Линклар

Покистон ҳарбийлари ҳужумида толибларнинг ўзбек қўмондони ўлди


Покистондаги Таҳрики Толибон жанггари гуруҳининг ўзбек қўмондони Абу Асар Покистон ҳарбийлари 17 июнь куни амалга оширган ҳаво ҳужумида ўлди. Икки кун аввал Покистон ҳарбийлари уюштирган ҳужумда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) қўмондонларидан бири Абу Абдурраҳмон ал-Маоний ўлдирилган эди.


“Худкуш ҳужумлар устаси” лақаби билан танилган Покистондаги Таҳрики Толибон гуруҳининг ўзбек қўмондони Абу Асар Покистон ҳарбий учқичлари сешанба куни эрталаб Шимолий Вазиристон вилоятида амалга оширган ҳаво ҳужумида ўлган.

18 июнь куни Покистондаги ахборот воситалари расмийларга таяниб тарқатган хабарларга кўра, Абу Асар Покистон ҳудудида қатор худкуш ҳужумлар уюштириш учун масъул бўлиб келган.

Покистонлик ҳарбийлар иддаосига кўра, ҳаво ҳужуми натижасида Карачи шаҳридаги аэропортга 8 июнь куни қилинган ҳужум ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) қўмондонларидан Абу Абдурраҳмон ал-Маоний ҳам ўлдирилган эди.

Покистон ҳарбийлари Афғонистонга чегарадош бўлган қабилалар яшайдиган Шимолий Вазиристон минтақасида 13 июнь куни толиблар ва хорижий жанггариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар бошлаган.

Покистон хавфсизлик кучлари матбуот хизмати (ISPR) иддаосига кўра, амалиётлар бошлаганидан бери 200 дан ортиқ жанггари ўлдирилган ва уларнинг аксарини ўзбеклар ташкил қилади.

Айни пайтда Таҳрики Толибон ҳаракатининг матбуот котиби Шаҳидуллоҳ Шаҳид тўқнашувлар пайтида толиблардан 8 нафари ҳалок бўлгани, Покистон хавфсизлик кучларидан 50 киши ўлдирилганини даъво қилди.

Жанггариларга қарши амалиётлар бораётган минтақадаги Озодлик мухбири Умар Дароз Вазир ҳаво ҳужуми оқибатида Абу Асар билан бирга яна бир неча ўзбек жанггарилари қўмондони ўлдирилганини айтди.

- Покистон ҳарбийлари Мироншоҳ, Мирали ва Беган минтақаларида уюштирган ҳаво ҳужумида Абу Асар ва ўзбек жанггариларининг яна бир неча юқори лавозимли қўмондони ўлдирилди. Минтақада амалиётлар давом этмоқда, - деди Озодликнинг минтақадаги мухбири.

Умар Дарозга кўра, Покистон разведка хизмати Абу Асарнинг шахси ҳақида атрофлича маълумот тарқатмаган.

Наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ташкил этган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ал-Қоида террор ташкилотига алоқадор гуруҳ сифатида халқаро террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари асосан Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятида бошпана топган.

Ҳозир бу минтақада ЎИҲнинг бир неча юз жанггариси жойлашиб олгани тахмин қилинади.

- Вазиристон вилоятидаги маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, фақат Мирали ва Мироншоҳда ижарага олинган уйларда тахминан 500 нафар ўзбек жанггариси яшайди, - дейди Озодлик мухбири.

Умар Дарозга кўра, маҳаллий аҳолининг ЎИҲ аъзоларига муносабати яхши эмас. Боиси улар турли жиноий фаолият ортидан кун кўради.

- Уларнинг асосий даромади турли тадбиркорлар ва расмийларни тўнашдан келади. Шунингдек, улар хориждан ҳам молиявий ёрдам олади, - дейди Озодликнинг Шимолий Вазиристон вилоятидаги мухбири Умар Дароз Вазир.
XS
SM
MD
LG