Линклар

Қирғизистон Катта Наманган каналига сув беришни тўхтатиши мумкин


Токтоғул сув омбори.

Токтоғул сув омбори.

Қирғизистон ҳукумати Катта Наманган каналидаги сувни вақтинча беркитиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бишкек расмийлари бу каналнинг техник ҳолати билан боғлиқ эканини айтмоқда. Аммо сиёсатшунослар Қирғизистон Тошкентнинг икки ойдан бери Ўшга газ бермаётганига жавоб тариқасида мана шундай қадам ташлаётганини айтмоқда.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев Катта Наманган канали бошидаги гидротехник иншоот анча эскиргани ва уни таъмирлаш учун сув оқими вақтинча тўхтатилиши мумкинлигини айтди. Бош вазир ўринбосарининг маълум қилишича, ҳукуматнинг махсус комиссияси Қирғизистон жанубидаги сув хўжалиги аҳволи билан танишганидан сўнг ҳукуматга мана шундай таклиф киритган.

-Сув мутахасислари Наманган каналини вақтинча ёпиб туришни таклиф қилмоқда. Бу масала яқин кунда ҳукумат йиғилишида қараб чиқилади. Мазкур канал 53 йилдан бери таъмирланмаган экан. Шунинг учун канални ёпиш керак. Бу техник масала ва Ўзбекистон билан сиёсий қарама-қаршилик келтириб чиқаришга қаратилган сиёсий ўйин йўқ, -деди Абдураҳмон Маматалиев.

Қирғиз расмийларининг таъкидича, Катта Наманган каналига Жалолободдаги Учқўрғон ГЭСидан секундига 35 куб метр сув берилади. Шундан 30 куб метри Ўзбекистонга оқади. Бу сув билан Наманган вилоятидаги тўртта туманда қишлоқ хўжалик ерлари суғорилади.

Бу канал ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган ва умумий узунлиги 135 километрдир. Канал Қирғизистондаги Норин дарёсидан бошланади ва Ўзбекистонда Сирдарёга уланади.

Қирғизистон расмийлари каналнинг ёпилиши сиёсат билан боғлиқ эмаслигини айтаётган бўлсалар-да, айрим сиёсатшунослар буни Тошкентнинг Ўшга икки ойдан бери газ бермаётгани билан боғламоқдалар. Ўзбекистон Ўшга газ беришни 14 апрелда тўхтатган. Шу кунгача Ўзбекистон билан газ таъминотини тиклаш юзасидан олиб борилаётган музокаралар натижа бермай келмоқда.

-Катта Наманган каналига сув берилишининг тўхтатилишига таъмирлаш ишларини сабаб қилиб кўрсатсак ҳам, ёки бошқа баҳона ишлатилса ҳам Ўзбекистон томони буни Ўшга газ берилмаётганига жавоб тариқасида қабул қилади. Бу масала икки давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларни янада мураккаблаштиради, - деди сиёсатшунос Эмил Жураев.

Қирғизистон парламентининг ёнилғи - энергетика комплекси ва табиий бойликлардан фойдаланиш бўйича қўмитаси 21 май куни Қирғизистон ҳукуматига Ўзбекистонга сув беришни тўхтатишни тавсия қилган эди. Қўмита раиси Кўжўбек Риспаев деярли икки ойдан бери Ўшга газ беришни қайта тиклаш бўйича Тошкент расмийлари билан олиб борилаётган музокаралар самарасиз якунланаётгани сабабли мана шундай тавсия берилганини айтган.

Бироқ Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Тайирбек Сарпашев ўтган ҳафтада Қирғизистоннинг амалдаги ҳукумати ҳеч қачон бундай қалтис қарорни қабул қилмаслигини билдирган эди.

Қирғизистон Сув масалалари институтининг билдиришича, Ўзбекистонга ҳар йили Тўқтўғул сув омборидан 10 миллиард кубометр сув берилади. Бундан ташқари яна бир қатор кичик сув омборлари ва ГЭСлардан ҳам Ўзбекистоннинг айрим каналларига сув оқизилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG