Линклар

Покистондаги Таҳрики Толибон гуруҳи яна Карачи аэропортига ҳужум уюштирди


10 июнь куни икки қуролланган шахс Карачи аэропорти қўриқчиларини ўққа тутди. Натижада, аэропорт хавфсизлик кучлари 5 ходими қурбон бўлгани айтилмоқда. Покистондаги Таҳрики Толибон гуруҳи бу ҳужум учун ҳам масъулиятни зиммасига олди. 8 июнь куни айни аэропортга ҳужум қилган жангарилар орасида ўзбеклар борлиги айтилган эди.


10 июнь куни Покистоннинг гавжум бўлган Карачи аэропорти хавфсизлик хизматига қарашли бинога кириб борган 2 қуролли шахс у ердаги ходимларни ўққа тутди.

Аэропорт хавфсизлик хизмати матбуот котибининг маълум қилишича, мотоциклларда кириб борган жангарилар ҳарбийлар қарши ҳужумга ўтгач, қочишга муваффақ бўлган.

Аэропорт расмийлари талофатлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бергани йўқ. Аммо, кутилмаган бу террор ҳужуми натижасида аэропортнинг беш ходими қурбон бўлгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Покистондаги Таҳрики Толибон гуруҳи 10 июнь кунги ҳужум учун масъулиятни ҳам ўз зиммасига олди.

Бунга қадар 8 июнь куни айни аэропортга ҳужум уюштирилган ва натижада 35 киши, шу жумладан 10 жангари ўлдирилган эди. Расмийлар ҳужумчи жанггариларнинг аксар қисмини ўзбек миллатига мансуб шахслар ташкил қилиши ҳақида баёнот берган.

Автомат, граната ва ракеталар билан қуролланган жангарилар Карачи халқаро аэропортига якшанба куни маҳаллий вақт билан кечаси 11:30 лар атрофида бостириб кирган.

Озодликнинг Покистон хизмати мухбири Қосимхоннинг айтишича, халқаро аэропорт биносига иккита эшикдан бостириб кирган ҳужумчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги жанг беш соатдан ортиқ давом этган.

- Расмийлар ҳужумчиларнинг аксари ўзбеклар бўлганини айтмоқда. Баъзилар хорижликлар, демоқда, баъзилар ўзбеклар демоқда. Ўзбек жангарилар бундай ҳужумларда биринчи марта қатнашаётгани йўқ. Эсингизда бўлса, 2012 йил декабрида Хайбар Паштунгхва пойтахти ҳисобланган Пешовар шаҳридаги Бачахан аэропортига жангарилар ҳужум уюштирган эди. Ўша жангариларнинг ҳам аксари ўзбеклар эди. Шунинг учун бу ҳужумни ҳам ўзбеклар амалга оширгани эҳтимоли юқори, - дейди покистонлик журналист.

Озодлик билан телефон орқали боғланган Покистондаги Толибон ҳаракати вакили ҳужум ўтган йили АҚШ дрони ёрдамида Таҳрики Толибон Покистон ҳаракати етакчиси Ҳикматулло Масъуднинг ўлдирилганига жавобан уюштирилганини билдирган.

Покистонлик журналистларнинг айтишича, Афғонистон ва Покистондаги Толибон ҳаракатларига дахлдор бўлган жангарилар орасида ўзбеклар гуруҳлари бор.

Лекин ҳозирча, якшанба куни Карачи аэропортига ҳужум қилганларнинг ўзбек эканини тасдиқлаш учун ўтказилиши айтилган ДНК текшируви натижалари эълон қилингани йўқ.

Бундан ташқари, исломий жангари гуруҳлар бўйича мутахассисларнинг айтишларича, Толибон гуруҳининг ўзи бундай мураккаб диверсияни амалга ошира олиши эҳтимолдан йироқдир ва шу сабабдан ҳужумни тайёрлашда Ал-Қойда террор тармоғи иштирок этган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG