Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:22

Жамоат транспорти - орзуманднинг хаëллари


Самарқандда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш савияси ва маданиятининг ҳали анча пастлиги бу соҳада олиб борилаётган хайрли ишларга соя ташлаб турибди.

Жумладан, ҳайдовчиларнинг кийиниши ва йўловчилар билан муомала маданияти устида жиддий ўйлаб кўриш керак. Ривожланган давлатларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи ходимлар¸ ҳайдовчилар махсус курсларда автомобилни тоза сақлаш, йўловчилар билан муомала килиш одобига ўргатилади, махсус иш формаси билан таминланади, кўкрагига исм-шарифи, мансаб, лавозими ёзиб қўйилган бежик тақиб олишади. Бекатлар микрофон орқали хушмуомалалик билан эслатиб турилади.

Самарқандда ҳам аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ташкилотлари мулкчилик шаклидан қатъий назар автобус ҳайдовчиларини ишга қабул қилиш, хусусий машинасида йўловчи ташишга рухсатнома бериш чоғида таксичиларга шундай талабларни қўйсалар яхши бўларди. Менимча¸ Самарқандда бундай қисқа курсларни йўлга қўйиш учун барча имкониятлар бор.

Яна бир масала. Автобусларда йўлкира пулини тераётган шахслар масаласи. Уларнинг бекатларда жағи тинмай йўловчи чақириб жавраши, бекатларнинг номини бузиб айтиши, турқи-таровати, кийиниши, қўпол муомаласи кишини ранжитади, кўпчилигининг тегишли тартибда қонуний равишда чиптачи бўлиб ишлаётгани ҳам йўловчида шубҳа уйғотади.

Баъзилари ҳали мактабда, коллежда ўқийдиган болалар. Баъзилари ҳайдовчининг қариндошлари ёки ўғли. Транспорт ташкилотлари агар автобусларда шундай ходимларга эҳтиёж бўлса, шахсларни танлаб, уларни махсус курсларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятига, ахлоқ-одобга ўқитиб, махсус форма билан таъминлаб ишга қабул қилса бўлмасмикан?

Автобус ҳайдовчилари кунлик (150-200 минг сўмлик) планни бажариш учун ўз жони ҳатто йўловчилар умрини хавф остига қўйиб бўлса ҳам, тезликни оширган ҳолда олдинда кетаётган бошқа конкурентларини қувиб ўтиб, бекатдан бекатгача пойгалашиб боришади.

Планни бажариш учун светофорда тўхтаб турган пайтда ҳам йўловчи миндиради, бекатдан ташқари жойлардан одам миндириб олишади. Натижада бошка йўл ҳаракати иштирокчиларига жиддий хавф солишади.

Шу тарзда план бажарилса ҳам одам кам бўлди деган баҳоналар билан тушган маблағни ўзларининг чўнтагига қолдиришади.

Қишки пайтларда эса иш вақти тугагач гаражга кетишдан олдин автобусда қолган соляркани шланг оркали канистра идишларга солиб ўзлари учун олиб қолишади.

Шуни унутмаслик керакки, арзимас майда-чуйда бўлиб кўринган нарсалар турмуш тарзимизни, маънавий-маданий савиямизни белгилайди. Жаҳоннинг турли мамлакатларидан қадим Самарқандни томоша қилиш учун ташриф буюраётган сайёҳлар аввало транспорт хизмати кўрсатиш маданияти даражасига қараб дидимизга баҳо беришади.

Орзуга айб йўқ, дейишади. Мен шунчаки, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш маданиятини яхшилаш ҳақида ўз мулоҳазамизни баён қилдим. Йўловчи ташишга мутасадди ташкилотлар буни инобатга олиб, амалга тадбиқ этсалар¸ хайрли иш бўларди.

Самарқанддаги Озодлик мухбири
XS
SM
MD
LG