Линклар

logo-print
Афғонистонда йўл четига қўйилган бомба президентлик сайлови ташкилотчилари минган микроавтобус яқинида портлаши оқибатида 10 одам нобуд бўлди.

Ҳалок бўлганлар орасида бир ёш бола ҳам борлиги айтилади.

Автобус президентлик сайлови ташкилотчиларини уйига элтиш учун йўлга чиққанида портлаш рўй берган.

Ҳодиса Саманган вилояти маъмурий маркази Ойбек шаҳрида якшанбага ўтар кечаси рўй берди.

Саманган вилояти ҳокими Содиқ Азизи Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари Афғонистон марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, олти нафари кузатувчилар бўлганини айтди.

Толибон Афғонистонда 14 июнь кунги президентлик сайловини барбод қилиш билан пўписа қилганди.

Озодликка маълум бўлишича, Хирот вилоятида Толибон жанггарилари сайловда қатнашган 11 сайловчининг бармоғини чопиб ташлаган.

Сайловчиларни овоз беришда қатнашгани учун Толибон шундай жазолаган. Сайловчиларнинг қайта овоз беришлари олдини олиш учун уларнинг бармоғи қора сиёҳга ботирилади.

Кеча Афғонистонда президентлик сайловининг иккинчи давраси ўтказилди.

Сайловнинг биринчи босқичида энг кўп овоз олган икки номзод, Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло ва собиқ молия вазири Ашраф Ғанилар президентлик курсиси учун курашди.

Сайловни биринчи босқичида Абдулло Абдулло 45 фоиз, Ашраф Ғани 31 фоиздан кўп овоз қозонган эди.

Президентлик сайлови натижалари 22 июль куни маълум бўлади.
XS
SM
MD
LG