Линклар

logo-print

Ўш: Миллатлараро муносабат яхшиланаяпти, бироқ яралар битмаган


Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган миллатлараро тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган.

Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган миллатлараро тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган.

Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеаларга бугун 4 йил тўлди. Озодлик билан суҳбатда бўлган ўшликлар шу кунда миллатлараро муносабатлар аввалги йилларга нисбатан анча яхшиланганини, кўча-кўйда миллий низо кузатилмай қўйганини айтмоқдалар. Бироқ яқинларидан ажраган ўшликларнинг қалбларидаги жароҳат битмаган.

Ўшлик Эътиборхон Қорабоеванинг ўғиллари - 1985 йил туғилган Абдунаби ва 1989 йилда туғилган Абдулазиз Қорабоевлар машъум июнь воқеалари чоғида Сулаймон тоғи этагида жойлашган Бўркашлик маҳалласидаги ўз уйи ёнида снайпер ўқидан ҳалок бўлган.

- 2010 йил 12 июнида икки боламдан айрилдим. Мен кетдим. Клуб қишлоғида эдим. 3 соатдан кейин боламни ўлди, деб боришди. Катта ўғлимни ўлди, деб боришди. Кечки маҳалга бориб, кичик ўғлим ўлди, - дейди ўшлик Эътиборхон Қорабоева.

Эътиборхон опанинг кичик ўғли Абдулазиз Қорабоев ўша пайтларда қўшни Ўзбекистонга олиб кетилган ва Хўжабод клиникасида жон таслим қилган. Унинг жасади яқинларига қайтарилмаган ва ўша ердаги собиқ “Қароқчи”, ҳозирги “Эгамбердиобод” қабристонига қўйилган. Катта ўғли Абдунаби эса ўзбек-қирғиз чегараси яқинидаги “Шаҳидлар” қабристонига кўмилган.

Суҳбатдошимиз ўтган вақт мобайнида ўғилларининг қотилларини топиш ишлари самарасиз бермаганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтади:

- Болаларимиз нима сабабдан ўлиб кетди? Нимага ўртада қирғизлар билан ўзбекларни ёмон муносабатда қилиб қўйишди? Буларнинг тагига ета олмаяпман. Тушунмаяпман ҳам нима сабабдан бу тўполонлар бўлганига. Маҳалладаги уйлар вайрона бўлиб, куйиб кетди, қанча-қанча қонлар тўкилди, гўдаклар ўлди.

Озодлик: Излашдан чарчадингизми ёки куч-қувват қолмадими?

- Куч-қувватим қолмади. Машинани куйдириб юборишган. Ўшанда боламнинг ўлигини олиб қолишган. Машинани ким ёқиб юборганини билмайману, болам қўшилиб ёниб кетмаганига суюнаман. Акс ҳолда, мурдасини ҳам кўрмай қолардим, дейман. Кичик ўғлимнинг мурдасини кўрмадим-ку.

Озодлик: Бугун ўзингизнинг ҳаётингизда ўзгариш бўлдими? Тикланиш, ҳаётга яхши кўз билан боқиш каби?

- Ҳаётга яхши кўз билан қаролмаяпман. Соғлигим борган сайин ёмонлашаяпти. Қачон қараса, болаларим кўз олдимда туради. Қабристонни қайтадан очган ерларни кўрсам, ҳозиргача юрагим ёмон бўлади. Ҳам ўлдирилди, камига ишонмай, 3 ойу 3 кунда қабрини очишди. “Ростми бу, ёлғонми?” деб очишди, - дейди Эътиборхон Қорабоева.

Ўш воқеаларидан сўнг жигаргўшасини йўқотган кишиларнинг деярли барчасини: “Фожеа айбдорлари, ижрочилари нега шу кунгача жазоланмади, қотиллар топилмади?” деган бир хил савол ўйлантиради.

Июнь воқеалари чоғида ёлғиз ўғли Алмаз Асқаровдан ажраган Дилбар Кўчкўнова ўғлининг қотиллари муносиб жазо олмагунича сўнгги нафасига қадар курашмоқчи. Унинг ўғли фожеадан бир неча ой аввал Ўшга ишлагани келган. Июнь воқеаси чоғида нобуд бўлган бу йигитнинг жасади бир йилдан кейингина топилган. Ҳозир Алмазни ўлдирганликда 5 одам гумонланмоқда. Бироқ ўтган 4 йил мобайнида бу иш бўйича 74 маротаба суд бўлганига қарамай, ҳали натижа чиқмаган. Фарзанд доғига чидай олмаган Дилбар Кўчкўнова шу кунда касалманд бўлиб қолган. Ҳозирда аранг юрган она тез-тез шифохонада даволаниб туради.

Суҳбатдошимиз қирғиз ва ўзбек халқларини бир-бирига душман қилган, бегуноҳ болалар, аёллар, қариялар дохил 500 га яқин одамнинг умрига зомин бўлган Ўш воқеаларида, энг аввало, қирғиз расмийлари ва уларга кўмаклашган ўзбек етакчилари айбдор, деб ҳисоблайди:

- Мен очиқчасига айтаман: Қирғизистон бўйича тўполонга 5 одам энг катта айбдор. Булар Алмазбек Атамбаев, Роза Ўтунбаева, Текебаев, Темир Сариев, Бекназаровлар айбдор. Шулар президент бўлиш учун, амалга эришиш учун, эплаб Бакиевни қочириб, ҳокимиятни қўлга олиш учун шу ўйинни чиқарган. Ўзбеклардан ҳам 5 киши бўлган. Қодиржон Ботиров, Каромат Абдуллаева, Салоҳиддинов, Иномжонлар. Ўзбеклардан ҳам, қирғизлардан ҳам 4 эркак бир аёл. Шу 10 киши ўйин чиқарган, - дейди Дилбар Кўчкўнова.

Айни кунларда Ўшда аввалги йилларга нисбатан тинчлик ҳукм сурмоқда. Бозор, автобекат, олийгоҳлар, касалхоналар каби жамоатчилик жойларида икки миллат вакиллари бир-бирига нисбатан ёвқарашсиз муносабатда бўлаётганини кўриш мумкин. Маҳаллий расмийлар томонидан ҳам ўзбек ва қирғизлар истиқомат қилувчи ҳудудларда дўстлик учрашувлари ўтказилаяпти.

Июнь воқеаларига 4 йил тўлиши арафасида Қирғизистон жанубида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, шу йилнинг 5 июнидан милиция ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари кучайтирилган тартибда ишлашга ўтган. Улар асосан Ўш, Жалолобод шаҳарлари, Қорасув, Сузоқ ва Бозорқўрғон туманларида жамоатчилик тартибини сақлаш бўйича турли ишлар олиб бормоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакилларидир.

Ўш воқеалари юзасидан ўтаётган маҳкамаларининг баъзилари шу кунгача давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG