Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:57

"Тошкент аэропортидаги божхоначилар нега сўкинади?"


Тошкент аэропортининг Божхона назоратидаги тиқилинч.
Тошкент аэропортининг Божхона назоратидаги тиқилинч.
OzodMaktub рукни остида бугун эътиборингизга тингловчиларимиздан келган мактублардан бирини ҳавола қилар эканмиз, унинг таркибида баъзи уят сўзлар мавжудлигидан сизни огоҳлантириб қўймоқчимиз. Бу сўзларсиз тингловчи нима демоқчи бўлгани тўлиқ тушунилмайди, шунинг учун уларни қолдиришга мажбур бўлдик.

***

Ҳурматли Озодлик радиоси мухбирлари, Сизларга мана шу гапларимни ёзаётганимнинг сабаби баъзи давлат ходимларининг одамгарчиликдан анча йироқлашиб кетаётганлигининг гувоҳи бўлганимдир.

Мен, асли, Қирғизистон республикаси Ўш вилоятиданман. Қўшнимиз Ўзбекистонга кўп ўтиб тураман. У ерда қариндошларим¸ танишларим кўп.

Мен ҳозирда савдогарлик билан шуғулланаман. Бир иш юзасидан Малайзияга сафар қилишга тўғри келиб қолди ва мен парвоз учун Тошкент-Куала Лумпур йўналиши бўйича авиабилет харид қилдим.

Биласиз, учишдан олдин аэропортда регистрация бўлади. Тошкент аэропортига биринчи марта келишим. Ҳақиқатан чиройли¸ одам гавжум¸ рейслар кўп экан.

Тўғриси, мен бу ерда биринчи марта декларация тўлдиришим эди. Шунинг учун айрим жойларида хатолик бор экан. Текширувдан ўтиш жойига бордим. Одам кўп экан. Навбатга туриб ҳаммани кузатиб турибман. Шунда мендан олдин бир қаршилик йигит паспорт текширув жойига борди. Қараб турсам ўша жойдаги ходим бояги йигитни бақириб сўка бошлади.

"Э калланга қ.......... Бу ерга пул ёзилмайди. Валютани мана бу ерга ёзасан г...н" деб сўкиб кетди. Ҳамма ҳайрон. У бола эса қизарганча ортига қайтиб кетди.

Тушунмадим, буларга ким ўргатади бунақа муомала қилишни? Йўловчиларга бундай муносабатини кўриб ўйладимки, Ўзбекистонда ишлаётган давлат хизматчилари анча қутуриб кетибди, деб.

Кейин мен бордим текширувга. Ҳали айтганимдек декларациямда хатолик бор экан. Буни қарангки, худди ўша муомала менга нисбатан ҳам такрорланди.

"Э сенлар йи...мисанлар. Нима битта декларацияниям эплаб тўлдиришолмайсанлар. Бор нах... сен ҳам мана бу жойни тўғрилаб кел", деб қолса бўладими.

Ахир ҳаммамиз инсонмиз¸ яхши гапнинг гадосимиз, чиройли гапирса бўладику?! Шуни айтмоқчиманки бу ўтирган жойи ундан олдингилардан ҳам қолган, ундан ҳам қолади, ундан кейингилардан хам қолиши хақ гап.

Мен шунчаки кўрганларимни ёздим холос.

Инсофни ҳаммага берсин.

Ўшлик йўловчи

P.S. Озодлик ҳозирча ўшлик саëҳатчининг Тошкентдан айнан қайси куни¸ қайси рейс билан Куала Лумпурга учгани ҳақида маълумотга эга эмас. Бу маълумот очиқланиши билан уни сизга еткизамиз.
XS
SM
MD
LG