Линклар

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди икки йилдан буён Россия қамоқхонасида қолаётган ўзбекистонлик қочқин Акрам Каримовнинг Россиядан экстрадиция қилинишини тўхтатди. Страсбург суди қарорига биноан Россия ҳукумати бухоролик қандолатчига ҳақлари бузилгани боис 15,5 минг евро товон тўлаши лозим. Айни пайтда, Россиядаги Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар қочқинларни ўғирлашга қарши чора ишлаб чиқишни ўз ҳукуматидан талаб қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди икки йилдан буён Россия қамоқхонасида қолаётган ўзбекистонлик қочқин Акрам Каримовнинг Россиядан экстрадиция қилинишини тўхтатди. Страсбург суди қарорига биноан Россия ҳукумати бухоролик қандолатчига ҳақлари бузилгани боис 15,5 минг евро товон тўлаши лозим. Айни пайтда, Россиядаги Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар қочқинларни ўғирлашга қарши чора ишлаб чиқишни ўз ҳукуматидан талаб қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан халқаро қидирувга берилган бухоролик Акрам Каримовнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганини эътироф этди ва Россиядан 7,5 минг евро манънавий зарар ва 8 минг евро ҳаражатларни қоплашга товон ундирилиши тўғрисида ҳукм чиқарди.

Акрам Каримовнинг ҳимоячиси – “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотининг Европа судидаги адвокати Надежда Ермолаева Озодлик билан суҳбатда суд қарори чиққанига қарамасдан, ўзбекистонлик қочқин Россия қамоғида яна ярим йилча қолиши мумкинлигини билдирди.

- У ҳозирда “Северний” Хориж фуқароларини сақлаш махсус приёмнигида қолмоқда. У депортация қилинишини кутиб ўтирибди, аммо Страсбург суди қароридан кейин у бериб юборилмаса керак. Ҳозир биз Европа суди чиқарган қарорининг кучга кириши ва унинг озод қилинишини кутяпмиз. Жорий йилнинг сентябрида у Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови билан қамоқда ўтирганига роса 2 йил тўлади, деди ҳимоячи.

Адвокат Ермолаева Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қочқин Акрам Каримовнинг Ўзбекистонга бериб юборилиши унинг ҳуқуқлари қўпол бузилишига олиб келишини эътироф қилганини айтди.

Ҳакамлар қарорига биноан, Россияга анча маротаба меҳнат қилгани келиб турган Акрам Каримов 2010 йилда Подмосковьеда доимий яшашга ўтади. 2012 йилнинг март ойида у Москвада Ўзбекистон сўровига кўра ҳибсга олинди. Бухорода ширинпазлик билан кун кечириб юрган Каримов Ўзбекистонда миллий ва диний адоват тарқатганликда, 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеаларида иштирок этганликда айбланиб қидирувга берилгани маълум.

Надежда Ермолаева Ўзбекистондан юборилган айблов хулосасида Бухорода ширинлик пишириб сотган Акрам Каримов диний экстремизмда айбланаётган Алиев исмли танишини“моддий таъминлаганлик”да айбланаётгани туфайли қидирувга берилганини маълум қилди.

2012 йилнинг сентябрида Россия Бош прокуратураси ўзбек қочқинини экстрадиция қилинишига рад жавобини берди. Бироқ, одатдагидек, тергов изоляторидан чиқиши билан Акрам “Россия Федерацияси ҳудудида миграция қонунчилигини бузгани учун” яна қўлга олинди. Москванинг Мешчанский туман суди Каримовни эндиликда депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Озодликка маълум бўлишича, Акрам Каримов ҳимояси билан вафот этгунига қадар “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина шуғулланиб келган.

Суҳбатдош бошқа ўнлаб ўзбекистонлик сиёсий ва диний қочқинлар каби Акрам Каримов ҳам озодликка чиқса ўғирлаб кетилиши хавфи остида қолаётганини гапиради.

- Охирги пайтларда авж олган қочқинлик мақомида бўлганларни ўғирлаш ва ўғирлашга уринишлар юзасидан биз – Россияда фаолият юритаётган қатор нодавлат инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган ташкилотлар, Вазирлар Маҳкамасига махсус мурожаатнома тайёрлаяпмиз. Унда биз Россияда куппа-кундузи одамлар ўғирланаётгани юзасидан бирор чора қўллашни талаб қиламиз. Ахир Савриддин Жўраев ўғирланганидан кейин Страсбург суди Россия ҳукуматига бу ҳодисаларнинг олдини олиши борасида сора-тадбирлар ишлаб чиқиши зарурлигини ўқтирган. Бир йил ўтди, ноқонуний ўғирлашлар сони аксинча кўпайиб бормоқда, деди “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотининг Европа судидаги адвокати Надежда Ермолаева.

Ермолаева Россия Европа суди ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотиларидан тинимсиз танбеҳ олаётгани, катта миқдорда жарималарга солинаётганига қарамасдан халқаро қонунчилик ҳимояси остида бўлганларни бериб юбормоқда, деди.

Ҳимоячига кўра, бухоролик диндор Акрам Каримов иши юзасидан Страсбург суди чиқарган қарор август охирларида кучга киради.

Озодлик сўнгги пайтларда Россияда айниқса ўзбекистонлик қочқинларнинг ўғирлаб олиб чиқиш ҳолатлари урчиб кетгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG