Линклар

logo-print

Озодлик радиосига мурожаат қилган Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисидаги Сўх эксклави аҳолиси вакиллари Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг таъмагирлиги ва Сўх анклавига элтувчи Қирғизистон йўлларида ўз хавфсизликлари таъминланмаганидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх тумани Қирғизистон ичкарисида жойлашган . У Ўзбекистон учун эксклав, Қирғизистон учун эса анклав ҳисобланади. Фарғона вилоятига қарашли Сўх туманида 60 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Сўхликлар Фарғонага бориб-келиш учун Қирғизистон ҳудуди орқали камида 200 километр йўлни босиб ўтишлари керак.

"Сўхликларнинг машиналари тошбўрон қилинаяпти"

Сўхдаги давлат идораларидан бирида ишловчи Абдужалил Мажидов (суҳбатдошимизнинг илтимосига биноан унинг исми ўзгартирилди ва ишлаш жойи айтилмади- муаллиф)) сўхликлар январь-май ойлари оралиғида Қирғизистон ҳудудидан ўтаётганларида турли товламачиликлар, таъмагирликлар ва зўравонликларга дуч келгани борасида 26 ҳолат аниқлангани ҳақида маълумот берди.

-Жорий йилнинг 2 январь куни маҳаллий вақт билан соат 15ларда Сўх тумани Шарқобод қишлоғида яшовчи Арслонов Аслиддин давлат рақми 40 К 127 ФА бўлган Nexia русумли машинасида Сўх-Водил йўналишида ҳаракатланиб келаётганида Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Ўхна қишлоғи ҳудудида ёши 20да бўлган қирғиз фуқаролари унинг машинасига тош отишиб, олд ойнасига шикаст етказган. Шу йилнинг 23 январи соат 15ларда Сўх тумани Ленбург қишлоғида 1982 йилда туғилган фуқаро Ҳайдаров Хабибулло ўзининг Ласетти русумидаги машинасида Қадамжой туманидан ўтиб кетаётганида қирғиз фуқароси томонидан тошбўрон қилинган ва машинасига зиён етган. Бундай ҳолатлар жуда кўп. Бизнинг қўлимизда мавжуд бўлган ҳужжатларга таянсак, 26 ҳолат рўйхатга олинган, -деди Абдужалил Мажидов.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидан олинган маълумотлар ҳам суҳбатдошимиз айтган воқеалар ҳақиқатан ҳам содир бўлганини қисман тасдиқлаб турибди.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят милицияси Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига элтувчи йўлда Ўзбекистон фуқароси Хурсанжон Илёсовнинг Нексия автомашинасини тошбўрон қилган қадамжойлик Гайрат Исаков 27 май куни қўлга олинганини билдирди. Хабарда айтилишича, воқеа 23 май куни Қирғизистоннинг Ўрўзбеков қишлоғи ҳудудида юз берган.

Қирғиз милициясининг билдиришича, 14 май куни Сўхда яшовчи Ўзбекистон фуқаросининг “Мерседес- бенц” машинасини вайрон қилган икки қирғизистонлик ҳам қамоққа олинган. Мазкур икки воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

"Қирғизистон ГАИлари сўхликлардан пул ундирмоқда"

Абдужалил Мажидов мазкур воқеаларнинг айримлари бўйича қўлга олинган шахслар томонидан сўхликларга етказилган моддий зарар тўлаб берилганини айтди. Суҳбатдошимизнинг билдиришича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ҳам сўхликларга нисбатан кўплаб ноқонуний ҳаракатлар қилинмоқда:

-Қирғизистон ГАИлари томонидан таъмагирлик ҳолатлари мавжуд. Масалан, 13 май куни соат 11ларда Гулистон маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи Асқаров Суҳробжон ўз машинасида Сўх-Водил йўналишида кетаётганда Қирғизистоннинг Қадамжой шаҳарчасида Жонибек исмли йўл хизмати ходими уни тўхтатган ва машинасини ички ишлар бўлимига олиб кириб қўйган. У машинани чиқариш учун бир миллион сўм миқдорида пул талаб қилган. Бироқ Суҳробжон бунча миқдорда пули йўқлигини айтиб, 300 минг сўм пул бериб, машинасини олиб чиққан, -деди Абдужалил Мажидов.

Суҳбатдошимиз 26 ҳолат бўйича жабрланувчилар рўйхатини бир неча дақиқа давомида ўқиб эшиттирди. (Абдужалил Мажидов ўқиб эшиттирган жабрланувчи экани иддао қилинаётганлар рўйхати билан қуйидаги аудиофайлда таниша оласиз)


"Таъмагирлик туфайли Сўхда нархлар Фарғонага қараганда уч баробар қиммат"

Ўзини Равшан Комилов деб таништирган сўхлик тадбиркор эса қирғиз чегарачилари ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг таъмагирликлари туфайли Сўхда нарх-наво Фарғонага қараганда уч баробар қиммат эканини айтди:

-Мен тадбиркорман, Фарғонадан юк олиб келиш жуда қийинлашиб кетди. Биринчидан, чегарадан икки суткада ўтамиз. Иккинчидан, божхона ва погранзона 100 минг дейди, бироқ 50 минг пул олади. Уч-тўрт жойда ГАИлар тўхтатиб 50 мингдан олади. Минимум 500 минг пул билан Сўхга кириб келаяпмиз.

Озодлик: Демак, ўзбек чегарачилари ҳам, қирғиз чегарачилари ҳам икки томондан пул олар экан-да?

-Йўқ, ўзбек чегарачилари олмайди. Мен қирғиз томонини айтаяпман. Қирғизистоннинг погранзонаси олади. ГАИлари жуда инсофдан чиқиб кетган. 10,50 минг пулни пул ҳисобламайди. “Юз минг” дейди, “Йўқ” десангиз, дарров “Икки юз минг” дейди.

Озодлик: Бу билан Сўхга келаётган товарларнинг нархи ҳам ошар эканда?

-Албатта,ошади. Масалан, Фарғонада минг сўм бўлган маҳсулот Сўхга 2 минг, 2,5 минг бўлиб етиб келаяпти. Фарғонада бодринг 500 сўм бўлса, Сўхда 1500 сўм, уч баробар қиммат, - дейди тадбиркор Равшан Комилов.

"Чегарада пора сўрашса ишонч телефонига сим қоқинг"

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари расмийлари мазкур иддаолар юзасидан маълумотларга эга эмасликларин билдирдилар.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулнара Бўрибаева эса чегарада таъмагирлик ва бошқа муаммоларга дуч келган сўхликлар бевосита Чегара хизмати раҳбариятига мурожаат қилишлари кераклигини таъкидлади:

-Агар чегарада бу каби муаммоларга дуч келган фуқаролар бўлса, ҳар бир чегарачининг кўкрагида бейджик бўлади. Фуқаро унинг исми-шарифини эслаб қолиши керак. Ҳар бир чегара пунктида Чегара хизмати раҳбарияти, шу жумладан, менинг телефон рақамим ва ишонч телефонлари рақамлари ёзилган маълумотномалар бор. Фуқаро мана шу телефонларга сим қоқиши керак. Биз ҳар бир ҳолат бўйича қаттиқ текширув ишларини олиб борамиз. Бу масалада бизга Ўзбекистондан беш – олти одам мурожаат қилди. Аммо уларнинг аризаларини ўрганганимизда, фактларнинг бирортаси ҳам тасдиқланмади, -деди Гулмира Бўрибаева.

Сўхдаги давлат идораларидан бирида ишловчи Абдужалил Мажидовнинг айтишича,Сўх туман Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолатлар бўйича тушунтириш ва Қирғизистон ҳудудида сўхликлар хавфсизлигини таъминлашни талаб қилиб, қўшни давлатдаги ҳамкасбларига расмий мактуб жўнатган. Абдужалил Мажидов ҳозирча бу мактубга Қирғизистон томони жавоб қайтармаганини ҳам айтиб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG