Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:36

Шимолий Вазиристонда қуршовга олинган ЎИҲнинг 105 жангариси ўлдирилди


Покистон махсус хизматлари 16 июнь оқшомига қадар Шимолий Вазиристон минтақасидаги ҳаво ҳужумларида 105 ўзбек жангариси ўлдирилганини маълум қилди. Расмий маълумотга кўра, ЎИҲ жангарилари минтақада қопқонда қолган — уларнинг Афғонистонга олиб борувчи чегара йўлакларининг аксарияти АҚШ ҳарбийлари томонидан тўсилган.


Покистон ҳарбий самолётлари Шимолий Вазиристон минтақасидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракатига тегишли кўрилган манзилларни ҳаводан ўққа тутишни давом эттирмоқда.

16 июнь куни оқшом ҳарбийлар 15-16 июнь кунги ҳужумлар натижасида жами 187 жангари ўлдирилганини маълум қилди. Булардан 105 нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари экани айтилмоқда.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф 16 июнь куни Афғонистон президенти Хамид Карзайга қўнғироқ қилиб ҳарбийлар амалиёти давом этаркан, жангари гуруҳларнинг чегарадан кесиб ўтишини тўхтатишда ёрдам сўради.

АҚШнинг Афғонистондаги бош қўмондони генерал Жозеф Данфорд Америка ҳарбийлари Афғонистон-Покистон чегарасидаги назоратни кучайтиргани ва умумиятла, жангариларнинг чегарани кесиб ўтишига оид ҳолатлар кузатилмаётганини айтди.

Шимолий Вазиристон минтақаси Афғонистондаги НАТО базаларига ҳужум уюштираётган Толиб ва ЎИҲ жангариларининг бошпанаси ҳисобланади. Шу пайтга қадар икки қўшни давлат бу террор гуруҳларига қарши етарли чора кўрмаганликда бир-бирини айблаб келади.

Аммо, Карачи аэропортига ҳужум уюштирилганидан сўнг Покистон ҳарбийлари бу минтақадаги жангари гуруҳларга қарши қақшатқич амалиётларни бошлади.

10 июнь кунги ҳужум чоғида 38 киши ўлган, шунингдек ЎИҲ аъзолари экани айтилган 10 жангари ҳам ўлдирилган эди.

Орадан икки кун ўтиб, қуролланган жангарилар яна айни аэропортга кириш ва аэропортни қўриқлаётган хавфсизлик кучларнини ўққа тутиш, ҳатто соғ-омон қочишга ҳам муваффақ бўлди.

Ана шу ҳужумлардан сўнг Покистон хавфсизлик кучлари 15 июнь куни эрталабдан Шимолий Вазиристонда жанггариларнинг камида саккиз жамлоғига ҳаводан зарба берди ва натижада, 100 дан зиёд жанггари ўлдирилди.

Зарбалар нишони, асосан Карачи аэропортига ҳужум учун масъулиятни зиммасига Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг базалари бўлмоқда.

Якшанба куни ўтказилган амалиёт чоғида, покистонлик ҳарбийлар иддаосига кўра, Карачидаги аэропортга уюштирилган ва беш соатдан зиёдроқ давом этган ҳужум ташкилотчиларидан бири Абу Абдулраҳмон ал-Маоний ҳам ўлдирилган.

Покистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бу амалиётлар айни ҳудудда ўзбек жанггарилари ва бошқа қуролли гуруҳлар борлиги тасдиқланганидан кейин бошланган.

Бунга қадар покистонлик толиблар ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўзбек жанггарилари Карачи аэропортига қилинган ҳужумда иштирок этгани ҳақида баёнот тарқатгандилар.

Хусусан, ЎИҲ эълон қилган баëнотда иддао қилинишича¸ Карачи аэропортига ҳужум уюштирган 10 мужоҳид олти соат давомида аэропортдаги Покистон ҳарбийлари ва АҚШ жосуслик хизматларига тегишли самолётларнининг катта қисмини вайрон қилган.

Баëнотга худкушлик амалиëтини уюштирган ҳаракат 10 аъзосининг сурати ҳам илова қилинган ва бу ҳужумнинг Покистон армияси 21 май куни Вазиристондаги жангарилар базасига уюштирган ҳарбий амалиëтлар учун қасос экани таъкидланди.

Наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний томонидан ташкил топган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ал-Қоида террор ташкилотига алоқадор гуруҳ сифатида халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

2013 йилда Покистоннинг Кветта ва Курам минтақаларидаги ҳужумлар учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўзининг шу кундаги ҳадафи Афғонистон хавфсизлик кучлари ва Покистон армияси эканини эълон қилган.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчилар, Тоҳир Йўлдош ўлимидан сўнг бир неча юз аъзоси қолган Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳозирга келиб қайта жонланиб, бир неча минг кишилик бу гуруҳнинг Марказий Осиë хавфсизлигига таҳдиди ҳам кучайиб бораëтганини айтмоқда.

Озодликнинг минтақадаги мухбирларига кўра, Шимолий Вазиристон минтақасида ҳарбий амалиётлар бошланганидан буён 50 мингга яқин одам уйларини ташлаб чиққан. Уларнинг 10 минги Афғонистониннг Хост вилоятидаги қочқинлар лагерида жон сақламоқда.
XS
SM
MD
LG