Линклар

Авжи пишиқчилик бошланиб¸ аксар ўзбекистонликлар мураббо ëпишга киришган айни кунларда¸ шакар нархи қарийб 5000 сўмга етиб қолди. Таҳлилчиларга кўра¸ шакарга нисбатан бозор талаби кучаядиган ëз мавсумида ҳар йил кузатиладиган бундай қимматлаш Ўзбекистондаги асосий истеъмол моллари савдосининг юқори мансабдаги шахслар монополиясига айлантирилгани билан боғлиқ.


Майда 2800 бўлган шакар¸ 4500 га чиқди...

Озодликка мурожаат қилаётган ўзбекистонликлар мураббо ва компот мавсуми бошланган айни кунларда шакар нархи қимматлаб бораётганидан шикоят қилмоқда.

Тошкентлик Муниса опа Озодлик билан суҳбатда шакар ҳамма жойда ҳар хил нархда сотилаётганини айтди:

- Бир жойда ҳатто навбат билан 3500 сўм, бошқа жойда 4500 сўм сотилаяпти. Биз шакарни супермаркетдан килосини 4500 сўмдан сотиб олдик пластик картага. Бошқа дўконларда нақд пулга 4100 сўм экан, дейди Муниса опа.

Пойтахтдаги “Макро” супермаркети ходими Озодлик билан суҳбатда дўконда шакар ҳар куни борлиги¸ аммо бир кишига икки килограммдан ортиқ сотилмаётгани айтди.

Дўкон ходими шу кунларда шакарга бундай чеклов жорий қилинганини талаб кўпайгани билан изоҳлади:

- Шакаримиз ҳар куни бор. Фақат навбат кўпайиб кетаяпти. Одамлар дарров сотиб олиб кетишаяпти. Бир килоси 3200 сўм. Бир одамга икки килодан сотилаяпти. Ҳозир сезон бўлгани учун қиммат бўлаяпти, дейди “Макро” ходими.

Айни пайтда, навоийлик Шерали ўзи яшайдиган ҳудудда шакар тақчиллиги ва навбат йўқлигини аммо сўнгги икки ҳафта ичида нарх кўтарилганини айтди.

- Шакар бор-у, қиммат. Бир килоси нақд пулга 4000 сўм, пластик картага 4500 сўм. Энди компот сезони бошланди-ку. 15 кунча олдин шакар 3500-3800 сўм эди. Кейин озгина кўтарилди. Истаганча бор. Шакар муаммоси йўқ. Фақат қиммат, дейди навоийлик Шерали.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Фарғона, Жиззах ва бошқа вилоятлардаги фуқаролар ҳам сўнгги ҳафталар давомида ўзлари яшайдиган ҳудудда шакар нархи ошганидан нолиди.

Талаб ва таклифдаги сунъий номутаносиблик

Ўзбекистонда мева пишиқчилиги мавсумида шакар нархининг ошиши муттасил кузатилаëтган муаммо.

Ҳукумат мамлакатнинг шакарга бўлган эҳтиёжини тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш иддаоси билан 1998 йилда Хоразм вилоятида йилига 180 минг тонна шакар ишлаб чиқарадиган завод қурди.

“Хоразм шакар” Ўзбекистон-Австрия-АҚШ қўшма корхонаси ҳозир Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқараётган ягона завод ҳисобланади ва у расмий маълумотларга ишонилса¸ мамлакатнинг шакарга нисбатан эҳтиёжининг 60 фоизини қондиради.

2014 йилда Тошкент вилоятидаги “Ангрен” махсус саноат ҳудудида бир кеча-кундузда 1000 тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган мамлакатдаги иккинчи шакар заводи, “Ангрен шакар” МЧЖ ХК ишга туширилиши режаланган.

Расмий иддаоларга кўра¸ Сингапур ва Австрия ширкатлари билан ҳамкорликда қурилаётган “Ангрен шакар” ишга тушганидан кейин Ўзбекистоннинг эҳтиёжи тўлиқ маҳаллий шакар ҳисобига қондирилади.

Гулнора Каримова "Баҳо шакар" билан.

Гулнора Каримова "Баҳо шакар" билан.

Ўзбекистоннинг юзлаб миллион долларлик шакар бозорини давлат номидан бошқарувнинг энг юқори поғоналарига алоқадор саноқли шахслар назорат қилиши айтилади.

Ўзбекистонда шакар бизнесининг эгаси сифатида “Баҳо шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов мамлакат прокуратураси бу бизнесни тафтиш қила бошланганидан кейин 2013 йил бошида Дубайга қочиб кетган.

Каримжонов оиласига яқин манбалардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Баҳодир Каримжонов шакар ва яна бошқа соҳалардаги йирик бизнесини президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлигида юритиб келган.

Европанинг қатор давлатларида йирик миқдордаги коррупция айбловлари ортидан Гулнора Каримова бу айбловлар марказига тушганидан сўнг¸ президент тўнғичининг Ўзбекистон ичкарисидаги бизнес империяси қулатилди.

Бу империянинг таркибий қисми бўлиб келгани тахмин этиладиган шакар бозорининг ҳозирда қайси шахс ва гуруҳ назоратига ўтганига оид аниқ маълумот ҳозирча Озодлик ихтиëрида мавжуд эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG