Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Жаҳон банки танқидларга қарамай Ўзбекистонга $410,3 млн. бермоқчи


Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош қароргоҳи
Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош қароргоҳи
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ халқаро танқидларга қарамай Жаҳон банки бу мамлакатга 410,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишга қарор қилди.

Мазкур маблағлар Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантириш ҳамда Қорақалпоғистон жанубида сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларига сарфланиши айтилмоқда.

Жаҳон банки матбуот хизматига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилажак мазкур лойиҳалар мамлакат қишлоқ хўжалигини диверсификациялашга кўмаклашиш бўйича 2012-2015 йилларга мўлжалланган умумий стратегиянинг бир қисмидир.

Биринчи лойиҳа бўйича Ўзбекистоннинг еттита вилояти - Андижон, Жиззах, Фарғона, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида боғдорчиликни ривожлантириш, жумладан мевали дарахтларнинг янги навларини сотиб олиш, мевали боғларни кўпайтириш, шунингдек, мева маҳсулотларини сақлаш ва консерва қилиш учун зарурий инфратузилмани ташкил этиш кўзда тутилган.

242,50 миллион АҚШ долларлик иккинчи лойиҳа эса Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида суғориш тармоқларини ривожлантириш, сув таъминоти устидан бошқарувни яхшилаш, сув таъминоти тизимларини қайта тиклаш ва томчилаб суғориш тизимларини ривожлантиришни ўз ичига олади.

- Сув манбаалари ва суғориш тизимлари устидан самарали бошқарув қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги ва унинг иқлим ўзгаришларига дош беришини таъминлайди, дейилади Жаҳон банки баёнотида.

Ўзбекистон Жаҳон Банки билан 1992 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади.

Лекин, кузатувчилар Жаҳон банки ва халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ажратиладиган кредитлардан мақсадли фойдаланилмаслиги ва фермерларга етиб бормаслигини айтиб келишади.

Cotton Campaign халқаро гуруҳи ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга чек қўйиб, туб ислоҳотларни бошламас экан, Жаҳон банки бу мамлакатга молия ажратишни тўхтатиб туриши керак, деган чақириқ билан чиққанди.

- Ўзбекистонда йиллардан буён давлат xизматчиларидан тортиб, талабалар, мактаб ва коллеж ўқувчилари далада ишлашга мажбурлаб келинади. Қолаверса, коррупция чуқур илдиз отган мамлакатда маблағлар мақсадга мувофиқ ишлатилмайди. Биз Жаҳон банкини маблағлари ана шу мажбурий меҳнатга асосланган пахта саноатига йўналтирилиши мумкинлигидан хавотирдамиз, банкни Ўзбекистондаги шу лойиҳаларни молияламай туришга чақирамиз, - деган эди Cotton Campaign фаоли Мэттю Фишер Дали.

"Cotton Campaign" мактубида 2013 йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурлангани ва пахта далаларида камида 11 одам ўлгани билдирилган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз пахта саноатида болалар мажбурий меҳнатга жалб этилишини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG