Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Товаронлик мактаб ўқувчилари қотилликда айбланмоқда


18 июнга ўтар кечаси Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Кичик Мўндиён қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Товарон қишлоғидаги 19-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчилари қишлоқда истиқомат қилувчи фуқаролардан бирини ширакайф ҳолда уриб ўлдиришган.


Бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилган воқеа гувоҳларига кўра, битирув оқшоми муносабати билан ташкил этилган базмда спиртли ичимликлар ўсмирларнинг қонини қизитган.

— Ҳозирда ўтиришда иштирок этган ва маҳалладошни маст ҳолатда уриб ўлдирган болалар ва уларнинг ота-оналари, мактаб директори, завучи ва синф раҳбарларининг ҳаммасини Каттақўрғон мелисахонасида ушлаб ўтиришибди. Жанжални бошлаган 3-4 та болани қамашади, дейишаяпти. Ота-оналар, қариндошлар мол-ҳолини сотиб, мелисахонага югуришяпти. Лекин ўлган одамнинг ўзи ҳам айбдор бўлган, болаларни сўккан, дейишаяпти, - деди товаронлик педагог Ҳалим Саидов.

Маълум бўлишича, 9 йиллик таянч маълумот берувчи мазкур мактаб 9-синф ўқувчиларининг ҳар бири битирув оқшоми харажати учун 75 000 сўмдан пул йиғишган, қўй сўйишган, спиртли ичимликлар харид қилишган.

Улар кечки соат 9 дан тонгги 5 га қадар базм қилишган, қўшни Каттақўрғон шаҳридан санъаткорлар чақиришиб, кеча уюштиришган. Оқшом очилишида мактаб маъмурияти ҳам иштирок этган.

Каттақўрғон тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлимининг исмини очиқламасликни сўраган нозирига кўра, маҳаллий маориф вакиллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг битирув оқшомлари ўтказишни таъқиқлаш ҳақида ёзма равишдаги буйруғини олганига қарамай, ўсмирларнинг жиноятларига билвосита йўл қўйиб беришган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунчилигининг безорилик, танага оғир жароҳат етказиш ва одам ўлдиришда гумонланаётган мактаб ўқувчиларига қўйилаётган айблов ўз исботини топса, улар 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG