Линклар

logo-print

Freedom House: Постсовет макон демократиядан чекинмоқда


Freedom House ташкилотига кўра, Ўзбекистон энг нодемократик давлатлардан биридир, лекин бунда Россиянинг ҳам ҳиссаси бор.

Freedom House ташкилотига кўра, Ўзбекистон энг нодемократик давлатлардан биридир, лекин бунда Россиянинг ҳам ҳиссаси бор.

Freedom House – Озодлик Уйи ташкилоти эълон қилган навбатдаги ҳисоботида Россия постсовет мамлакатларида демократиянинг ортга кетишида “ҳал этувчи роль” ўйнамоқда, дея хулоса қилди. Ҳисоботда Ўзбекистон энг нодемократик давлатлар қаторига қўйилди.


Маркази АҚШда жойлашган ташкилот 12 июнь куни эълон қилган ҳисоботда собиқ Совет Иттифоқи, Болқон минтақаси ва Марказий Европадаги 29 мамлакатдаги вазиятга баҳо берилган.

“Ўтиш давридаги давлатлар 2014: Евросиёнинг демократиядан чекиниши”, дея номланган тадқиқот муаллифлари Россия ўтган бир йил давомида минтақани “янги, таҳликали репрессия”га етаклаганини баён қилди.

Freedom House ташкилотининг “Ўтиш давридаги давлатлар” лойиҳаси директори Силвана Ҳабданк-Колачковска Озодлик билан суҳбатда, Россия демократик кўрсаткичлар бўйича “жиддий ортга кетиш” рамзига айланди, боз устига бошқа мамлакатларда ҳам “демократидан чекиниш жараёнларига таъсир ўтказмоқда”, дея фикр билдирди:

- Кейинги бир неча йил давомида ва 2013 йилда бу, айниқса, кўзга ташланди, Евросиё, ҳато Марказий Европа ва Болқон минтақасида, мазкур тадқиқотда ўрганилган демократик кўрсаткичлар бўйича ортга кетиш рўй берганини кўриш мумкин. Евросиёда бу ҳолат энг сезиларли ва жиддий бўлди. Россия бу ортга кетиш жараёнининг рамзига айланди ва кўп жиҳатдан демократиядан чекинишга таъсир кўрастди, дейди тадқиқотчи.

Ҳисоботда айтилишича, 2013 йил давомида минтақа бўйлаб демократия бўйича ўртача кўрсаткичлар пасайган. 16 давлатда кўрсаткичлар тушиб кетган, бештасида яхшиланган, саккизтасида эса ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган.

Бутун минтақа бўйлаб коррупция даражаси ошган, жумладан Европа Иттифоқига кирувчи 10 давлатда ҳам ёмонлашув қайд қилинган.

Собиқ совет давлатларининг 12 тасида кейинги 10 йил давомида демократия “жиддий пастлагани” оқибатида минтақа аҳолисининг 80 фоизи, Freedom House таъбири билан айтганда, “ мустаҳкамланган авторитар режимлар” ҳукми остида яшамоқда.

Бу мамлакатларга Ўзбекистон, Россия, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжонлар киради.

Freedom House вакили бу мамлакатлар орасида энг авторитар режимларни алоҳида тилга олди:

- Россияни постсовет маконда энг авторитар давлат деб айта олмаймиз. Минтақада энг ёмон кўрсаткичлари бўлган давлатлар ҳақида гапирганда Ўзбекистон ва Туркманистонни алоҳида қайд этиш жоиз. Лекин асл фактларни олсак, “Ўтиш давридаги давлатлар” тадқиқотидаги кўрсаткичлар бўйича Россия билан бу мамлакатлар ўртасидаги тафовут камаяётганини кўриш мумкин.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга тегишли қисмида бу мамлакатда коррупция кенг тарқалгани, матбуот эркинлиги йўқлиги ва фуқаровий жамият хавфсизлик хизматларининг доимий назоратида экани айтилади.

Freedom House 2013 йилда Ўзбекистондаги демократик вазиятни 7 (1 – энг демократик¸ 7 – энг нодемократик) баллик ўлчов бўйича 6,93 баллга баҳолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG