Линклар

Каримов Обаманинг маслаҳатчиси билан минтақа хавфсизлиги кафолатларини муҳокама қилди


Ўзбекистон Президени Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президени Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 13 июнь куни АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси Селест Анна Уолландер билан бўлган учрашув чоғида Марказий Осиёда ядровий қуролдан ҳоли макон яратиш келишувига доир хавфсизлик протоколи муҳокама қилинди. Кузатувчилар минтақадаги хавфсизлик масалаларига эътиборнинг кучайганини Украина бўҳрони билан боғламоқда.



Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Каримов билан Обама маслаҳатчиси ўртасидаги учрашув давомида муҳокама қилинган масалалар орасида Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протокол ҳам бўлган.

Мазкур протоколнинг АҚШ ва ядровий салоҳиятга эга “бешталикка” кирувчи қолган давлатлар томонидан имзоланиши ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги битимни амалга тадбиқ қилиш ва "минтақа ва халқаро хавфсизликни таъминлашнинг муҳим жиҳати ҳисобланади", дея қайд этилади расмий хабарда.

Президент Каримов билан Обама маслаҳатчиси ўртасидаги учрашувда Афғонистондаги вазият ҳам муҳокама қилингани хабар қилинмоқда. Қўшма Штатлар ва НАТО кучлари шу йилнинг охирига қадар Афғонистондан ўз жанговар қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга умид қилмоқда.

Айрим кузатувчилар ядровий қуроллардан холи зонага доир хавфсизлик кафолатлари масаласининг Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида юқори даражада муҳокама қилинаётгани Украина бўҳрони авж олаётган пайтга тўғри келганига эътибор қаратмоқда.

Россия Фанлар Академияси Психология институти илмий ходими, ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича эксперт Тимофей Нестик Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро муносабатларнинг охирги пайтларда қуюқлашаётгани бир неча омил билан изоҳлайди.

“Биринчи эҳтимолий сабаб: ўртаҳол давлатларнинг кучли давлатлар ўртасида баланс йўлини топишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари билан боғлиқ”, дея давом этади мутахассис:

- Кучлар мувозанатининг ўзгариши давом этмоқда. Ўзини ўта қудратли мамлакатлар қаторига қўша олмайдиган давлатлар учун бу ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, таҳдидларни бошқариш усулидир. Буни биз сиёсий PR ёки сиёсатда кенг қўлланилаётган “юмшоқ куч” деб ҳам аташимиз мумкин. Жаҳоннинг қудратли мамлакатлари орасида мувозанат сақлашга мажбур бўлган давлатлар, хусусан Ўзбекистон, кўп тарафлама шартномалар, келишувлар асосида ўзининг пойдеворини мустаҳкамлайди, турли давлатлар билан ҳамкорлик бўлмаса-да, илиқлик муносабатларини ўрнатади,- дейди сиёсатшунос.

Масалани сиёсий психология нуқтаи назаридан таҳлил қилган Тимофей Нестик, буни барча давлатлар учун катта ва кичик иқтисодий-сиёсий келишувлар асосида изоляциядан чиқишининг асосий ва деярли ягона йўли эканини таъкидлади.

У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Марказий Осиёда ядросиз ҳудудни ташкил этишга қаратилган ҳар қандай сайъ-ҳаракатларни психология нуқтаи назаридан ижобий баҳоланишини айтди. Таҳлилчи эндиликда ядро қуролига эга давлатлар Марказий Осиё давлатларининг ядросизлик мақомини ҳурмат қилишга мажбур этилгани, шунингдек минтақа мамлакатларига нисбатан ядро қуролини қўлламаслик ва ҳатто уни қўллаш билан таҳдид қила олмасликларини ҳам эслатади.

“Бироқ, масаланинг бошқа сабаби ҳам борлигини тахмин қилишимиз мумкин: Россиянинг Украинадаги қўпол ҳатти-ҳаракатлари минтақа раҳбарларини ўз сиёсатларига ўзгартиш киритишга мажбурламоқда”, дейди Тимофей Нестик.

- Бу келишувлар минтақа мамлакатларининг “Йигитлар, биз фақат қоидаларга риоя қилган ҳолда ўйин қиламиз”, деган ишорасидир. Ядросиз зонанинг ташкил этилиши психологик нуқтаи назардан ҳам ҳимояланиш имконини беради. Ҳар ҳолда, Россиянинг Украинага нисбатан ҳаракатлари минтақа лидерларининг ўз нейтралитетини яна бир бор тасдиқлашга ундади. Ахир бугунги кунда сиёсий саҳнада юзага келган энг йирик муаммо – сиёсий ишончнинг йўқотилаётгани. Давлатларнинг бир-бирига ишончсизлиги жаҳон ҳамжамиятининг ҳам иқтисодиёти, ҳам хавфсизлигига жиддий путур етказмоқда,- дейди Россия Фанлар Академияси таҳлилчиси Тимофей Нестик.

Собиқ Совет Иттифоқи тарқалиши ортидан, Украина ўз ядровий салоҳиятидан воз кечиб, Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимига қўшилиши эвазига 1994 йилда АҚШ, Россия ва Британия томонидан Украинанинг хавфсизлигини кафолатлашга доир Будапешт меморандуми имзоланган эди.

Шунга қарамасдан, Россия март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилди ва ҳозирда мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани айтилмоқда.

2014 йилнинг 6 майида БМТнинг Нью Йоркдаги бош қароргоҳида ядровий “бешлик” – АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия ўртасида Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш тўғрисидаги шартноманинг Хавфсизлик кафолатлари тўғрисида халқаро ҳужжат имзоланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG