Линклар

logo-print

16+ Блог: Қиблага айланган тўрт томон ёки корейсона муҳаббат

  • Сарвар Усмон

Ўзбек қизларини корейс куёвларга топиб бераётган никоҳ агентлиги саҳифасидан олинган сурат.

Ўзбек қизларини корейс куёвларга топиб бераётган никоҳ агентлиги саҳифасидан олинган сурат.

Дарё чапдан ўнгга оқиши керак. Ҳар қандай дарё сўлда бошланиб, соғда тугаши керак.

Лекин қаерга бормай, дарёси тескари оқади.

- Нега тескари? - сўрайман қаерга бормай ўша ерликдан дарёсига тикиларкан.

- Нега тескари бўларкан? – ҳайрон бўлади ерлик ва менга ғалати қараб, ёнимдан бир қадам жилиб олади.

Кўз очиб кўрганим дарё чапдан ўнгга оққан эдида!

“Нариги соҳилига ўтсангиз, соғдан сўлга оқади-ку?” – эс бўла бошлайсиз менга.

Биламан, биродар.

Лекин мен дарёга узоқ вақт битта томондан – уйимиз томондан борганман.

Нариги соҳилга ўтишга кичик эдим, рухсат йўқ эди.



Дунё эса, аксинча соғдан сўлга оқади-кенгаяди. Харитадаги дунё.

Тикилиб турганим харитадаги нуқта – туғилиб ўсганим юрт.

Ўнгда Чин. Уни болаликдан биламан. Ёнбошида номини овозим дўриллаганида таниганим юртлар. Улар мен учун тушунуксиз. Мен учун қоронғи.

Чапда – кенглик. Чапда Москва, Париж, Лондон, Қоҳира.

Янаям чапроқда Нью-Йорку Рио.

Рио де Жанейро. Бендер ҳавас қилган оқ шим кийганлар юрти. Сеҳр тўла шаҳарлар.

Каттароқ бўлганимда Истанбулни танидим – уйқумни йўқотдим.

Евроцентристик таълим толибиман. Якобинчилардан айтайми, Қадимги Юнон мифлариданми?

Чала-чулпа бўлса ҳам нимадир биламан хаританинг сўлидаги кенгликлар тўғрисида.

Хаританинг ўнгдаги торроқ қисми тўғрисида тасаввурим йўқ эди эсимни таниганимда. Ўнгдаги қисм - terra incognitа эди мен учун.

Шунданми, сўлдаги халқлар менга ўз кўринади.

Шунданми, ўнгдагилари – ўгай.

Ҳатто ўзим “карис” бўлсам ҳам (болалигимдаги лақабим).

Ҳатто бир корейс қизни бир эмас, икки эмас, уч кеча-кундуз севган бўлсам ҳам ўгай.

Ўспиринликдан чиқиб, йигитликка кираётган, тушгача бир қизни, тушдан кейин бошқа қизни севиб қоладиган ёшимда битта қизни севишга уч кун сарфлаш мен учун мислсиз эди!

Чиройли эди, териси йуупқа, тирсиллаган қиз эди. Билагига қўлим тегса, тарс этиб ёрилиб кетса керак, деб ўйлардим.

Чиройли қизлардан қўрққаним учун юрак ютиб ёнига боролган эмасман. Узоқдан севганман. Тўртинчи куни бошқа қизни кўриб қолдим...

Ҳа, ўзим “карис” бўлсам ҳам, корейс қизни "севган" бўлсам ҳам, ўша гўзалнинг қондошлари яшайдиган юрт ҳанузгача мен учун ўгай юрт.

Шунинг учун тушунолмаяпман ўзбек қизларининг Кореяга эрга тегишни ҳавас қилишини. Ҳеч-ҳеч тушунолмаяпман. Ва ўқиётганингиз тушунишга уринишдир.
Тушунишга уринаркан, яна харитага қайтаман.

Прагадан Нью-Йоркка учаркан, учоқ Франция узра, Испания узра парвоз қилиб, Атлантика устидан ўтади, Америкага етади, деб ўйлардим.

Ўша учоқ ичида сигарет билан айрилиқдан азият чекиб (чекиб!) ўтираркан, бир вақт кўзим мониторга тушиб қолди: Гренландия устидан учаётган эканмиз.

“Қизиқ!” деб қўйдим. “Океан устидан учишга қўрқишармикан, қуласак, ерга қулайлик, дейишармикан”, деб ўйладим. Ўйимдан кулгим келди. Ўйимдаги даҳшатдан қўрқиб кетиб, ўйламай қўйдим. Ўйласам, чекким келаверади.

“Қачон етамиз-е, бу Америкасига!”

Нима бўлдию бир кун уйдаги ўйинчоқ глобусни чириллатиб айлантираркан, бирдан бош ишлаб қолди: самолёт “карта узра” эмас, “глобус узра” учади!

Шундоқ Прагадан кўтарилади-да, шимолга қараб учиб, кейин жанубга шунғий қолади!

Буни қаранг, дунёни бир умр тўртбурчак кўриб юрибман! Аслида у думалоқ экан.

Дарёлар ҳам фақат чапдан ўнгга эмас, ўнгдан чапга ҳам оқар экан!

***

Ўқиганларингизни ўзбек қизларининг Кореяга, ҳў Узоқ Шарққа, узоооқ шарққа эрга тегишни ҳавас қилишини тушунишга уриниб ёздим.

Шууримиз стереотиплар исканжасида эканлигини айтмоқ бўлдим.

Исканжаларни парчалаш, кенгроқ бўлиш, кенгфеълроқ бўлиш керак, деган фикр сизиб чиқмоқда ёзганларимдан.

Шундай демоқчи эдимми? Билмайман. Ёзувдим, шундай бўлиб чиқди.

Лекин барибир кўнглим равшан эмас.

Нимасидир нотўғрига ўхшайвераяпти.

Ўзбек қизининг узооқ шарққа эрга тегишни ҳавас қилишида нимадир нотўғрига ўхшаяпти.

Консерватор бўлиб қолдимми ё?

Билмадим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG