Линклар


Москвада таъмирдан чиқарилаётган квартира деворлари орасига товуқ тухумларини суваб ташлаган ўзбекистонлик уста товламачиликда айбланмоқда. Терговчилар иддаосича¸ иш ҳақини ололмаган уста тухумлар бекитилган жойни айтиш учун уй эгасидан 100 минг рубль талаб қилган.

Москванинг Ғарбий округ полицияси ғайриоддий ҳодиса юзасидан тергов олиб бормоқда.

"Рублёвка шоссесидаги қурилаётган уйлардан бирини таъмирдан чиқарган 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси иш ҳақини олганига қарамасдан, уй эгасидан яна 100 минг рубл талаб қилган", дейди ҳодиса тафсилотларини НТВ мухбирига гапириб берган “Крилатское” туман полиция бўлими бошлиғи Андрей Кувшинов:

- Рублевское шоссе 43-уйда яшовчи уй эгаларидан бири бизга мурожаат қилиб, жорий йилнинг май ойида квартирасини таъмирлаган ишчи уни қўрқитиб пул талаб қилаётганини маълум қилган. У деворга тухум қўйиб суваб ташлабди. Бу тухумларнинг қаерда яширинганини кўрсатиш учун у 100 минг рубл талаб қилган. Пул берилаётган пайтда Ўзбекистон фуқароси Жўраев Жонибек қўлга олинди, деди устанинг товламачилик моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортилганини гапирган Андрей Кувшинов.

Маълум бўлишича, квартира ремонти учун пулни олдинроқ бу қурувчиларни пудрат асосида ёллаган бригадир олган.

29 ёшли уста Жонибек Жўраев иш берувчи унга иш ҳақини тўлиқ бермагани боис шундай “эскича” усталар усулида ўз ҳақини ундириб олишга уринганини маълум қилди:

- Мен уйга, Ўзбекистонга кетишим керак эди. Шунда мен уй эгасига қўнғироқ қилиб, мен “кетсам сенга ёмон бўлади, чунки у ерга тухум қўйиб кетаман”, дедим. Мен кетаётганимда тухумларни олиб кетдим, деворда уч донаси қолди. Мен пулларни прорабга берсин деб кетдим, дейди айбсиз эканини гапирган уста Жўрабек.

Терговчиларга кўра¸ текширув пайтида ўзбекистонлик устанинг иккита хонада ўндан зиёд тухум қўйиб кетгани аниқланган.

Тергов пайтида Жонибек Жўраев ҳақиқатан шу йўл билан уй эгасидан пул талаб қилганини тан олган. “Товламачилик” моддаси асосида қўзғатилган жиноий иш юзасидан ўзбекистонлик мардикор 4 йилгача қамоқ жазоси олиши мумкин.

5 июнь куни ҳибсга олинган ўзбекистонлик устанинг ҳозирда Москва тергов изоляторларидан бирида сақланаëтгани айтилмоқда.

Эски анъана

Айтилишича, деворга тухум қўйиб суваш усули қадимдан ўзбек усталари томонидан қўллаб келинган.

Йиллардан бери Россиядаги қурилишларда ишлаб келаётган Бобожон уста ўз ҳақини ололмаётган усталар ҳозирда ҳам эски усталардан қолган бу усулни қўллаб келаётганини айтади:

- Ҳақини бермайди, у-бу деб айб ахтаради, пулни кам беради. Шунда, кетишдан олдин, ҳар жойга тухумларни тиқиб кетади. Лекин уларни тешиб кетади игна билан. Уни тешса тухум сасийди, ачийди, уйнинг ичи сасиб кетади. Кейин уйнинг эгаси ахтариб юради, бузади деворларини. Яъни ё бузиб қайтадан қилади, ё сотиб қутулади. Союз бузилгандан кейин, шу ерга келиб ишлайдиган мардикорлар Россияда бу усулни қўллаяпти-да, дейди шу тариқа устани норози қилган уй эгасини жазолаш усули Россия қурилишларида ҳам кенг қўлланилаётганини гапирган Бобожон уста.

Тухум қўйиб уй эгасини қўрқитган Жонибек уста эса бу усулдан биринчи ва охирги маротаба фойдаланаётганини маълум қилди.

Айни пайтда Интернетга кўра, Россиянинг турли минтақаларида “усталар афсуни”дан жабр кўрган уй эгалари кўпаймоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG