Линклар

МХХ Юнусобод газ идорасининг бир неча ходимини ҳибсга олди


Юнусобод газ таъминоти идораси бошлиғи ва унинг ўринбосари ММХ ҳибсхонасида қолаётгани айтилмоқда.

Юнусобод газ таъминоти идораси бошлиғи ва унинг ўринбосари ММХ ҳибсхонасида қолаётгани айтилмоқда.

Шу ҳафта бошида Тошкентнинг Юнусобод тумани газ таъминоти идораси бошлиғи ва бир неча ходими, Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Порахўрликда айбланаётган газ таъминоти бошлиғи билан унинг ўринбосари ҳозирда МХХ ҳибсхонасида қолмоқда. Ҳодиса гувоҳларига кўра, газ таъминоти идораси ходимлари кундузи, маҳаллий аҳоли кўз ўнгида, қўлларига кишан солинган ҳолда олиб кетилган. Ҳибсга олинганлар орасида ҳомиладор аёл ҳам бўлган, лекин бир неча соатдан кейин қўйиб юборилган. МХХ Озодкликнинг бу ҳодисага оид саволларини жавобсиз қолдирди.



9 июнь куни Юнусобод тумани газ таъминоти идорасида рўй берган ҳодиса гувоҳларидан бирининг Озодкликка айтишича, мазкур идора бошлиғи, 35 ёшлар атрофидаги Жаҳонгир Аҳроров билан бирга яна бир неча ходим, жумладан аёлларни ҳибсга олишган.

Шахси сир қолишини сўраган юнусободликнинг айтишича, Аҳроров ва унинг Нурилла (фамилияси номаълум-таҳр.) исмли ўринбосарини ҳибсга олишда куч ишлатилган. Қўлга олинган аёллар орасида ҳомиладори ҳам бор эди, дейди Озодликка воқеа гувоҳи.

“Иккаласини роса дўппослашди. Қўлларига кишан солиб олиб кетишди. Ҳатто аёлларни ҳам кишанлашди. Аёллар орасида бир ҳомиладор кассир жувон ҳам бор эди. Куппа-кундузи бўлди бу. Идорада пул тўлагани келган маҳаллий аҳоли бор эди. Ҳамма хайрон бўлиб қараб турди”, дейди юнусободлик суҳбатдошимиз.

Озодликнинг Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасининг маълум қилишича, 9 июнь кунги ҳибсга олиш операцияси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилган. Қўлга олинган газ таъминоти идораси ходимлари пора олганликда айбланмоқда, деди манбамиз.

Суҳбатдошимиз, ўша куни олиб кетилганлар орасида бир неча эмас, битта аёл бўлганини тасдиқлади.

“Ҳақиқатан, МХХ ходимлари “райгаз” ходимлари билан бирга бир ҳомиладор аёлни ҳам олиб кетган эди. Лекин у бир неча соатдан кейин қўйиб юборилди. "Райгаз" бошлиғи билан яна бир ходими ҳибсда қолмоқда. МХХ уларни порахўрликда айблаб, тергов олиб бормоқда”, деди Озодкликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.

Озодлик мазкур ҳодиси юзасидан изоҳ сўраб, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилди.

Лекин МХХ навбатчи ходими, бундай маълумот бера олмаслигини билдирди. Маълумот олишимиз учун МХХга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги орқали ёзма тарзда мурожаат қилишимизни маслаҳат берди МХХ ходими.

Юнусуободликлардан бирининг Озодликка айтишича, қўлга олиб қўйиб юборилган ҳомиладор аёл орадан бир неча кун ўтиб, ҳозирда ишга қайтган. “Демак унинг порахўрлик айбларига алоқаси йўқ”, дея хулоса қилди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идораларининг куппа-кундузи рейд ўтказиши кейинги йилларда одат тусига кирган.

7-8 июнь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ дам олиш масканида ҳам милиция ходимлари махсус рейд ўтказгани ҳақида Озодлик хабар қилди. Рейд давомида Чорвоқ кўли ва унинг атрофида хавфсизлик қоидаларига зид ҳолда, солиқ тўламасдан ишлаëтган шахс ва гуруҳлар аниқланганини маълум қилди Бўстонлик туман ИИБ вакили.

Озодлик манбаларига кўра, бу рейд пайтида Чорвоққа дам олувчиларни ташиш билан шуғулланадиган хусусий киракашлар, хусусий дачаларни ижарага берадиган тадбиркорлар ҳам қўлга олинган.

Одатда бу каби рейдлар қора ниқоб таққан қуролланган гуруҳлар иштирокида ўтказилади. Лекин сўнгги амалиётларда қора ниқоблилар кузатилмаганини айтишмоқда гувоҳлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG