Линклар

Тошкент марказидаги дарахтзорга қирон келтирилмоқда

  • Садриддин Ашур

Йўл қуриш учун Тошкент марказида бузилаëтган уйлар.

Йўл қуриш учун Тошкент марказида бузилаëтган уйлар.

Вазирлар Маҳкамасининг махсус дастури асосида бутун Ўзбекистон бўйлаб “ободонлаштириш” кампанияси бормоқда¸ шу баҳона ўн минглаб аҳоли уйлари бузилиб¸ юз йиллик дарахтзорларга қирон келмоқда. Миллиардлаб маблағ сарфланаëтган бу қурилишлардан Ўзбекистон шаҳарлари обод бўлаяптими? Фикрларингизни душанба¸ 16 июнь куни Тошкент вақти билан 19:05 дан бошлаб жонли мулоқотда билдиринг.

****************************************

Тошкентнинг Абдулла Қодирий ва Шайхонтоҳур кўчалари кесишган ҳудудда автомобил йўли ва кўприк қурилиши бошланди. Бу қурилиш лойиҳаси Қодирий кўчасидаги дарахтзор ўртасидан ўтиши боис¸ бу ердаги чинорларга ҳам қирғин келтирилмоқда.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда дарахтзор гўшалар¸ хусусан¸ юз йиллик чинорларга қирон келтирилиши ортидан Тошкентнинг яна бир яшил гўшаси шаҳарсозлар "қаҳри"га учради.

Тошкентни ободонлаштириш режасига мувофиқ¸ Абдулла Қодирий ва Шайхонтоҳур кўчалари кесишган ҳудуддаги дарахтлар билан қопланган сайлгоҳнинг қоқ ўртасидан автомобил йўли ўтмоқда.

Қурилиш ҳудудига қўйилган билдиришномага кўра¸ бу ҳудудда йўл ва кўприк қурилиши Эски шаҳарни реконструкция қилиш бош плани асосида амалга оширилмоқда.
Бу сурат Gazeta.uz дан олинди

Бу сурат Gazeta.uz дан олинди

Кесилган дарахтзорни бориб кўрган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу жойда кўприк қурилиши маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган:

- Абдулло Қодирий кўчасидаги “Ганга” яқинидаги жойда 631 метрлик кўприк тушаётган экан. Санаб кўрдим, ҳозиргача бир томондан 11 та, иккинчи томондан 13 та катта дарахтлар кесилибди. Дарахтларни кесиш одамлар сайр қиладиган жойга чиқиб тўхтаб қолган. Қурувчилар билан гаплашсам, улар ҳам бу жойда катта чинорлар ва дарахтлар борлигини аввал тасаввур ҳам қилмаганини, дарахтлар увол бўлаётганини айтишди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Исми сир қолишини сўраган тошкентлик такси ҳайдовчисининг Озодликка айтишича, бу жойда автомобиллар тирбандлиги ҳеч қачон кузатилмаган:

- Бу боғнинг икки томонида тўрт қаторли автомобил йўли бор. Мен ҳеч қачон бу жойда пробка бўлганини билмайман. Боғни йўқ қилиб кўприк қурилишига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди. Бу ахмоқона фикр кимнинг калласига келганини билмайману, лекин пойтахтнинг жуда чиройли жойларидан яна бири йўқ қилинаяпти, дейди ҳайдовчи.

Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда дарахтларнинг кесилишига қўмитадан рухсат олинганини айтди:

- Албатта¸ рухсат олинган. Кўряпсизку¸ мошинлар кўпайиб кетаяпти, йўлларни кенгайтириш керак. Иккинчиси, облик города деган нарса бор. Ўсиш, ривожланиш бўлаяпти, шаҳар ўзгараяпти. Дарахтлар эса кўйлакка ўхшайди. Масалан¸ битта кўйлакни бутун умр киймайсизку, янгисини оласиз. Кесилган дарахтлар ўрнига ҳам янгилари экилади, шаҳримиз гўзал бўлади, деди мулозим.

Дарахтзор ўрнига йўл ва кўприк қурилиши ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳининг аксарият аъзолари янги қиронга салбий муносабат билдирган:

Ҳар куни шу йўлдан ўтаман. Яралганидан буён бу йўлда пробка бўлмаган. Бизнинг пулларимизнинг кўкка соврилиши бу!!! Бу қанақа идиотизм!!!”

“Бундан кўра, пойтахт туманларидаги йўлларни ремонт қилса бўлмайдими? Дарахтларга раҳмим келяпти, сайр қилиш учун ажойиб жой эди.”

“Мен бу кўприк схемасини бир неча марта диққат билан кўриб чиқдим. Нега айнан шу жойда қурилиш бўлаётганини барибир тушунмадим. Ҳали ҳам кеч эмас, қурилишни дарҳол Бобур-Ш.Руставели кўчасига ёки Ганга магазини чорраҳасига кўчириш керак”

“Эсиз! Бу Тошкент экосистемаси ва гўзаллигига жиддий зарар бўлади.”

“Воййййй.... Болаларимиз билан сайр қиладиган аллеямизни йўқ қилишяпти. Бу қанақа идиотизим!”

“Бу кўприкнинг бюджети қанча экан ким билади, 20-30 миллиард?”
, деб ёзади "Водители Ташкента" гуруҳи аъзолари.

Ўзбекистонда кесилган дарахтзорлар тарихи

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шаҳарларни ободонлаштириш дастурига биноан соя берадиган юзлаб қадим чинор ва бошқа дарахтлар кесилиб ташланди.

2009 йилнинг ноябр ойида Тошкентнинг "энг кекса фуқаролари" – Амир Темур xиёбонидаги ёши 100 дан ортган дарахтлар кесиб ташланди.Бир асрдан зиёд вақт давомида қадимий шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб келган, шаҳар маркази иқлимини мўътадиллаштириб турган xиёбонга арчалар экилди.

2010 йилнинг январида Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилди.

2010 йилнинг августида Чирчиқ шаҳри марказидаги юздан ортиқ дарахтлар кесилди. Саноат шаҳри бўлган Чирчиқда тоза ҳавога катта эҳтиёж сезаётган шаҳарликлардан айримлари Озодликка бу қарордан норозиликларини билдирди.

2011 йилнинг майида Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласидаги қабристонда кўп йиллик чинорлар кесилди.

2011 йилнинг ёзида Тошкентнинг "Пахтакор" метроси ва ўйингоҳи атрофидаги ўрмон дейишга арзирлик дарахтзор чопиб ташланди.

Шунингдек, Наманган, Андижонда ҳам шаҳарга соя-салқин ташлаб турган жуда кўп манзарали дарахтлар кесиб ташланди.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG