Линклар

Тожикистон Хотин-қизлар қўмитаси милиция рейдларида қўлга олинган фоҳишаларга умумий овқатланиш жойларида ёки олий маълумот талаб қилмайдиган ишларда ишлашни таклиф қилганлар, бироқ танфуруш аёлларнинг аксарияти бу таклифни рад этган.


Тожикистон Хотин-қизлар қўмитаси масъули Маҳбуба Азимова Озодлик радиосининг тожик хизмати билан суҳбатда ҳозирги пайтда ўз ҳамкасблари аёллар ўртасидаги аҳлоқий жиноятлар даражасини пасайтиришга кўмаклашувчи тушунтириш ишларини бошлаганлар.

Унинг қайд этишича, тожикистонлик аёлларни фоҳишалик йўлига кириб кетишига кўплаб сабаблар бор ва уларнинг ҳаммасини бу йўлга турмуш даражасининг пастлиги туртган, деб бўлмайди. Мисол ўлароқ М. Азимова фоҳишаларга турли ишлар таклиф қилингани, аммо улар буни рад этганини келтирди.

Милиция рейдлари

Сўнгги икки ҳафта ичида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари аҳлоқий жиноятларга қарши курашга қаратилган қатор махсус тадбирлар ўтказганлар. Ана шундай тадбирлар чоғида Варзоб туманида жойлашган “Ситора” дам олиш масканининг шу маскан ҳудудида ғархона ташкил қилган ходими ушланган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, “Ситора” ходими 150 сомоний (30 АҚШ доллари – таҳр.) эвазига Явон туманидан бўлган беш нафар фоҳишани дам олиш масканига жойлаштирган.

Фоҳишаларнинг 80 фоизи – касал

Бир неча кун аввал вазирлик қўшмачилик ва фоҳишалик билан шуғулланган 500 нафар фуқаро ушлангани ҳақида маълумот тарқатган. Милиция рейди чоғида қўлга олинганларнинг ҳаммаси тери-таносил диспансерида тиббий кўрикдан ўтказилган. Кўрикдан ўтказилганларнинг 400 нафари ёки 80 фоизида юқумли таносил касалликлари аниқланган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, рейд пайтида ушланганларнинг аксариятига жарима солинган, шу жумладан, 26 киши 3600 сомоний (720 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жарима тўлаган.

Маълумотларга кўра, ўтган йили ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 1641 нафар фоҳиша қўлга олинган ва бу тенденция расмийларни ташвишлантирмай қолмаяпти. Аммо расмийларнинг ташвиш изҳор қилишдан бошқа чоралари қолмаяпти, чунки Тожикистон қонунчилигида фоҳишалик учун жаримага тортиш кўзда тутилган, холос. Ғархона очган шахсларга эса қонунчиликда бундан оғирроқ жазо белгиланган.

Тожикистонда аёлларни фоҳишалик билан шуғулланишга ундовчи асосий сабаблар аниқланмаган бўлса-да, кўпчилик ҳали ҳам асосий сабабни мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволда кўради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG