Линклар

Қирғизистон Катта Наманган каналини вақтинча беркитишидан огоҳлантирди


Қирғизистон ҳукумати Катта Наманган каналидаги сувни вақтинча беркитиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Душанба куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев канал бошидаги гидротехник иншоот анча эскиргани ва уни таъмирлаш учун сув оқими вақтинча тўхтатилиши мумкинлигини айтди.

Қирғиз расмийларининг таъкидича, Катта Наманган каналидан секундига 35 куб метр сув оқиб ўтади. Шундан 30 куб метри Ўзбекистонга оқади. Аслида каналнинг сув сиғими секундига 62 куб метрни ташкил қилади.

Бу канал ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган ва умумий узунлиги 135 километрдир. Канал Қирғизистондаги Норин дарёсидан бошланади ва Ўзбекистонда Сирдарёга уланади.

Наманган каналидан Фарғона водийсининг аҳолиси зич бўлган қурғоқчил қисмидаги 50 минг гектар майдон суғорилади. Бу канал Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмидаги қишлоқ хўжалиги секторини сув билан таъминловчи асосий манбадир.

Айни суғориш мавусимида канални вақтинча ёпиш эҳтимолидан огоҳлантираётган Қирғизистон расмийлари сув қанвақт берилмаслиги мумкинлиги ҳақида гапирмади.
XS
SM
MD
LG