Линклар

Украина президенти бир томонлама ўт очишни тўхтатишга ваъда берди


Украина Президенти Петро Порошенко.

Украина Президенти Петро Порошенко.

Украина Президенти Петро Порошенко ҳукумат кучлари россияпараст айирмачиларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бораётган Украина шарқида ўт очишни бир томонлама тўхтатиш режасини эълон қилди.
Бундан кўзланган мақсад 10 ҳафтадан бери давом этаётган бўҳронга чек қўйишдан иборат.


18 июнь куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Украина Президенти Петро Порошенко Украина шарқидаги исёнларга чек қўйишга қаратилган режанинг бир қисми ўлароқ яқин фурсатда “қисқа муддатга” ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ беришини маълум қилди.

Режага мувофиқ Украина шарқидаги россияпараст гуруҳлар амнистия эвазига қисқа вақтда қуролларини ташлаши керак, ёлланган жанггариларга эса мамлакатдан чиқиб кетиш имкони берилади.

- Режадан кўзланган асосий мақсад, давлат чегарасини ёпишдан иборат. Бундай қилинмаса, жиноятчилар ўт очишни тўхтатишдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишлари мумкин, дея баён қилди Украина президенти.

Айни пайтда, тинчлик режаси Украина Консититуциясига вилоятларга кўпроқ ваколатлар бериш назарда тутилган ўзгартишлар киритилишини ҳам ўз ичига олади.

Ундан олдин Кремл расмийлари Петро Порошенко ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида 17 июнь куни бўлиб ўтган телефон сўзлашувида Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинганини билдирган эди.

Икки давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида Украина шарқида Россия давлат телевидениесининг икки журналисти ҳалок бўлгани масаласи ҳам кўтарилган.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, журналистлар Антон Волошин ва Игорь Корнелюк Луганск шаҳридаги отишмаларни ёритаётган пайтда нобуд бўлган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги журналистлар ўлими Украина ҳарбийларининг Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши олиб бораётган амалиётлари “жиноий характер”га эга эканини кўрсатишини таъкидлаб, Киев ҳукуматини воқеани ўрганишга чақирди.

Украина шарқига махсус кузатувчилар миссиясини жўнатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти журналистлар ўлими юзасидан текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқни қўллаб-қувватлади.

Айни пайтда, БМТ Хавфсизлик кенгаши Украинада журналистларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани, мухбирларнинг ҳибсга олиниши ва таҳқирланиши юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Россиялик терговчилар Украинада тинч аҳоли вакиллари ва журналистлар ўлдирилгани бўйича мамлакат Ички ишлар вазири Арсен Аваков ва Днепропетровск вилояти ҳокими, миддиардер Игорь Коломойскийга қарши жиноий иш очилганини билдирди.

Айни пайтда президент Порошенко Украинанинг Германиядаги элчиси Павло Климкинни Ташқи ишлар вазири вазифасини вақтинча бажараётган Андрей Дешчица ўрнига вазир лавозимига номзод қилиб кўрсатди.
Климкиннинг номзоди шу ҳафта парламентда овозга қўйилиши кутилмоқда.

47 яшар Климкин 2012 йилдан бери Украинанинг Германиядаги элчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Европа тарафдори бўлган дипломат Павло Климкин Украина билан Европа Иттифоқи ўртасида Ассосиация ҳақида сиёсий шартнома тузиш бўйича олиб борилган музокараларда муҳим рол ўйнагани айтилади.
XS
SM
MD
LG