Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

Бразилияда ким чемпион бўлишини башорат қилиш жониворларга қолди


Қозоқ сайғоқлари
Қозоқ сайғоқлари
12 июнь куни Бразилияда футбол бўйича навбатдаги жаҳон биринчилигининг илк ўйинига старт берилди. Бу ўйин баробарида футбол билан боғлиқ эҳтирослару турфа ғаройиботлар ҳовури ҳам кўтарилиб бормоқда. Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон чемпиони ким бўлишини олдиндан башорат қилган фолбин саккизоëқ Пол ҳамон кўпчилик ëдида қолаëтган айни кунларда¸ Бразилияда олтин кубок қайси давлат миллий жамоасига насиб этишини башорат қилаëтган жониворлар сони ҳам кўпаймоқда. Улар сафига эндиликда қозоқларнинг сайғоғи ҳам қўшилди...


Бразилиядан қайси бахтли жамоа бўйнида олтин медалу¸ қўлида олтин кубок билан уйига қайтишини билмоқчи бўлсангиз¸ Қозоғистон чўлларида улғайган сайғоққа¸ аниқроғи фолбин сайғоқ номи билан Twitterда қолдирилаëтган ëзувларга қаранг.

2010 йилги чемпион айнан Испания бўлажагини олдиндан башорат қилган германиялик саккизоëқ Пол бундай фолбинлик бозорини қизитиб бергани ортидан¸ қозоқ сайғоғининг фолбинлик қудратига ишонаëтганлар ҳам оз эмас. Ҳар қалай¸ Твиттердаги ëзувларга қаралса!

Бразилиялик Каттабош тошбақа¸ Швейцариядаги Мадам Шива номли денгиз чўчқаси¸ Хитойдаги эндигина туғилган панда айиқчалар билан рақобатга киришган қозоқларнинг сайғоғи ҳам жаҳон биринчилигида бошланган ўйинларнинг ҳар бири қандай тугашини башорат қилмоқда.

Футбол олтинлари ҳақида фолбинликда сайғоққа Қозоғистоннинг ўзида ҳам рақиб топилди – айни кунларда Олмаота ҳайвонот боғидаги Томирис номли маймун ҳам¸ ижтимоий тармоқларга кўра¸ ўзига анча-мунча мухлис топиб улгурган.

Twitterдаги ëзишмаларга ишонилса¸ бу жониворларнинг фолбинлик қудрати фақат футбол бўйича жаҳон биринчилиги¸ ëки фақат спорт доирасидагина чекланмайди.

"Мен бепоëн чўлларда югуриб¸ ўз қудратимни шаман дўстим ëрдамида умуман келажак ҳодисаларини олдиндан айтишга сарфлайман” дейилади Twitterда фолбин сайғоқ номи билан қўйилган муждада жумладан.

Аммо сайғоқ футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйин ҳақида қилган биринчи фолбинлигидаëқ хатога йўл қўйди. У Бразилия-Хорватия ўйинининг дуранг тугашини башорат қилган бўлса¸ асл ўйин¸ 3-1 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан тугади.

Аммо фолбин сайғоқ¸ бу хатоликни ўзи эмас¸ адолатсиз ҳакам хатосига йўйди.

“Бу ўйинга ўзбекистонлик рефери (2010 йилги чемпионатнинг илк ўйинини бошқарган Равшан Эрматов назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳакамлик қилиши керак эди”¸ деб қўшиб қўйди “фолбин сайғоқ” ўз твитида.

Агар қозоқ сайғоғига ишонилса¸ 13 июнь кунги ўйинларда Мексика Камерун устидан¸ Чили Австралиядан ғолиб келади¸ Испания ва Ҳолландия ўйини эса¸ дуранг билан тугайди.

Кимнинг чемпион келишига келганда фолбин сайғоқ¸ финалга Аргентина ва Англия жамоаларининг чиқиб¸ чемпионлик аргентиналикларга насиб қилишини башорат этмоқда.
XS
SM
MD
LG