Линклар

logo-print
Андижон вилояти Бўз туманидаги “Бўзтумангаз” идораси ишчилари маошидан 100-230 минг сўмдан ушлаб қолинаётган пул ҳисобига аҳолининг газдан қарзи бостирилаётгани, аҳолига бепул берилиши керак бўлган 25 литрлик газ баллонлари сотилаётгани иддао қилинган шикоят Озодликка келиб тушди. Идора раҳбари Илҳомжон Иброҳимов бу иддаоларни кескин рад этди ва шикоятчиларни "туҳмат қилаяпти" деб қоралади.


Озодликнинг OzodMikrofonига Андижон вилояти Бўз туманидаги “Бўзтумангаз” идораси ишчилари ва ушбу идора хизматидан фойдаланадиган аҳоли вакиллари номидан ариза келиб тушди.

Идора ишчилари арзида 2014 йилнинг март, апрель ва май ойларидаги ойлик маошларидан 100 мингдан 230 минг сўмгача бўлган миқдорда пули ушлаб қолинаётгани ва ишчиларга бу суммани ўз ихтиёрим билан бердим, мазмунидаги ҳужжатга қўл қўйдирилаётгани иддао қилинди.

Шунингдек, идорага келаётган ва аҳолига текинга ижрага берилиши керак бўлган 25 литрлик газ баллонларининг 80 минг сўмдан 100 минг сўмга қадар нархда сотилаётгани ҳам даъво қилинди.

Бу арзу шикоятлар ортидан мухбир Бўз тумани марказида яшовчи бир ишчи, туманнинг Манноп Жалолов жамоа хўжалигидаги “Ҳайитхон”, “Коммунизм” маҳалларида яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Исмини ошкор қилмаслгимиз шарти билан сўзлашган ишчи ойлик маошларидан мажбурий-ихтиёрий равишда "апрель ойида 50 минг, май ойида 100 минг ушлаб қолингани"ни иддао қилди.

“Ҳайитхон”ва “Коммунизм” маҳалларида яшовчи икки оддий фуқародан бири 8 ой муқаддам эшигини қоқиб келган ва ўзини "“Бўзтумангаз” идораси ходими Ш.О (ходим исми ошкор қилинмаётир - Таҳр.) деб таништирган шахсга газ баллони учун 100 минг сўм бергани, аммо "2-3 кун ичида 25 литрлик газ баллонини олиб келиб бераман", деган ходимнинг ҳануз баллонни бермагани, пулни ҳам қайтармаганини иддао қилди.

Унинг даъвосича, у ўз ҳаққини сўраб тумангаз идорасига бир неча марта борган, аммо пулни олган ва ҳануз идорада ишлаётган ишчи унинг даъвосини қондирмаган.

Бўзлик яна бир суҳбатдош эса 25 литрлик газ баллонини тумангаз идораси ходимидан 45 минг сўмга сотиб олганини иддао қилди. Суҳбатдош ҳодиса бундан 1 ярим йил илгари бўлгани ва тумангаз идоралари газ баллонини сотиши эмас, балки бепул ижарага бериши кераклигидан уни ҳеч хабардор қилмаганини айтмоқда.

Шунингдек, Озодликка “Бўзтумангаз” идораси устидан арз қилганлар "туманнинг бир неча колхозлари катта йўллари бўйидаги газ трубалари кесиб олиниб, ноқонуний равишда сотилаётгани"ни иддао қилдилар.

Иддаога кўра, маҳалла қўмитаси раҳбари бу трубалар қўмита масъулиятида бўлгани боис, "туман ҳокимига арз қилган ва туман ҳокими ўз номидан бу трубаларни қазиб олишга кўрсатма бўлмаганини айтгач", маҳалла аҳлида трубалар ноқонуний равишда кесиб олинмоқда, деган тасаввур пайдо бўлган.

Хуллас, “Бўзтумангаз” идораси устидан юборилган аризада тилга олинган бир неча жиддий даъволар ортидан Озодлик мухбири тумангаз идорасининг раҳбариятига боғланди.

Ўзини идорага 4 ой олдин тайинланган раҳбар Илҳомжон Ибрагимов, деб тақдим қилган мутасадди бу арзу шикоятларнинг аксар қисмини ипидан-игнасигача инкор қилди ва Озодликка берган интервью беришга рози бўлди.

Мухбир билан суҳбатда бу раҳбар ходим шикоятчиларнинг ўзини "раҳбарлар устидан асоссиз ёзув-чизув қилиб юрадиган, “туҳматчи” кимсалар" эканини иддао қилди.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.


Андижон вилояти, “Бўзтумангаз” идораси раҳбари Илҳомжон Иброҳимов суҳбат чоғида бу вазифага 4 ой олдин тайинлангани ва унга қадар идорада бўлган ҳолатлар, эҳтимолий қонунбузарликларга унинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Унинг даъвосича, ҳозир идорада қонунга зид бирор ҳаракат бўлаётгани йўқ.

Муҳими, бу мутасадди идоранинг аввалга раҳбари ва бир неча ходимига нисбатан жиноят иши очилганини айтди.

Яъни, унинг суҳбат асносида айтишича, идорада 30 фоизга яқин ходим судланган, уларнинг кўпчилиги оқланган ва яна айни идорада ишини давом эттирмоқда.

*****************************************************************************
Муҳтарам муштарий, агар ўқиганингиз бу мақоладаги ҳолатдан сиз ҳам хабардор бўлсангиз, унга қўшимча қиладиганларингиз бўлса ёхуд сиз яшаб турган туманда ҳам бу мавзуга алоқадор маълумотларни Озодлик муштарийларига улашиш нияти бўлса, Озодликка боғланинг!

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG