Линклар

Facebook - ҳижобдан безган эронликлар учун исëн майдонига айланди


Ҳижобни ечмасликка чақириқ битилган эълон тахтаси ёнида намойишкорона рўмолини ечиб, суратга тушган ва Facebookка жойлаган эронлик аёл.

Ҳижобни ечмасликка чақириқ битилган эълон тахтаси ёнида намойишкорона рўмолини ечиб, суратга тушган ва Facebookка жойлаган эронлик аёл.

Лондонда яшайдиган эронлик журналист Масиҳ Алинажод Facebookда ҳамюрт аёлларининг ҳижоб кийишга мажбурланишига қарши акция бошлади ва бу мажбурийликдан безган хотин-қизлар ҳижобсиз тушган суратларини ушбу саҳифага йўлламоқдалар.

Эронлик ёшгина бир аёл "Опа-сингиллар, ҳижобингизни қўйманг!" деган ёзув битилган эълон тахтаси ёнида рўмолини ечиб суратга тушди ва Алинажод очган махсус Facebook саҳифасига жойлади.

Қизил рангдаги сочларини шамолга тутган қора кўзойнаклик аёл ҳам қадимий Тахти Жамшид мажмуаси олдида рўмолсиз суратга тушди ва Facebookдаги айни саҳифага жойлади.

Яна бир неча аёл эса Каспий денгизи соҳилларида рўмолсиз рақс тушгани акс этган суратни айни ижтимоий тармоққа жойлади.

Эронлик аёлларнинг ҳижобга қаршилиги намунаси ўлароқ бирин-кетин социал тармоқларга ёйилаётган бу акцияларга Лондонда яшаётган қувғиндаги журналист Масиҳ Алинажод туртки бўлди.

У Facebookда "Менинг пинҳоний озодлигим" деб номланган саҳифа остида акция бошлади ва омма кўзидан панада рўмол ёки ҳижобини ечиб, яйраётган аёллар бу акцияга қўшилиб, суратларини йўллай бошлади.

Шу йил 3 май куни очилган бу саҳифани ҳозирга келиб қарийб 500 минг фойдаланувчи ёқтирди, минглаб фойдаланувчи дўстларига улашди.

Масиҳ Алинажод бошлаган акцияни қувватлаган эронлик эркаклар ҳам айни тармоқда махсус саҳифа очди. Унда ҳам эронлик аёлларнинг пинҳоний озодлигини қувватлаган эркакларнинг суратлари кундан-кунга ошиб бормоқда.

Бошланганидан бир ой ўтмай Эроннинг ичидаю ташида яшаётган эронликлар эътиборини тортган бу акция хориж матбуоти тилига ҳам тушмай қолмади.

Бундан норозилигини билдирган Эрон ҳукуматига оид расмий ахборот воситалари дарҳол аксил-акцияга киришдилар.

Шу кунларда Эрон расмий телевидениесида "бузғунчи журналист" Масиҳ Алинажоднинг "гиёҳванд моддалар кайфи остида ечиниб олгач, Лондон метросида ўғли кўз ўнгида зўрлангани" иддао қилинган кўрсатув берилди.

Бу иддаони тамоман рад қилган Масиҳ Алинажод ўз саҳифасида Эрон расмий телевидениеси унинг зўрлангани ҳақидаги "тўқимаси"да тилга олинган Лондон метросида "Менинг Ватаним" деб қўшиқ куйлади.

"Агар мен ўз ватанимда худди Лондонда куйлаганим каби эмин-эркин қўшиқ куйласам, сиз нима қиласиз?" деб савол ташлади Масиҳ Алинажод. Ватанида у каби аёллар миллионлаб эканини таъкидларкан: "Сиз улардан юз бурасизми ёки уларни ҳам хаёлингизда зўрлайсизми?" дея Эрон расмийларига юзланди.



Алинажод бу нафақат унга, балки унинг саҳифасида ўз эркинликлари учун сўз айтиш имконига эга бўлган аёлларга нисбатан ҳақорат, деб билишини айтмоқда.

- Мен буни нафақат менга, балки мен очган саҳифани минбар кўриб, унга суратларини йўллаган ва шу билан “Биз Эрондамиз, биз овозимиз эшитилишини истаймиз. Биз ҳижоб кийиш мажбуриятига қаршимиз!” деган аёлларга нисбатан ҳақорат, деб қабул қилдим, деди Масиҳ Алинажод.

У Эрон расмий телевидениеси устидан судга ариза киритишга ҳозирланмоқда.

Журналист шунча шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлаётган бу акциясига аслида Эроннинг янги раҳбари Ҳасан Руҳоний бериб келаётган умидбахш баёнотлар туртки бўлганини айтмоқда.

Сўнгги пайтларда президент Руҳонийнинг айрим баёнотлари 1979 йилдан бери йўналишини ўзгартирмай келаётган Эрон Ислом республикаси руҳонийлари эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ўтган ой охирида берган баёнотида Ҳасан Руҳоний эронликларга кўпроқ эркинлик ва ҳақ берилиши лозимлигини таъкидлаб¸ давлатнинг улар ҳаëтига аралашувини чеклаш эҳтиëжини тилга олди.

"Одамларни ўз ҳолига қўяйлик. Одамларни ақлдан оздирмайлик. Ҳатто, ҳамдардлик учун ҳам одамларнинг шахсий ҳаëтига аралашишни бас қилайлик. Одамлар жаннатга тушиш йўлини ўзи танласин. Биз одамларни зўр қўллаб, ë дарра билан жаннатга йўллай олмаймиз”, деди 24 май куни президент Руҳоний.

Президентнинг бундай баёнот билан чиқишига май ойида Эронда бошланган норозиликларнинг янги тўлқини – “ҳилпираган рўмоллар”га қарши диндорлар норозиликлари сабаб бўлди.

7 май куни Теҳронда 4 мингга яқин консерватив диндор ҳукуматдан рўмолини ечаётган ва ҳижобни “ҳилпираб турган” ярим-ёрти юпқа шарфга айлантириб олган аёллар устидан назорат ва жазони кучайтиришни талаб қилдилар.

Бу норозилик чиқишлари ва ўзининг Facebookдаги акциясига қарши расмий телевидение чиқишларига муносабат билдирган Масиҳ Алинажод ҳижобга қарши бу исëн аслида оятуллоҳлар дунëга кўз-кўз қилаëтган исломий жумҳуриятнинг ичдан парокандалигидан берилган мужда экани боис¸ уларни жазавага солаëтганини таъкидлади.

1979 йилда бўлган исломий инқилоб ортидан Эрон Исломий республикаси тизими жорий этилгач, аёлларга ҳижоб ўраш мажбурият қилиб юкланди.

Ҳижобни ўраш тартибини бузган ёки рўмолни ўрамаган аёллар йиллардан буён жаримага тортилади, омма олдида изза қилинади ёки ҳибсга олинади.

Шунга қарамай, аёлларнинг бошидаги ёпинчиқлари йиллар давомида кичиклашиб, калталашиб, юпқалашиб, рангдорлашиб борди. Ҳозир аксар аёллар бошидаги ёпинчиқларга диндорлар тушунадиган “ҳижоб” сўзни қўллаш нотўғри бўладиган даражага етди.

Масиҳ Алинажод ижтимоий тармоқда очган бир саҳифа ортидан бу қадар зиддиятли норозиликлар қўзғалиб кетишини шарҳлаётган таҳлилчилар¸ аслида бу муаммо илдизи жуда чуқурлиги ва ягона ечим шахс эркинликларига йўл бериш эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG