Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Европа суди Москвадан ўзбек қочқини ўғирланишини тафтиш қилишни сўради


Uzbekistan - uzbek producer Hamidkariyev Mirsobir and human rights activist Bakhrom Hamroev
Uzbekistan - uzbek producer Hamidkariyev Mirsobir and human rights activist Bakhrom Hamroev

Ўзбекистонлик диндор Мирсобир Ҳамидқориевнинг 9 июнь кечқурун Москва марказида ўғирлаб кетилганига муносабат билдирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматидан қочқин мақомидаги бу шахсни Ўзбекистонга бериб юбормасликни талаб қилди.

Страсбург маҳкамаси шунингдек Россия Федерациясидан Ҳамидқориевнинг чегарадан олиб ўтилишига тўсқинлик қилиш ва уни излаб топишга қаратилган қидирув ишларини жадаллаштиришни сўради.

Айни пайтда¸ Россия ҳукуматига Ҳамидқориев тақдирига оид қатор саволлар йўллаган Европа суди бу саволларга 1 июлга қадар жавоб берилишини ҳам шарт қилиб белгилади деди Озодликка Мирсобир Ҳамидқориев ҳимояси билан шуғулланаётган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти адвокати Илларион Васильев:

- Саволларнинг стандарт рўйхати берилди. Бу саволлар орасида Ҳамидқориев қаерда? Уни излашга қаратилган қандай чоралар кўрилди? Уни қўлга олишда Россия махсус хизматлари иштирок этганми-йўқми? Уни излаш билан қайси ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланмоқда? кабилар бор. Бу саволларга Европа судидаги Россия вакиллиги белгиланган муддатда жавоб бериши лозим. Аниқроғи, бу саволларга бевосита Россия Адлия вазири ўринбосари Георгий Матюшкин жавоб беради, деди Озодликка Илларион Васильев.

Адвокат Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўғирлангандан кейинги тақдири тўғрисида ҳозиргача бирор маълумот йўқлиги ва унинг ҳозирда қаерда эканлиги номаълумлигича қолаётганини айтди.

Илларион Васильев Ҳамидқориевнинг ўғирланишидан роппа-роса бир сутка ўтиб Москва полициясидан унинг қидирувга берилгани тўғрисида расмий ҳужжат олганини ҳам қўшимча қилди.

Ўғирланган ўзбекистонлик диндорнинг рафиқаси Элеонора Исаева Озодлик мухбири билан суҳбатда сўнгги бир неча ой давомида Мирсобирнинг яшириниб яшаганини айта туриб¸ уларнинг телефонлари эшитувда бўлгани сабаблигина эрининг изига тушиб¸ уни ўғирлашга муваффақ бўлишганини айтади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари томонидан "Ислом жиҳодчилари" диний гуруҳига асос солганлик ва «ваҳҳобийлик» оқимига алоқадорликда айбланаëтган Мирсобир Ҳамидқориев халқаро қидирувга берилган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра¸ Ҳамидқориев сўнгги бир йил ичида Россиядан ўғирлаб кетилган бир неча ўн ўзбекистонлик қочқиндан биридир.
XS
SM
MD
LG