Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

Хорижлик қизга уйлансам, Ўзбекистонда никоҳдан ўтиш тартиби қандай?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон фуқароларининг чет эллик билан турмуш қурган тақдирида никоҳни расмийлаштириш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Абхазияда яшаётган ўзбек йигити OzodJavobга мурожаат қилиб, абхаз қизига уйланмоқчи экани ҳақида ёзди:

“Мен чет эллик қизга уйлансам, Ўзбекистонда ЗАГСдан ўтса бўладими? Қандай ҳужжатлар керак? Мен Абхазиядаман. Ўша ерлик қизга уйланмоқчиман ва уни Ўзбекистонга олиб кетмоқчиман. Ўзбекистонга боргач, никоҳни расмийлаштириш учун қандай бош оғриқлар бор? Илтимос шу борада маълумот берсангиз”, дея сўради WhatsApp орқали мурожаат қилган йигит.

Айни мазмундаги мурожаатлар аввал ҳам бир неча бора бўлгани учун ушбу мавзуни ўрганишга қарор қилдик.

Дастлаб Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ қурмоқчи бўлган чет элликнинг Ўзбекистонга кириш тартибига тўхталсак:

Бундай ҳолатда хорижлик Ўзбекистонга 2 хил турдаги ВИЗА орқали кириш ҳуқуқига эга:

1: Сайёҳлик визаси (Т)
2: Хусусий виза (PV-1)


Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистонга сайёҳлик визаси билан келган хорижлик бўлажак турмуш ўртоғининг уйида яшаш ҳуқуқига эга эмас.

Тошкент шаҳридаги ИИБ Паспорт бўлимларидан биридан олинган маълумотга кўра, сайёҳлик визаси билан келган хорижлик ўзбек қаллиғининг уйига прописка ёки қайдга қўйилиши ҳам мумкин эмас.

Унга кўра, хорижлик никоҳдан ўтгунга қадар қаллиғи яшайдиган ҳудуд яқинидаги бирор меҳмонхонада қайддан ўтиши шарт.

“Агар туристик виза билан келган бўлса, фақат меҳмонхонада яшаши керак. Загсдан ўтиш учун ҳужжат топшириб, Загсдан ўтгунича, хонадонга прописка қилиш мумкин эмас. Лекин чет элдан келган меҳмон ҳақида албатта милиция бўлимига келиб огоҳлантириб қўйиши лозим. Загсхонага боргач, қайси районнинг гостиницасида турган бўлса, Загс бўлими ўша район паспорт столига запрос беради. “Текшириб бер” деб . Паспорт стол текшириб бергандан кейин “текширилди” деган ҳужжат беради. Шу ҳужжат Загсга тақдим қилинади”, деди Паспорт бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Агар хорижлик фуқаро хусусий виза орқали келса, қаллиғининг уйида яшаши ва пропискага қўйилиши мумкин.

“Меҳмон уч кун ичида паспорт столга мурожаат қилиши керак ва у унга таклифнома жўнатган фуқаронинг хонадонига временний регистрация қилинади”, деди милиция ходими.

Хусусий виза хорижликка Ўзбекистон фуқароси томонидан ТАКЛИФНОМА жўнатилган тақдирда берилади.

Шу ўринда чет элликка таклифнома жўнатиш тартибига ҳам бироз тўхталсак:

Хориждаги қаллиғига таклифнома жўнатмоқчи бўлган ўзбекистонлик ўзи яшаётган ҳудуддаги ИИБ Паспорт бўлимига мурожаат қилади.

“Паспорт столга келади. Ариза бланкаси бор. Анкета, шуларни тўлдиради. Ишласа иш жойидан, ишламаса маҳалладан справка тақдим қилади. Ўзи ва ўша чет эл фуқаросининг паспорт копияси 2 та нусхада бўлиши керак. Хорижликнинг паспортидаги маълумотлар ўзбек ёки рус тилига таржима қилинади. У ҳам 2 та нусхада бўлади. Таржима орқасида печатлари бўлади. Госпошлина тўлайди. 9-10 минг сўм атрофида. Яна хорижликнинг 5 та расми бўлиши керак”, деди Тошкентдаги ИИБ Паспорт бўлимларидан бирининг ходими.

Амалдаги тартибга кўра, ҳужжатлар паспорт бўлимига топширилгач, таклифнома 1 ойдан 3 ойгача бўлган муддат ичида берилади.

Энди Ўзбекистон фуқаросининг хорижлик билан никоҳини расмийлаштириш масаласи:

Тошкентдаги ФҲДЁ - Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ЗАГС) бўлимларидан бирининг ходимига кўра, хорижлик фуқаро Ўзбекистонга келишидан аввал ўзи яшаётган давлатдан бир қанча ҳужжатларни олиб келиши лозим:

“Биринчиси никоҳда бўлмаган деган справка керак. Справканинг легализацияси бўлиши керак. Буни ўз ватанида қилдиради. Кейин справкани таржима қилдиради. Рус ёки ўзбек тилга таржима қилиб, апостиль ва печатларининг ҳаммасини русчага перевод қилиб, перевод қилган организация ўзининг печати билан тасдиқлаб беради. Кейин паспорт таржимаси ҳам апостиль бўлиши керак. Ишласа иш жойидан справка. Соғлиги тўғрисида справка. Ҳаммаси таржима қилиниб, апостиль қилдиради”, деди ФҲДЁ ходими.

Унинг айтишича, хорижлик фуқаро никоҳда турмагани тўғрисида ҳам ҳужжатни тақдим қилиши лозим:

“Агар биринчи никоҳи бўлиб, ажрашган бўлса ёки ўлган бўлса, шуни тасдиқловчи ҳужжати бўлиши керак. Асосий ҳужжат шу никоҳда турмагани тўғрисида. Агар чет эл фуқароси никоҳ ёшига етмаган бўлса, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ қуришига йўл қўйилмайди. Шунингдек, чет эл фуқаросининг ўз Ватанида кўп никоҳлилик тақиқланмаган ва у бошқа никоҳда бўлса, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ бундай никоҳга рухсат этилмайди”, деди ФҲДЁ бўлими ходими.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳ қўрмоқчи бўлган хорижлик вақтинча яшаш жойида тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

“ЗАГСга келишидан аввал бирор жойда временний регистрация қилинади. Ўша асосида бизга ариза беришади. Ҳамма ҳужжатларидан копия оламиз. Йигит ва қизникидан ҳам. Қаерда регистрация бўлса, ўша туман овирига запрос берамиз. Агар гостиницада турган бўлса, ўша туманнинг райздравига тиббий кўрикка жўнатамиз”, деди ФҲДЁ ходими.

ФҲДЁ бўлимига барча ҳужжатлар топширилгач, ариза берган кундан бошлаб бир ой ўтгандан кейин никоҳ тузилиши мумкин.

Яна бир жиҳати:

Амалдаги тартибга кўра, хорижлик фуқаронинг Ўзбекистонда бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина никоҳ амалга оширилади. (Визасининг муддати ўтиб кетмаган бўлиши лозим)

******************************************************************


Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG