Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг янги фуқаролари русча фамилия олишга мажбурланмоқда


Озодлик суҳбатлашган расмийлар ўзбекча фамилия биометрик паспорт олишда муаммо яратаётганини айтади.

Озодлик суҳбатлашган расмийлар ўзбекча фамилия биометрик паспорт олишда муаммо яратаётганини айтади.

Ўзбекистондаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари янги туғилган фарзандига ўзбекча фамилия олмоқчи бўлган ота-оналарга туғилганлик гувоҳномаларини бермаяпти. ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг айтишича, фамилияларида –ий, –зода каби қўшимчалар ёки умуман қўшимчаси бўлмаган ёшлар биометрик паспорт олишда муаммоларга дуч келаётгани бунга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Давлат тили тўғрисидаги қонунда белгиланганига қарамасадан, ички ишлар вазирлигидан сабаби номаълум қолаётган бу муаммонинг олдини олишнинг энг осон йўли сифатида чақалоқлар гувоҳномасига русча –ов қўшимчали фамилия ёзиш тўғрисида кўрсатма берилган.



Ўзбекистоннинг янги фуқароларига ўзбекча фамилия олиш муаммо бўлаётгани тўғрисида Озодликка Наманганнинг Тўрақўрғонидан қўнғироқ қилган ёш ота гапириб берди.

Яқинда фарзандлик бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, Тўрақўрғон тумани ички ишлар ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари янги туғилган чақалоққа русча фамилия оласан, деб туриб олган.

- Яқинда биз кўпайишган эдик. Шунга боргандим паспорт столга Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига. Ўша –ов¸ -евсиз олмоқчи эдим русча қўшимчаларсиз. “Бизда –ов¸ -ев қўшимчаларини давлат тасдиқлаган. Шунинг учун биз –ов¸ -евсиз фамилия бера олмаймиз” дейишдида. Мен шунга ҳайрон қолдим. Биз мустақил бўлганмиз. Биз ўзимизнинг ота-боболаримиздан қолган фамилиялар бўйича иш тутсак бўладику. Ўрислар¸ коммунистлар қўйиб кетган фамилиялардан ҳали ҳам чиқишнинг иложи бўлмаяптида,- дейди ёш ота.

Тўрақўрғон тумани ФҲДЁ бўлими мудири тингловчимизнинг гапларини тасдиқлади ва Озодлик аввал ҳам ёритган муаммо бугунга келиб, жиддий тус олаётганини билдирди.

Исмини келтирмаётганимиз расмийнинг айтишича, чақалоқларга ўзбекча фамилия берилмаётгани сабаби Ўзбекистонда жорий қилинган янги биометрик паспорт олишда фамилиялари –ий, –зода ва шу каби ўзбекча қўшимчалари бўлган ёшлар қийинчиликларга дуч келаётгани билан изоҳлади. ФҲДЁ мудири, негадир бу ҳолатни яна Ўзбекистоннинг Давлат тили тўғрисидаги қонуни билан ҳам асослашга уринди.

- Сизнинг ўзингизники Юсуповми, болангизни ҳам Юсупов қиласиз. Юсуфий деган нарса йўқ ака. Юсуфий бўлмайди. 1989 йилда қабул қилинган Давлат тили тўғрисидаги қонунда белгиланган бу, деди ФҲДЁ мудири.

Лекин, давлат тўғрисидаги қонунининг 25-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқаролар миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини тарихий-миллий анъаналарга мувофиқ шаклда ёздириш ҳуқуқига эгадирлар”, деб белгилаб қўйилган.

Тошкент, Фарғона, Жиззахдаги ФҲДЁ бўлимлари вакиллари ҳам фарзандларига ўзбекча фамилия олмоқчи бўлганларга туғилганлик гувоҳномаси берилмаётганини тасдиқлашди ва бунинг асосий сабаби биометрик паспорт берилишида туғилаётган қийинчиликлар эканини билдиришди.

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг ФҲДЁлар билан ишлаш бошқармаси мулозими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, нафақат фамилия, балки отасининг исми ҳам ўзбекчасига “фалончи ўғли” ёки “фалончи қизи” деб ёзилган бўлса ҳам биометрик паспорт олишда қийинчиликлар туғилмоқда, дейди. Шу сабабдан, бу мулозимнинг айтишича, бундай муаммо келажакда туғилмаслиги учун исм-шарифнинг русча кўринишга ўтишга қарор қилинган.

“Ҳозир мумкинмас, ака. Чунки вақт ўтгандан кейин ота-оналар яна фамилиясини ўзгартиришига тўғри келяпти. Ҳозир жуда кўпчилик фамилияларини ўзгартиряпти. Бир пайтлар энди мустақилликка эришилган пайтда кўпчилик болаларига ўзбекча “ўғли”, “ибн” деган қўшимчаларни қўйган. Ҳозир четга чиқиш ёки шунга ўхшаш масалаларда “фамилиянгизни ўзгартири”, келинг деган гаплар бўляпти. Масалан, Россияга чиқаётган пайтда, қани бонинг фамилияси деган савол чиқяпти. Шунда яна фамилиясига –ов, отасининг исмига –ович қўшимчаларини қўшишга мажбур бўлияпти”, деган адлия вазирлиги мулозими ўзбекча фамилия паспорт олишда нимас сабабдан муаммо туғдираётганини аниқ айтиб бера олмади.

Бу суҳбатдошимиз, айни пайтда, ота-оналар келгусида паспорт олишда муаммолар туғилишига рози бўлган тақдирда, ФҲДЁ органлари туғилганлик гувоҳномасига ўзбекча фамилияни ёзиб беришлари шарт, дея қўшимча қилди.

Озодлик биометрик паспорт учун ўзбекча фамилия ёки ота исми нима учун муаммо бўлаётганини сўраб, ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди, лекин аниқ жавоб ололмади.

Тошкент туманларидан бирининг паспорт бўлими ходими эса, умуман бундай муаммо борлигини биринчи марта эшитаётганини айтди.

- Отаси, онаси Ўзбекистон фуқароси бўлса, бериши керак. Бунақа муаммога дуч келганимиз йўқ ҳали биз. Юсуфий бўлса Юсупов қиворинг¸ нимаси қийин? Юсуфий ўзбекча эмаску¸ Юсупова ўзбекча бўлади,- деди паспорт бўлими ходими.

Болаларга фамилия ва ота исмини ўзбекча қилиб қўйиш Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтда урф бўла бошлади. Ўзбекистоннинг Россиядан мусатиқиллигини қўллаб-қувватлаш нияти сифатида исми-шарифларидаги –ов ва –овна қўшимчаларидан воз кечган ўзбекистонликлар, орадан 20 йил ўтар ўтмас, давлат тарафидан яна русча фамилия ва отчествога қайтишга мажбурланаётган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG