Линклар

logo-print

Бухоро прокурори Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди


Бухоро вилояти прокурори Шерзод Матиев (олдда ўнгдан иккинчи) ва бошқа прокурорлар Варшавада. 27 март¸ 2014 йил.

Бухоро вилояти прокурори Шерзод Матиев (олдда ўнгдан иккинчи) ва бошқа прокурорлар Варшавада. 27 март¸ 2014 йил.

Шерзод Матиевнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани тўғрисидаги норасмий манба хабарини тилга олинган идора расмийси Озодликка тасдиқлади.

Баъзи мустақил нашрлар маълумотига қараганда, эндигина 36 га кирган янги ўринбосар прокуратура тизимида ички хавфсизлик масалаларига мутасаддилик қилади.


Шерзод Матиевнинг Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани тўғрисидаги хабарни Бош прокуратуранинг ўзини таништирмаган расмийси тасдиқлади. У Озодликнинг бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Бош прокуратура расмий сайтида янги тайинлов тўғрисида маълумот йўқ.

Сўнгги бор апрель охирида янгиланган сайтга кўра, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ва тўрт ўринбосари бўлуви назарда тутилган. Сайтга ишонилса, 11 июнь куни ҳам Биринчи ўринбосар ва икки ўринбосар лавозимлари вакант эди.

Интернетдаги очиқ маълумотлардан Шерзод Матиевнинг сўнгги йилларда Бухоро вилояти прокуратурасини бошқариб келгани маълум бўлди.

Бош прокуратура нашри “Ҳуқуқ” газетасининг 2013 йил 8 август сонида Шерзод Матиевнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш бош мақсадимиз” сарлавҳаси остидаги мақоласи эълон қилинган, 2013 йил 7 декабрида эса, у Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишлаб Бухорода ўтказилган тантанали йиғилишда нутқ ирод этган.

Жорий йил мартида Польша матбуотида пайдо бўлган бир хабар Шерзод Матиевнинг Ўзбекистон прокуратураси тизимида анча перспектив кадр ҳисобланганидан дарак беради.

Ўзбекистон прокуратураси вакиллари Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўмаклашиш лойиҳаси” доирасида 2014 йилнинг мартида Польшада бўлган, хусусан, улар 27 март куни Вроцлав шаҳри Апелляция судида қабул қилинган.

Бу хабарнинг муҳим жиҳати шуки, Ўзбекистон прокуратураси делегациясига Шерзод Матиев раҳбарлик қилган.

Сentrasia.ru сайтида ҳам Шерзод Матиевга оид маълумот мавжуд. “Бош прокуратура ички хавфсизлик бўлими бошлиғи. Тизимда кадрлар орасида тозалаш ишларига масъул. Р. Қодировнинг (Бош прокурор) ишончли вакили”, деган маълумотни берган сайт Матиев тўғрисида.

Ўзбекистон бош прокуратураси расмийларига оид сўнгги йирик воқеа ўтган йилнинг бошида содир бўлган эди: Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарофиддинов Ўзбекистон Президентининг 2013 йил, 8 январь кунги фармонига биноан вазифасидан озод қилинган.

Ўзбекистон қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарофиддиновнинг ўғли, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист”, Генерал-майор Алишер Шарофиддинов, маълумотларга қараганда, аввалига Тошкентдаги ўқув юртларидан бирида ўқитувчилик қилиб¸ ҳозирда истеъфога чиққан. (Алишер Шарофиддиновнинг ишдан олиниши ортидан республика жамоатчилигида турли фикрлар пайдо бўлган, турли тахминлар ҳануз айтилмоқдаки, улардан бирини ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов билдирди. У киши билан ўтказилган мухтасар суҳбатни материал адоғида тингланг)

Ўзбекистон Прокуратураси ўзининг анъанавий вазифаларидан ташқари хўжалик ишлари устидан назоратчи ҳамдир.

Шерзод Матиев ўзининг ўтган йилги “Қонун устуворлигини таъминлаш бош мақсадимиз” сарлавҳали мақоласида “Фаолиятимизда муҳим ўринга эга бўлган қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш борасида ҳам прокуратура органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Деҳқон ва фермер хўжаликларига амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда”, деб ёзган эди.

Ўзбекистонлик фермерлар Озодлик билан кўплаб суҳбатларда ерга уруғ қадалишидан тортиб ҳосил йиғиб олингунича прокуратура ходимларининг доимий назорати остида ишлашларини айтган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов билан ўтказилган суҳбатда Ўзбекистон прокуратураси тизимидаги кадрлар сиёсатига доир жамоатчиликда пайдо бўлган тасаввурлар акс этган:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG