Линклар

Ўзбекистондаги “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг Андижон вилоятидаги филиалларидан бири ходимининг Озодликка хабар қилишича, тиражи жорий йилнинг декабрида ўтказиладиган “Фаровонлик” пул-буюм лотереяси банкнинг ўз ходимларига мажбуран сотилмоқда.

Банкнинг Тошкентдаги бош идораси расмийси филиал ходимининг хабарини инкор этар экан, лотереяни сотиб олишга раҳбарият ходимларни мажбурламаётгани, ходимлар банкни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз хоҳишлари билан сотиб олаётганини таъкидлаб айтди.

Андижондан келган хабар “Фаровонлик” лотереяси билан боғлиқ биринчи шикоят эмас.

“Агробанк” донаси 5000 сўмдан бўлган жами 50 млрд сўмлик лотерея чиқарган. Қимматлигидан ҳеч ким олмасдан банк ходимларига мажбурий тартибда 500 минглик, 1 миллионлик лотереяни ўтказишаяпти. Ўзи ойлигимиз арзимаган 300 – 400 минг сўм холос. Ўйин декабрда бўлади. Унгача 5 ой ойлик оламизми ёки лотереями? Шунга кўпчиликнинг боши қотган”, дейилган Озодликка WhatsApp орқали келган мактубда.

Озодлик хат муаллифи билан боғланди. Исмини айтмаслигимизни сўраган йигит хатида келтирилган маълумотларни яна бир бор айтиб берди.

“Агробанк”нинг суҳбатдошимиз ишлайдиган филиалининг Озодлик мурожаат қилган расмийси саволга жавоб беришни истамади.

Банкнинг водийдаги яна бир филиали ходимасининг айтишича, лотерея “на мижозларга, на банк ходимларига мажбуран сотилаяпти”.

Унинг айтишича, “Фаровонлик”ка қизиқиш бор, чунки “ютуққа 10 та “Каптива”, 10 та “Малибу”, 10 та “Кобальт”, 10 та трактор қўйилган”.

“Агробанк”нинг Тошкентдаги бош идорасининг вакили ҳам лотереянинг банк ходимларига мажбуран сотилаётгани тўғрисидаги иддаони рад этди. Шу билан бирга айнан мана бундай деди:

“Мажбурлашаётгани йўқ. Лекин тушунтиришаяпти. Тушуниб олаяпмиз. Битта биз эмас, кўчадан киришиб ҳам олишаяпти. Биз банкимизни қўллаб-қувватлаш учун олаяпмиз. Турмуш ўртоғимга ҳам айтдим, ёрдам қилинг, деб. Ўғлимгаям айтдим. Оиламиз билан 100 тадан зиёд олдик”, деди “Агробанк”нинг Тошкентдаги бош идораси вакили.

Афтидан лотереяни ўз ходимларига ихтиёрий-мажбурий сотиш “Агробанк”нинг барча филиалларида ҳам бир андозада эмас: бир жойда ихтиёрий-мажбурий, бошқа жойда мажбурий-ихтиёрийга ўхшайди.

Масалан, Тошкентдаги ҳамкорларимиздан бири “Агробанк”нинг Тошкентдаги филиалларидан бирига атайлаб бориб кўрди ва “мажбурлаш йўқ экан”, деган гапни топиб келди.

“Агробанк”нинг расмий сайтидаги маълумотлардан келиб чиқилса, мазкур молия муассасасининг “Фаровонлик” лотереяси билан боғлиқ ташвиши кичик эмасга ўхшайди: Muomalaga 10.000.000 dona lotereya bileti chiqarilgan.

Мамлакатнинг 30 миллион кишилик аҳолисига 10 миллионта билет!


Айнан шу лотерея билан боғлиқ мавзуни Озодлик ўтган ойда ҳам кўтарган эди.

2 май куни тайёрланган мақолада Хоразм вилояти Қўшкўпир туманилик ҳамда Бухоро вилояти Олот туманилик икки ўқитувчининг ўзлари ва ҳамкасбларига ойликларнинг бир қисми "Агробанк" лотереялари ҳисобидан берилаётгани тўғрисида хабар берилган эди.

Ўша мақолада “Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси ходимларидан бирининг ҳам вазият юзасидан шарҳи берилган эди. Лотерея мажбурлаб сотилишини кескин рад этар экан, банк расмийси бундай деган:

- Ихтиёрий бу, мажбурий эмас. Планни бажариш ўз йўлига. Лекин, биз жойлардаги бўлимларимизга айтганмиз, ишхоналарга берилаётган бўлса тушинтир, мана бунақа ютуқлари бор, деб айтганмиз. Лотереялар таклиф қилиняпти, олишга мажбурлаётганимиз йўқ, ҳеч кимни, - деган эди “Агробанк” ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG