Линклар


Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси - МТРК Бразилияда 12 июнь куни бошланадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини тўғридан тўғри намойиш этиш хуқуқини сотиб олганидан сўнг, мамлакат бўйлаб кафе, ресторан ва барлар бу ўйинларни кўрсатиш ҳаққини 1000 долларлик шартнома асосида сотиб олишга мажбурланмоқда.

МТРК монополияси?

Шу кунларда Ўзбекистон телеканалларида футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари намойиши учун МТРК билан шартнома тузиш кераклигига оид рекламалар тинимсиз айлантирилмоқда.

Телевидение билан шартнома тузмай¸ футбол мусобоқасини намойиш этган ресторан, бар ҳамда хусусий телеканал эгалари катта миқдорда жаримага тортилишидан огоҳлантирилмоқда.

Ўзбекистондаги кабел телеканалларига ҳам Бразилиядаги футбол ўйинларини Россия каналлари орқали тўғридан тўғри намойиш этиш тақиқланган.

Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси реклама бўлими мутасаддиларидан бирининг Озодлик мухбирига айтишича, Бразилияда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини ўз мижозларига намойиш этмоқчи бўлган ҳар бир кафе, ресторан ва бар МТРК билан шартнома тузиб, 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаши керак бўлади:

- Рестораннинг катта- кичиклигидан қатъий назар, МТРК билан шартнома тузилиши, давлат курси бўйича 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўланиши шарт. Чунки Бразилиядаги футбол мусобоқасини Ўзбекистон ҳудудида намойиш этиш ҳуқуқи фақатгина Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясига берилган. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 июнда қабул қилган қарори бор. Шу қарорга мувофиқ аҳоли гавжум жойларда, ресторан бўладими ёки бар, кинотеатр, истироҳат боғларида жаҳон чемпионати ўйинларини МТРК ва унинг ҳудудий бўлимлари билан шартнома тузиб намойиш этишлари шарт. Акс ҳолда катта штрафи бор, деди Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг реклама бўлими мутасаддиларидан бири.

Футбол мусобоқаларини намойиш этиш ҳуқуқининг ресторан ва барларга пулга сотилиши Ўзбекистонда биринчи марта бўлаётгани йўқ.

2010 йилги Жанубий Африкадаги жаҳон чемпионати ва 2012 йилги Полша ва Украинадаги Европа биринчилиги ўйинлари пайтида ҳам Ўзбекистондаги кафе, ресторан ва барлар футбол намоиши учун Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясига ҳақ тўлашган эди.

Тошкентдаги пивохоналардан бири хизматчиси Озодлик билан суҳбатда Жаҳон чемпионати ўйинлари намойиши ресторан эгаларига анча қимматга тушаётганидан нолиди:

- Икки йил олдин Европа чемпионати ўйинлари пайти ҳам 1000 доллар тўлаган эдик. 2 миллион сўмдан кўпроқ бўлган эди, ўша пайтда. Ўшанда бу пулни чиқариб ололмаган эдик. Ўзини қопламаган эди. Бизда кунига олтмиш одам ё киради¸ ё кирмайди. Бизга ҳам минг, ёнимиздаги 400 одам кирадиган дискоклубга ҳам минг доллар қилиб белгилаган. Энди Ўзбекистонда ҳамма футболни кўришни хоҳлайди. Агар биз намойиш этмасак, футбол пайти бизга ҳеч ким кирмайди. Шунинг учун олишга мажбур бўлаяпмиз, дейди Тошкентдаги пивахона ходими.

Чемпионат учун тунги чеклов ҳам бекор қилинди

Бразилиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари Тошкент вақти билан ярим тундан сўнг бошланишига қарамай¸ Ўзбекистондаги кўпгина бар ва ресторанларда катта экранли телевизорлар футбол намойишига шай қилиб қўйилган.

Ўзбекистон қонунларига кўра, ресторан ва тунги клублар кечқурун 11 да ёпилиши керак.

Тошкентдаги “Brauhaus” бари ходими футбол намойишлари пайти ресторанлар тонг саҳарда ҳам очиқ бўлишини айтади:

- Масалан, эртага Бразилия ва Хорватия ўйини соат тунги бирда бошланади. Биз шу ўйинни намойиш қиламиз. Олдиндан столлар заказ қилиб қўйилган. Трансляция учун руxсат олганмиз, бу эса бизга ярим тунда ҳам очиқ туриш ҳуқуқини беради. Тонг саҳарда бошланадиган ўйинлар пайти ҳам очиқмиз. Масалан 14 июнь куни Фил Суяги Қирғоғи ва Япония ўртасидаги ўйин тонгги олтида бошланади. Ўша пайтда ҳам баримиз очиқ бўлади. Футбол намойишини пулга сотиб олганимизга қарамай, буни учун мижозлардан ҳақ олинмайди, деди “Brauhaus” ходими.

Бир ойлик пул машинаси?

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиларидан бири Жаҳон чемпионати ва Европа кубоги ўйинларини жамоа бўлиб ресторанларда, барларда томоша қилиш ўзбеклар орасида анъанага айланганини айта туриб¸ муайян гуруҳ ва шахслар бу одат ортидан мўмай даромад қилаëтганини таъкидлади:

- Бошқа давлатларда бўлганидек, бизда ҳам футбол чемипионатлари пайти ресторанлар гавжум бўлади. Кўпчилик бар эгалари айнан мана шунақа чемпионатлар пайти катта пул ишлаб олади, дейди у.

МТРК футбол мусобоқаларини шартномасиз намойиш қилаётганларни аниқлаш учун кафе ва ресторанларда мунтазам текширув рейдлари уюштирилиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Шунга қарамай¸ футбол шархловчисининг айтишича, ресторанларнинг ҳаммаси ҳам МТРК билан шартнома тузишга ошиқаётгани йўқ:

- Жанубий Африкада бўлиб ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионати пайти ҳам Ўзбекистон футбол ўйинларини тўғридан-тўғри олиб узатган. Ўшанда ҳам ресторанлардан пул сўралганди. Кўпчилик ресторан эгалари МТРК билан шартнома тузмаган. Текширувчилар борганида "мана буни олиб қўйинг ака", деб жўнативоришган эди. Жаҳон чемпионати ўйинлари амалдорлар чўнтак қаппайтириб олишлари учун ҳам бир фурсат, дейди шарҳловчи.

Дунёнинг 32 миллий терма жамоаси ўртасида жаҳон кубоги учун футбол мусобоқаси 12 июнь куни бошланиб, бир ой давом этади.

Жаҳон чемпионатининг 64 та ўйини трансляцияси учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидан 1 миллион АҚШ доллари атрофида ҳақ сўралгани ҳақида хабар қилинган эди.

МТРК раҳбариятининг Осиё ва Тинч океан телерадиоэшиттирувчилар уюшмаси билан бу борада қанчага келишгани номаълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG