Линклар

logo-print

Россияда муҳожирлар учун янги тест тизими жорий қилинмоқда


Ҳозирча меҳнат муҳожирлари рус тилидан олинадиган имтиҳонлар учун 3 минг рубльдан ҳақ тўлайди.

Ҳозирча меҳнат муҳожирлари рус тилидан олинадиган имтиҳонлар учун 3 минг рубльдан ҳақ тўлайди.

Москвадаги Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН)да меҳнат муҳожирлари рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича топшириши кўзланаётган тестлар тақдимоти бўлиб ўтди. Мутахассислар 2015 йилнинг 1 январидан жорий қилинадиган тестлар оддий муҳожирлар учун мураккаб тузилганига ва келажакда коррупциянинг яна бир кўриниши – “сертификат савдоси”ни юзага келтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.



Ўтган ҳафта давомида Россия Халқлар дўстлиги университети (РУДН)да ўтказилган илмий анжуманда маҳаллий Тест маркази мутахассислари томонидан уч йўналиш – тарих, рус тили ва Россия қонунчилиги бўйича мамлакатда ишга рухсат олиш истагида бўлган муҳожирлар учун янги тестлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Бу тестлар “хорижликларнинг Россия жамиятига ижтимоий-маданий адаптацияси ва интеграцияси” масалаларини ҳал этишга қаратилган анжуманнинг асосий мақсадларидан деб белгиланди.

Анжуманда иштирок этган Рус тили ва маданияти маркази раҳбари Мария Финашина, Озодлик билан суҳбатда, илгари ишга рухсатнома олиш учун меҳнат муҳожирлари фақатгина рус тилидан имтиҳон топширгани, янги қоидаларга кўра эса яна иккита фан қўшилганини гапиради.

- РУДНда уюштирилган илмий анжуманда имтиҳон топшириш шакли ўзгараётгани, яъни рус тилидан топширилаётган имтиҳонга тарих ва қонунчиликдан янги саволлар қўшилгани расман эълон қилинди. Демак, имтиҳонлар ва саволлар сони ҳам кўпайди. Аммо ҳозирча юқоридан биз, имтиҳон олувчиларга, меҳнат муҳожирлари учун имтиҳон топширишнинг янги тартиблари юборилгани йўқ. Билишимча, бу тестларнинг чаласини тўлдириб охиригача етказиш учун вақт керак. Ҳар ҳолда, тестлар келгуси йилнинг 1 январидан жорий қилинади – вақт бор,- дейди тест маркази раҳбари Мария Финашина.

Ҳозирда Россия тест марказларида рус тилидан олинаётган имтиҳонлар 5 қисмдан иборат экани маълум: лексика, грамматика, ўқиш, ёзиш, аудиоимтиҳон ва суҳбат. Финашина тарих ва Россия қонунчилигига доир қўшимча киритилажак саволлар ҳам шу шаклда олинишини айтади.

Мутахассис ҳозирча тест маркази рус тилидан 2 йилдан буён ўтказилаётган имтиҳонлар учун муҳожирлардан 3 минг рубль олинаётганини билдирди. “Рус тилини ўртача биладиганлар учун саволларимиз мураккаб эмас”, дейди у.

Мария Финашина бу соҳада сўнгги йилларда киритилаётган кўплаб ўзгартишлар иш берувчи ва меҳнат муҳожирларида сертификатларга бўлган талабни ҳам пасайтириб юбормоқда, дейди.

- Апрель ойида 10 кишича келган эди, май оийда мутлақо ҳеч ким келмади имтиҳонга. Чунки фикримча, бу миграция соҳасидаги киритилаётган кўплаб ўзгартишлар билан боғлиқ. Одамлар бошқа йўлларни қидирмоқда, сертификатларни қўлдан сотиб олмоқда. Айрим ҳолларда эса биз имтиҳон топширгани келган муҳожирларни ўзимиз ортга қайтариб юбораяпмиз, уларнинг пулини ва ўз вақтимизни тежаш учун: ҳарф танимайдиганлардан имтиҳон олиш на ҳожат?!- дейди Рус тили ва маданияти маркази раҳбари Мария Финашина.

Финашина тестлар Россияда ишлаётган тўртта тест марказида ишлаб чиқилиб, имтиҳон олувчи марказларга юборилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Экспертлар: "Сертификатлар савдоси" авж олиши мумкин

РУДН илмий анжуманида эълон қилинган тест намуналари соҳа экспертларининг жиддий танқидига ҳам учради.

“Иван Грозний давридаги асосий ҳодисаларни санаб ўтинг”, “рус, украин ва беларусларнинг аждод қабилалари қайси”, “қайси россиялик олим 2000 йилда физика бўйича Нобел мукофоти лауреати деб эълон қилинди”, “ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвоси юзасидан берилган ҳимоя муддати нима деб аталади” ва бошқа шу каби саволларга жавоб берган муҳожиргина Россияда меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Кузатувчиларни қандай қилиб, Россия тарихи ва қонунчилигини ўрганмаган муҳожир тақдим этилаётган саволларга жавоб бера олиши мумкинлиги қизиқтирмоқда. “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина мигрантларнинг Россия жамиятига интеграциялашувига қаратилган тестлар тескари натижа – “сертификатлар савдоси”га айланиб кетишидан огоҳлантирди. Ҳуқуқ фаоли қонун кучга кирмасдан аллақачон сертификатлар савдоси авж олганини айтади.

Эслатиб ўтамиз, меҳнат муҳожирларини имтиҳон қилиш тўғрисидаги қонун жорий йилнинг 21 апрелида президент Владимир Путин томонидан имзоланди. Қонунга мувофиқ, Россияда ишлаш, патент олиш, вақтинчалик яшаш рухсатини берувчи сертификатга эга бўлиш учун мигрант рус тили, тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича оғзаки ва ёзма шаклда имтиҳондан ўтиши лозим.

Олинган сертификатнинг амал қилиш муддати 5 йил этиб белгиланди. Қонуннинг ўзи эса 2015 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Айни пайтда, Россия Федерал миграция хизмати келаси йили Россия 2 миллиондан 5 миллионгача меҳнат муҳожирини расман қабул қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлилар сони 8 миллионгача одамни ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG