҳофиз Муғанний шеърига басталанган сўнгги қўшиғини шоирнинг ўзи эшитолмай кетганини айтади.

- Ўзи эшитолмай кетди мендан. Бир даврлар бўлдики, аёллар пул ишлагани четга кетган давр бўлди. Ўша даврда бу ишларга нисбатан ёзилган шеър эди. Кейин буни қўшиқ қилдик. Шуни ҳозир бир куплетини озгина бўлса ҳам айтиб бераман:

Беклар билан кетдилар “жоним”, “бегим” деганлар,
Бағримни қон этдилар “жоним”, “бегим” деганлар,
Бахримиздан ўтдилар “жоним”, “бегим” деганлар
Ёт айвонда ётдилар “жоним”, “бегим” деганлар.

Ҳофиз Расулжон ака шоир дўстининг сўнгги пайтларда илоҳий ишқ мавзусида шеърлар ёзишга ҳам майли кучайганини, ғазалларида Оллоҳга бўлган муҳаббатни васф қилганини айтади.

Қирғизистонлик тадқиқотчи олим Бегижон Аҳмедов фикрича, беғараз маслаҳатгўй бўлган устоз Ғанижон Холматовнинг ўлими Қирғизистондагигина эмас, балки бутун Марказий Осиёдаги қалам аҳли учун катта йўқотиш бўлган:

- Мутафаккир, ўткир таҳлилий ақл соҳибидан, истеъдодли санъаткордан маҳрум бўлдик. Муғанний домла Ўш диёрида таваллуд топган Сирожиддин Ал-Ўший, ҳазрат Салоҳиддин Соқиб, Маҳжурий домлалар даражасига етган шоир эдилар. Минг афсусларким, Ғанижон Холматовдек истеъдодли актёр ва режиссёрнинг Ўш театридан бемаврид четлатилиши Бобур театри шуҳратига путур етказди, жамоатчилик ва халқимиз орасида турли фикрларни пайдо қилди. Ишсиз қолган санъаткор эса оғир дард гирдобига чўкди. Тоғнинг буюклиги узоқдан билинганидек, қандай арбобдан ажраганимизни вақт ўтган сайин англасак керак, - деди Бегижон Аҳмедов.
XS
SM
MD
LG