Линклар

logo-print
Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган 700га яқин ширкат ва 160 дан зиëд кинотеатрларда кенг кўламда бирданига тафтиш бошланди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси¸ Республика Бош прокуратураси ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги вакилларидан ташкил топган гуруҳ мустақил киноширкатларнинг молиявий ҳужжатларини ва ижодий жараëнини тафтишдан ўтказмоқда.

Ўзбекистондаги хусусий студиялардан биридаги Озодлик манбасига кўра¸
бундай тафтишлардан мақсад мустақил студияларни “Ўзбеккино” миллий агентлигининг тўла назоратига ўтказишдир.

- Шу пайтгача мустақил киностудия бир оз бўлса ҳам мустақил иш юритар эди. Бундан буëн барча сценарийларни “Ўзбеккино” миллий агентлиги тасдиқлаганидан кейингина суратга олиш жараëни бошланиши кераклиги ҳақида огохлантириш олдик¸ дейди суҳбатдош.

“Ўзбеккино” миллий агентлигидаги Озодлик манбаси эса бу тафтишлар пировардида кинофильмлар савиясини кўтариш учун қилинаëтганлигини айтди.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистонда йилига 50 дан зиëд бадиий фильмлар суратга олиниб экранларга чиқарилмоқда, лекин бу киноларнинг бадиий савияси юзасидан шикоятлар мавжуд.

- Бу шикоятларга биз жавоб беришга мажбур бўлардик. Шу боис киносценарийларни олдиндан тасдиқлаш ва кино санъати савиясини кўтариш учун жиддий ҳаракатлар бошланди¸ дейди суҳбатдош.

Кино бирни ўн қиладиган ширкатми ë санъат ?

Интернетдаги Шов-шув.уз нашри муҳаррири Жасур Ҳамроев кино соҳасидаги бу тафтишларни маъқуллайди. Суҳбатдош назарида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган киномаҳсулотлар сифатини ошириш учун жиддий тафтиш ва кучли назорат лозим.

Асли Ўзбекистонлик кинорежиссер¸ Москвадаги “Чарли” киностудияси раҳбари Худойберган Юсупов эса бу назорат кино ишлаб чиқариш суръатини сустлаштирмаслиги кераклигини таъкидлайди:

- Қайсидир маънода давлатнинг назорати бўлишини қабул қиламиз¸ лекин бу назорат ижодий жараëнни фалаж қилмаслиги керак. Бошқа тарафдан Ўзбекистондаги киноларнинг кўпи сарфланган пулни оқлаш учун коммерцияга берилганини кўрамиз¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Юсупов кейинги 20 йилда Ўзбекистонда суратга олинган киноларнинг мавзуси ва ифода услуби Марказий Осиë томошабини учун Мексика сериалларидан кўра тушунарлироқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистондаги ҳусусий киностудияда тасвирчи бўлиб ишлайдиган Расулбек деган йигит Озодлик билан суҳбатда кино олиш жараëни пул кўпайтириш механизмига айланганини гапириб берди:

- Масалан, кинопродюссер битта сармоядордан 50 минг доллар пул олади. Кейин шу пулга кино олинади. Олинган маҳсулот кинотеатрларга чиқарилади. Бу аснода продюссер халқ таълими тизими бошлиқлари кўмагида талаба ва ўқувчиларга мажбурлаб билет соттиришади. Қарабсизки, бир ҳафта ичида сарфланган пул фойдаси билан қайтиб келади¸ дейди кинотасвирчи Расулбек.

Тошкент санъат институтининг кинорежиссура факультетини тугатиб, актерлик фаолияти баробарида кино суратга олишга чоғланаëтган Дилшодбек Каттабеков бу соҳага оид танқидий қарашларини ҳам яширмади.

- Мен, масалан, кино қандай суратга олиш илмини олийгоҳда ўрганганман. Хозир кўп киноларни ўқимаган ҳаваскорлар суратга олмоқда. Бу эса киноларнинг сифатига таъсир қилмоқда, дейди Дилшодбек Каттабеков.

Кино учун қафас керакми ?

Ўзбек киноси назорат қилиниши керакми ë ўзича эркин ривожлансинми, деган савол борасида суҳбатдошлар фикри иккига айрилади.

Кинони "дурдона санъат", деб билган Жасур Ҳамраев оз бўлсин-соз бўлсин деган гапни таъкидлаб, бемаза қовуннинг уруғи каби кўпайган “киноасарлар”дан нолийди.

- Киносценарийлар, албатта, “Ўзбеккино” миллий агентлигидаги бадиий кенгашлар назоратидан ўтиши керак¸ шу ҳолдагина биз кино санъатида сифат кўрсаткичига эришамиз, дейди Жасур Ҳамроев

Кинорежиссер Худойберган Юсупов эса "Болливуд" йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг сони кўпайгани сайин сифат ҳам ошади, шу боис кино эркин ривожлангани зарур, деб ҳисоблайди:

- Фақат “Ўзбеккино” маъқуллаган кинолар олинса ривожланиш унча бўлмайди. Тароқ битта бўлгани учун бир хил тарайди. Менимча, мутлақ бўлмаса ҳам эркинлик зарур. Масалан, қушни қаттиқ қиссангиз ўлиб қолади¸ панжангизни катта очсангиз қуш учиб кетиб қолади. Шу масалада олтин ўрталикни топиш ва иложи бор қадар ижодий жараëнга ҳалал бермаслик лозим¸ дейди кинорежисер Худойберган Юсупов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG