Линклар

Россия танкларининг Украина ҳудудига ўтгани ва Ил-76 ҳарбий-транспорт учқичининг айирмачилар тарафидан уриб туширилганидан ғазабга тўлган украиналик намойишчилар Киевда Россия элчихонасига тухум ва тош улоқтирди, элчихонадаги Россия байроғини юлиб ташлади, дипломатларнинг машиналарини ағдарди. Киев расмийлари Россия элчихонаси олдидаги норозилик акцияси қатнашчиларидан провокация қўзғатиш мақсадида фойдаланилганини айтмоқда.

"Киевдаги Россия элчихонаси олдидаги шанба кунги норозилик акцияси қатнашчиларидан провокация қўзғатиш мақсадида фойдаланилган". Украина Ташқи ишлар вазирлиги 15 июнь куни ана шундай баёнот тарқатди.

Вазирлик расмийларига кўра, Россия элчихонасига ҳужумда қатнашган айрим провокаторлар ҳибсга олинган, элчихона хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қилинаяпти.

Кеча Киевда Россиянинг Украинага нисбатан сиёсатига қарши норозиликлар тартибсизликларга айланиб кетди.

Россия элчихонаси олдида юзлаб одам иштирокида ўтган акция қатнашчилари Россия танкларининг Украина ҳудудига ўтгани ва Ил-76 ҳарбий транспорт учоғининг уриб туширилганига норозилик билдирди.

Намойишчилар элчихонадаги Россия байроғини юлиб ташлашди, элчихона биносига тухум ва тош улоқтиришди. Шунингдек, улар элчихона олдидаги Россия дипломатларининг машиналарини тепиб, ағдариб ташлашди.

АҚШ Киевдаги Россия элчихонаси олдидаги тартибсизликларни қоралаб чиқди.

Вашингтон Киев ҳукуматини элчихоналар хавфсизлигини таъминлаш бўйича олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирди.

Украинанинг Луганск вилоятида шанбага ўтар кечаси Ил-76 русумидаги ҳарбий-транспорт учоғи айирмачилар тарафидан уриб туширилганди.

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, самолёт бортидаги 49 ҳарбий ҳалок бўлган. Шу муносабат билан бугун Украинада мотам куни, деб эълон қилинган.

Украина Президенти Петро Порошенко мамлакат шарқидаги айирмачиларга бу қилмишлари учун албатта жавоб қайтарилишини айтди.

Жума куни АҚШ Давлат департаменти Украинадаги айирмачи гуруҳлар Россиядан танклар ва оғир қуроллар олаётгани ҳақида ишончли маълумотга эгалигини билдирганди.

Айни пайтда НАТО Россия танклари Украина ҳудудига ўтганини тасдиқловчи сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратларни эълон қилди.

Шанба куни эълон қилинган бу суратларда Россиянинг Ростов вилоятидаги ҳарбий базасида турган танкларнинг жойлашуви акс этган. Бошқа суратда айни шу танкларнинг Украина ҳудудларига ўтганини кўриш мумкин.

Россия ўз танклари Украина ҳудудига ўтганини кескин рад этиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG