Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

18+ Блог: Хотинни сўйиш эмас, суйиш керак...


Тўйдан бир-икки ҳафта ўтиб-ўтмай Россияга мардикорликка кетаëтган минглаган куëвлар¸ ўз ҳикояларига кўра¸ орадан бир йил ўтибгина уйига қайтишга имкон топмоқда.
Тўйдан бир-икки ҳафта ўтиб-ўтмай Россияга мардикорликка кетаëтган минглаган куëвлар¸ ўз ҳикояларига кўра¸ орадан бир йил ўтибгина уйига қайтишга имкон топмоқда.
Хиёнат қилди, деб сўявериш керакми хотинни? Кечаги мақолага келаётган шарҳларни ёзганларнинг кўпчилиги бу саволга “Ҳа!” деб жавоб беришга тайёрлиги кўриниб турибди. Тушунмайман, ким ҳақ берди уларга “Ҳа”, дейишга?! ​Эррайимликни қаранг!

Ўтган йилги таътилда Ўшда эски улфатларимдан бири билан чойхонада гаплашиб қолдим.

- Қаерлардан сўраймиз?
- Питердаман.
- Анча бўпқолди-а кетганингизга?
- Ҳа, бу йил - ўнинчи йил.
- Нима иш қилаяпсиз?
- Заводда завскладман.
- Ўзбекнинг иши...

Кулишамиз улфатим билан.

- Оиланиям опкетганмисиз?
- Ҳа, оилам бор.

Тушунмадим бу гапни. Оиласи борлигини, албатта, билардим. Тўйида куёв навкар бўлганман.

- Болаларни опкетганмисиз? – ўсмоқчилайман.
- Йўқ, хотин, бола-чақа Ўшда.
- Ҳа-а... дейман тушунганимни билдириб.

Улфатим нимани тушунганимни тушунади.

- Келин биладими Питерда хотинингиз борлигини?
- Билсаям керак...

Яна бир улфатимиз келдию гап узилди.

Узилмасаям узиларди. Кейинги саволларимни беролмасдим. Кейинги саволларим ўзбекча одоб доирасидан ташқарида.

Масалан:

- Уйга бир йилда 3 – 4 кунга келиб кетасиз. Хотинингизнинг орқа-бошини сиз йўқлигингизда ким силайди? Ўйнаш-пўйнаши йўқми, ишқилиб?

Сиз беролган бўлармидингиз бундай саволни?

Баракалла, мен ҳам беролмадим. Берсам, улфатим чойхонанинг пичоғидаги қонни ювиб, Питерга ўша куниёқ сурворган бўларди. Эрини интиқиб кутган хотинни 3 – 4 кечалик висолдан маҳрум қилган бўлардим...


Озодлик билан боғланган меҳнат муҳожирларини тез-тез ўзаро гапга тутиб тураман.

Суҳбатдошларимнинг розилиги билан эфирга берилган ўшандай гурунглардан бир нечасини сайтимиз қатларидан топиш мумкин.

“Ҳар йили бориб турасизми уйга?” деб сўрадим бир куни бир муҳожирдан.

“Ҳар йили. Бир марта 3 йилда бордим”.

“Хотинингизниям олиб борволсангиз бўлмайди Россияга?”

“Э, нима деяпсиз, ака, у нима қилади бу ерда. Ахир биз ўзбекмиз, ориятимиз бор!”

“Радиоулфатларим”гаям берган эмасман бояги саволни:

“Уйга бир йилда 3 – 4 кунга келиб кетасиз. Хотинингизнинг орқа-бошини сиз йўқлигингизда ким силайди? Ўйнаш-пўйнаши йўқми, ишқилиб?”


Россия Федерал миграция хизматининг ўтган йилги маълумотларига қараганда, бу мамлакатда 2 734 484 ўзбекистонлик бор. Уларнинг 2 285 774 нафари эркаклар, 448 710 нафари аёллардир. Булар легалларидир. Нолегалларини қўя турайлик.

448 710 аёлнинг ҳаммасини эри билан борган, деб тасаввур қиламиз. Демак, қолган 1 837 064 нафари Россияга ёлғиз борган бўлиб чиқади.

1 837 064 муҳожирнинг 837 064 нафари бўйдоқлар бўла қолсин.

Демак, қолган 1 миллион эркак хотинини йиллаб ёлғиз қолдирмоқда.

1 миллион хотин йиллаб ёлғиз яшамоқда!

Албатта, бу хотинларнинг мутлақ кўпчилиги эрига хиёнат қилмай, ҳалол яшаяпти.

Йўлдан чиқишга кимгадир онасининг тарбияси йўл қўймайди, кимгадир элементар уят тушунчаси, кимгадир миллий-исломий тушунчалар, кимгадир сир очилиб қолиши хавфи, кимгадир касалга йўлиқиш таҳдиди йўл қўймайди йўлдан чиқишга.

Кимдир эрим билиб қолса, сўйиб ташлайди, деб қўрқади.

Коммунизм қурувчисининг аxлоқ кодекси қинғир йўлдан сақлаётганлар ҳам бордир, балки.

Эрини минг йил кўрмаса, ўзини кеча кўргандай сезадиганлари ҳам бор.

Просто, мижози совуқ хотинлар ҳам бор.

Мижози совуқлар бор экан, демак, мижози иссиқлари, булар орасида мижози қайноқлари ҳам борку, тўғрими? (Дўхтирлардан сўраб кўринг)

Физиология деган илм бор. Уни ҳали хурофот, деб инсоният бекор қилмаган.

Физиологик эҳтиёжлар уйғонганида эҳтиёжмандни ҳеч ким, ҳеч нарса тўхатата олмайди.

Онанинг тарбияси ҳам, уят ҳисси ҳам, миллий қадриятлар ҳам, исломий таълимот ҳам, сир очилиб қолиш хавфи ҳам, касалга чалиниш таҳдиди ҳам, эрнинг пичоғи ҳам ожиздир физиологик эҳтиёж олдида.

Ҳатто коммунизм қурувчисининг аxлоқ кодекси ҳам.

Ҳатто “Мустаҳкам оила йили” давлат дастури ҳам ожиздир.

Ўзбекчаси нафсдир “физиологик эҳтиёж”нинг.

Ўзбекнинг ҳаммаси ҳам Россияда эмас. Иши бор, бизнеси бор, дўкони бор, ресторани бор, тагида учқур “оти” бор йигитлар қолган Ватанда.

Қип-қизил шафтолига тиш ботираркан, кўзини бошқа шафтолидан узмайди улар.

Хўш, нима қилиш керак?

Хиёнат қилди, деб сўявериш керакми хотинни?

Кечаги мақолага келаётган шарҳларни ёзганларнинг кўпчилиги бу саволга “Ҳа!” деб жавоб беришга тайёрлиги кўриниб турибди.

Тушунмайман, ким ҳақ берди уларга “Ҳа”, дейишга?!

Эррайимликни қаранг!

Балки хотиннинг хиёнат кўчасига киришининг олдини олиш керакдир?

Қачондир уйга бориб машина олиш учун пулни тежаб бир квартирада 30 киши яшамай, хотинни олиб кетиш керакдир Россияга?

Иккинчи Жаҳон уруши йилларидаям бўлган эди шу кундагига ўхшаган кўриниш. Эри урушда юрган хотинлар пахта биргаду раисларнинг ўйинчоғига айланган эди.

У пайтда бечора хотинлар бир ҳовуч бошоқ учун мажбур эди ўйинчоқ бўлишга. СССРда, айниқса, уруш пайтида секс йўқ эди.

Бугунги хотинлар эса, мутлақо бошқа информацион маконда яшамоқда. Камина “секс” сўзини қўрқмай ёзаверадиган бир замонда яшаяпти. Улар ҳар нарсани, ҳатто эркаклар “кўрмайди”, деб ўйлаган нарсаларниям кўрган, кўраяпти.

Урушларку охир-оқибат тугайди. Урушлар билан хотинларнинг ўйинчоқлиги ҳам тугайди.

Меҳнат миграцияси эса тугайдиганга ўхшамаяпти.

Умр эса, ўтиб кетаяпти.

Ёлғиз қолган хотинларнинг умри.
XS
SM
MD
LG