Линклар

АҚШ байроғи туширилган футболка кийган Нилуфар Усмонова танқид қилинди


Нилуфар Усмонова.

Нилуфар Усмонова.

“Билайн” ширкати пенсионернинг 21 долларини ўғирлади. Қашқардарёда 80 миллион сўм пора олган юқори лавозимдаги мансабдор қамалди. Тошкентлик имом оилани бузувчи сеҳр-жодудан қайтарди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ҳайдовчидан порага уяли телефон олган “гаишник” қўлга тушди”

Тошкент вилояти Бекобод туманида йўл-патрул хизмати инспектори Ихтиёр Болтабоев пора билан қўлга тушди (“Адолат кўзгуси”, 12 июнь).

Инспектор “Спарк” машинаси эгаси Даврон Султоновдан тезликни оширгани учун жарима ўрнига 40800 сўмлик “Нокиа” уяли телефонини олади.

Маълум бўлишича, Тожикистондан гиёҳванд модда олиб келаётган Даврон Султонов бошқарувидаги машина ҳуқуқ идоралари кузатувида бўлган. Шу боис Султонов ҳамда унинг шериклари билан бирга йўл-патрул хизмати инспектори ҳам қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди ЙПХ инспектори Ихтиёр Болтабоевни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этган. Гиёҳвандлик моддалари савдосида айбланган Даврон Султонова ва унинг икки шеригига 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Билайн” ширкати пенсионернинг 21 долларини ўғирлади”

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшовчи пенсионер Светлана Султонова “Билайн” оператори унга қарашли уяли алоқа рақами ҳисобидан бир неча ой давомида 21 доллар ўғирлаганини маълум қилди (“Новий век”, 12 июнь).

Пенсионер вазиятни аниқлаштириш учун Тошкентга – ширкатнинг бош офисига келишга мажбур бўлган. Анча оворагарчиликдан кейин ширкат вакили билан учрашган.

Рақамни текшириш жараёнида 21 доллар маблағ Интернет пакет учун ишлатилгани маълум бўлган. Ёлғиз яшовчи пенсионер Интернет хизматига уланмагани, мазкур маблағ ўғирланганини айтган. “Билайн” ширкати вакиллари эса пенсионерни қуруқ қўл билан қайтарган.

Ҳаққини бузилган деб ҳисоблаган нафақадаги аёл газета орқали “Билайн” ширкатига зарур чора кўришни талаб қилган.

“Қашқардарёда 80 миллион сўм пора олган юқори лавозимдаги мансабдор қамалди”

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникация, комунал хўжаликлар ва ободонлаштириш масалалари бош мутахассиси Эшмирза Хушмуродов уюшган жиноий гуруҳ тузиб, қатор оғир жиноятларни содир этган (“Ҳуқуқ”, 12 июнь).

Юқори лавозимдаги мансабдор шахсий бойлик орттириш мақсадида ғалла ва пахта етиштириладиган ерларни ўзлаштириш, фуқаролардан ер учун пора талаб қилишда айбланган.

Хушмуродов ер ҳужжатларини расмийлаштириш учун жами 19 нафар фуқародан, масалан, фуқаро Акрам Юсуповдан 1000 доллар, Севара Боқиевадан 4,8 миллион сўм, Бахтиёр Жаниевдан 10,5 миллион сўм, Раъно Эшонқуловадан 500 минг сўм, Гулчеҳра Алибоевадан 100 доллар пора олган.

Пора сифатида олинган маблағ миқдори 80 миллион сўмдан ошган. Жиноят ишлари вилоят суди Хушмуродов ва унинг шерикларига “қонун доирасида қамоқ жазоси” тайинланган.

“Хонанда Усмонова АҚШ байроғи туширилган футболка ва йиртиқ шим учун танқид қилинди”

Ижтимоий тармоқларда АҚШ байроғи туширилган футболка ҳамда йиртиқ шим кийган ҳолдаги суратлари тарқаган хонанда Нилуфар Усмонова танқид нишони бўлди (“Даракчи”, 12 июнь).

“Ватан деб кўксингизга уриб, тупроқ қучиб қўшиқ айтишни биласиз-у, наҳот ўз юртингиз қолиб, ўзга юрт байроғини кўксингизда кўтариб юришга ориятингиз йўл қўйса?! Ватанни севишни аввало унга бўлган ҳурматдан бошласак ёмон бўлмасди!” деб ёзади шоу бизнес нашри.

Аввалроқ “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда Усмоновани тўйларга кийиб бораётган кийимлари миллий қадриятлар ва санъаткор маданиятига зид экани учун огоҳлантирганди.

“Тошкентлик имом оилани бузувчи сеҳр-жодудан қайтарди”

Фолбинлар иссиқ-cовуқ қилиб эр-хотин орасига совуқчилик солиши ҳолатлари кўпаймоқда (“Оила даврасида”, 12 июнь).

Тошкент шаҳри “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби Зокиржон Шарифов бир инсонни бошқасига нисбатан илиқ муомалада бўлиши учун “иситиш” ёки одамлар орасини ажратиш - “совитиш” учун қилинадиган сеҳр-жодудан қайтарди. Имом-хатибга кўра, сеҳр-жоду эр-хотинлик, дўстлик, қариндошлик муносабатларига салбий таъсир этиши мумкин.

“Кўпинча содда одамлар илмсизлик қилиб, “Мана қўлида тасбеҳ, уйида Қуръони карим ёки жойнамози бор экан, намоз ўқиркан”, деб фолбинга ишонадилар... Бу уларнинг одамларни ўзига жалб қилиш усулларидан эканини тўғри англамайдилар” дейди имом З.Шарифов.

“Автомобил минг километр юрса, бир кишининг бир йиллик кислородини “еб” қўяди”

Автомобил ҳар 1000 километр юрганда машинаси эгаси бир йил давомида истеъмол қиладиган кислородни “еб” қўяди (“Инсон ва қонун”, 10 июнь).

Битта енгил автомобил кун давомида бир килограммгача зарарли газ тарқатади. Оқибатда ўпка саратони ва бошқа оғир касалликлар юзага келади.

Газета ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун арчазорларни кўпайтиришни таклиф қилади. Ўзбекистонинг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, атмосферага салбий таъсири учун корхона ва ташкилотларга тўловлар белгиланган.

Мақолада америкалик мутахассис Луис Батманнинг “Ё инсонлар ҳаводаги тутунни камайтирадилар, ё тутун Ер юзидаги инсонларни камайтиради” деган фикри келтирилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG