Линклар

Украинанинг Луганск вилоятида шанбага ўтар кечаси Ил-76 русумидаги ҳарбий-транспорт учоғи уриб туширилди. Украина Мудофаа вазирлигига кўра, самолёт бортида бўлган 49 киши ҳалок бўлган. Ушбу ҳодиса АҚШ Давлат департаменти Россия ҳарбий техникаси Украинага олиб ўтилаётгани борасида хавотир билдирганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Украина Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, 14 июнь куни эрталаб Ил-76 русумидаги ҳарбий-транспорт учоғи Луганск аэропортига қўнаётганида айирмачиларнинг ракета ҳужумига учраган.

Самолёт бортида бўлган 49 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

Ушбу ҳодиса АҚШ Давлат департаменти Россия ҳарбий техникаси Украинага олиб ўтилаётгани борасида хавотир билдирганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Жума куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мари Харф Украинадаги айирмачи гуруҳлар Россиядан танклар ва оғир қуроллар олаётгани ҳақда ишончли маълумотлар борлиги ҳақида гапирганди.

-Украина шарқидаги айирмачи гуруҳлар Россиядан олинган оғир қуроллар ва ҳарбий жиҳозларга эга. Улар ихтиёрида Россияда ишлаб чиқарилган танклар ва зенит ракета комплекслари ҳам бор, - деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Мари Харф.

АҚШ расмийсига кўра, учта Т-64 русумидаги танк, бир қанча МБ-21 ракета-зенит комплекслари, ҳарбий машиналар сўнгги уч кун ичида Россиядан Украина шарқидаги Снижне, Торез ва Макиевка шаҳарларига ўтилган.

- Россия бу танклар Украина ҳарбий қисмларидан ўғирланган ҳарбий техника бўлиши мумкин, деб иддао қилмоқда. Лекин мазкур ҳудудларда Украинанинг бунақа техникага эга ҳарбий қисмлари бўлмаган. Аминмизки бу танклар Россиядан олиб ўтилган, - деди Харф.

Украина шарқидаги Луганск вилояти сепаратчи гуруҳлар назорати остидадир. Лекин, Луганск аэропортини Украина ҳарбийлари назорат қилмоқда.

Ўтган ой оҳирларида Украина армиясининг Ми-8 русумли ҳарбий вертолёти Славянск шаҳри яқинида отиб туширилганди.

Вертолёт қўшинларни ҳарбий базага ташлаб қайтаётган пайтда айирмачилар тарафидан нишонга олинганди.

Пайшанба куни Украина президенти Петро Порошенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон муолоқоти чоғида Украина ҳудудига Россиядан танклар олиб ўтилаётгани борасида ташвиш билдирганди.

Ўзларини Донецк Халқ Республикаси, деб эълон қилган айирмачи гуруҳлар ўз ихтиёрида танклар борлигини тасдиқлашган, лекин бу оғир ҳарбий техникани улар қаердан олишганини айтишмаган.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакат шарқида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётини уриб туширган айирмачиларга “адекват жавоб” қилинади, деб айтди.

– Украинага тинчлик керак. Лекин террорчиларга адекват жавоб қилинади, - деди Порошенко.

Украинанинг Луганск вилоятида Ил-76 самолётининг айирмачилар тарафидан уриб туширилиши ва буни оқибатида қирқдан зиёд одамнинг ҳалок бўлиши ортидан мотам эълон қилинди.

Днепропетровск ҳамда Луганск вилоятларида 15-16 июнь кунлари давлат байроқлари туширилади, кўнгилочар тадбирлар бекор қилинади, -деди Луганск вилояти маъмурияти бошлиғи вазифасини бажараётган Ирина Веригина.

Украина Бош прокуратураси Ил-76 самолётининг уриб туширилиши юзасидан тергов олиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG