Линклар

Ироқнинг Мосул шаҳридаги ҳукумат бинолари ва шаҳар полицияси ҳамда хавфсизлик кучларига қарашли идоралар жангарилар томонидан ишғол қилинди. Натижада, шаҳардаги хавфсизлик кучлари бир қисми ўз хизмат жойини тарк этишга мажбур бўлди. Расмий хабарларда ҳужумчилар "Ироқ ва Шом ислом давлати" террор гуруҳи жангарилари экани айтилмоқда. Унинг таркибида ўзбек жангарилари гуруҳлари ҳам бор.


10 июнь куни Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Мосул шаҳрининг ҳукумат бинолари ва бошқарув аппаратига доир бошқа муҳим идораларни жангарилар эгаллаб олди.

Бу шаҳар муқаддам "Ал-Қоида"нинг маҳаллий тармоғи макони эди ва сўнгги кунларда шаҳарда қаттиқ жанглар бораётган эди.

Сешанба куни қўли баланд келган қуролли жангарилар ҳукумат биноларини олгач, қисқа фурсатда полиция ҳамда хавфсизлик кучлари ходимлари идораларини ҳам бир-бир эгаллаб олди. Натижада, шаҳарни қўриқлаётган ҳарбийлари ўз позицияси бир қисмидан чекинишга мажбур бўлди.

Мосулдаги жангларни кузатаётган журналистлар ва маҳаллий аҳолидан олинаётган маълумотларга кўра, ҳужумчилар "Ироқ ва Шом ислом давлати" террор гуруҳи жангарилари экани эҳтимоли каттадир.

Бу террорчи гуруҳнинг "Ал-Қоида"га алоқадор экани ва Ироқдаги қатор ҳужумларни уюштиргани қайд этилган.

Айни пайтда бу гуруҳнинг Сурияда амалдаги президент Башар Ассадни ҳокимиятдан олиш учун курашаётган исёнчиларни қувватлаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Мосулликларнинг айтишича, шаҳар бошқарув аппаратини эгаллаб олган жангарилар қўлларида "Ироқ ва Шом ислом давлати", "Ал-Қоида" ва бошқа террор гуруҳлари ишлатадиган - Ислом дини рамзлари туширилган қора байроқлар кўринган.

Шаҳар бошқарувини қўлга киритган қуролли шахслар сўнгги кунлар ичида ҳибсга олинган ва полиция биноларида сақланаётган сафдошларини дарҳол озод қилгани ҳам хабар қилинди.

Мосул ва унинг теграсида истиқомат қилаётган аҳоли сешанба куни тонгдан шаҳарни тарк эта бошлади. Исми сир тутилиши шарти билан телефон орқали шаҳардаги вазият ҳақида маълумот бераётган аҳоли вакиллари вазиятдан ваҳимага тушганини айтмоқда.

Айниқса, шаҳарнинг мусулмон бўлмаган аҳолиси тез орада бошига қора кун тушиши мумкинлиги, уларни ҳимоя қилиш керак бўлган полициячи ва армия ҳарбийлари шаҳарни тарк этаётганидан қўрқувда эканини айтмоқда.

Мосул шаҳри жойлашган Ниневаҳ вилояти маъмурияти матбуот вакили Али Маҳмуд шаҳарни эгаллаб олган террорчилар пулемёт ва ракета отувчи қурилмалар билан қуролланганини маълум қилди.

Бу расмийга кўра, ҳужум чоғида шаҳарда бўлган вилоят ҳокими Атил Нужаифий қочишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда "Ироқ ва Шом ислом давлати" жанггарилари Ниневаҳ вилоятига қўшни Анбар вилоятининг Фаллужа ва бошқа шаҳарчаларини ҳам ўз назоратида сақламоқда.

Бу террор гуруҳи таркибида ўзбек жангарилари гуруҳлари ҳам бор. Бироз муқаддам Сурияда жанг қилиб юрган ва ўзининг айни гуруҳига мансуб эканини айтган ўзбекистонлик жиҳодчи Озодликка боғланган эди.

У ердаги жанг ҳаракатлари ва унда иштирок этишдан мақсадини баён қилган жиҳодчи ўзбекистонлик ва Марказий Осиё минтақасидан борган жиҳодчилар кўплиги, уларнинг 200-300 кишилик бир неча гуруҳи Сурия ҳамда минтақанинг бошқа ҳудудларидаги жангларда иштирок этаётганини иддао қилган.

Қуйида бу жиҳодчи Суриядан Озодликка йўллаган видео акс этган.



Озодлик мухбири саволига WhatsApp орқали жавоб берган ва ўзини Абу Усмон Ўзбек, таништирган жиҳодчи "Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳига шундай таъриф берган:

- Бизнинг жамоамиз яъни кичкина исломий давлатча. "Давлати исломия Ироқ ва Шом" дейилади. Абу Бакр Бағдодий бизнинг амиримиз. Ўша биродаримизга алҳамдулиллоҳ биз байъат берганмиз... Биз дунëдаги куфр тузумини хоҳловчиларга уруш очганмиз. Бу ëқдан Америка тоғутлари, Россия тоғутлари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Ассад, Саудия Арабистони тоғутлари дейсизми, барча-барча тоғуту мушрикларга нисбатан биз уруш очганмиз! - деган эди Абу Усмон Ўзбек.

Абу Усмон ўзи тилга олган “Давлати исломий Ироқ ва Шом” номли жамоат ҳақида ҳам ортиқча маълумот бермаган. Бу жамоага раҳбар бўлган Бағдодий исмли шахснинг эса араб экани ҳақидаги маълумот билан чекланган. (Озодлик тасарруфида ўзини Абу Усмон Ўзбек, деб танриштирган суҳбатдош илгари сурган иддаоларни тасдиқловчи далиллар йўқ.)
XS
SM
MD
LG