Линклар

logo-print
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг рухсатисиз ёзги таътил пайтида мактаб ўқувчилари ота-онаси билан хорижга саёҳатга чиқа олмайдиган бўлди. Бунинг учун ота-она бир папка ҳужжат йиғиши, туман халқ таълими рухсати билан уни шаҳар халқ таълими бошқармасига топшириши керак. Бошқарма юборган ҳужжатларни эса вазирлик ўрганиб чиқиши ва 14 кун ичида жавоб бериши керак.

Мактабда ўқийдиган фарзанди билан ёзги таътилни хорижда ўтказмоқчи бўлган ота-она боласининг паспортига чиқиш визаси бостириш учун яна қўшимча икки ҳафта югур-югур қиладиган бўлди.

Ўзбекистонда чиқиш визаси олиш жараёнидаги қоғозбозликдан безиб кетган шундай оталардан бирининг Озодликка айтишича, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд қилиш бўлими фарзандининг хорижга чиқиши учун “ГУНО”дан рухсат олиб келишини талаб қилган:

- Ўзи чиқиш визаси олиш учун уч ҳафта кутиш керак. Бунинг устига болаларга горонодан рухсат олиб келиш талаб қилинаяпти. Бир дунё ҳужжатларни тўплаб топширсам, икки ҳафтада жавоб чиқади, деб айтишди. Боламни ўзим билан олиб кетаётган бўлсам, бунинг устига у каникулда бўлса, нима кераги бор бу қоғозбозликни? дейди тошкентлик ота.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Халқ таълими бўлими мулозими ҳақиқатдан ҳам хорижга чиқмоқчи бўлган болаларга шундай талаб қўйилганини тасдиқлади:

- Бизда ота-онанинг иши осон битади. Ота мудиримиз номига ариза ёзади, улар дарҳол кўриб чиқиб, сизга маълумотнома беради. Кейин ота ўша маълумотномани олиб горонога боради, улар 15 кун ичида кўриб чиқади, деди мулозим.

Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик мухбири билан суҳбатда боланинг хорижга чиқишига рухсат бериш ваколати вазирликда эканини айтади:

- Ота-она паспортининг копияси, бола паспортининг копияси, ўқийдиган мактабидан справка, агар бола ота-оналардан бири билан чиқиб кетаётган бўлса иккинчисининг нотариус тасдиқлаган розилиги каби ҳужжатлар тақдим этилиши керак. Биз бу ҳужжатларни ҳаммасини вазирликка жўнатамиз, улар кўриб чиқишади, деди мулозим.

Аëн бўлишича¸ тақдим этилган бу ҳужжатлар Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида икки ҳафта давомида кўриб чиқилади.

Бу ҳақда Озодликка гапирган вазирлик мулозими бундай рухсат олишдан асосий мақсад ўқувчиларнинг мажбурий таълим олишини назорат қилишдир:

- Ўқувчиларимиз қаерда юрибди, нима қилаяпти биз буни билишимиз ва учёт олиб боришимиз керак, деди вазирлик мулозими.

Ўқувчиларни ёзги таътил пайтида назорат қилишнинг нима ҳожати бор, бу қоғозбозликлар ота-оналар учун ортиқча ташвиш эмасми, деган Озодлик саволига мулозим шундай деб жавоб берди:

- Бу рухсат фақат каникул пайти учун чиқарилмаган. Йил давомида шундай бўлади. Биз буни чеклаб қўйишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бола паспортига икки йилга рухсат босиладику, деди вазирлик мулозими.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, бундай тартиб жорий қилинганига тўрт йил бўлган, бироқ шу пайтгача Хорижга чиқиш кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари бу рухсатни талаб қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG