Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:14

Навоий театри раҳбарияти ўзини танқид қилган примадоннани ишдан бўшатди


Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқова.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқова.
Яқинларгача Марказий Осиëдаги опера санъати маркази бўлган Навоий театрини кейинги пайтда кўплаб қўшиқчилар тарк қилгани айтилади. Бу масканда қўшиқ айтган ҳофизлар кўп ҳолларда ўз тарихий ватанлари Берлин¸ Ню-Йорк¸ Лондон¸ Москва ва Тел-Авив каби шаҳарларига кетишди. Ўзбекистонни ўз ватани деб билган примадонна Муяссар Раззоқова эса театрдаги ноижодий муҳитдан безиб ишдан кетса ҳам¸ ватандан кетмаганлигини айтади.

Ўзбек опера санъати маликаси саналган 50 яшар Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова Озодлик билан суҳбатда саҳнани тарк қилишга театр раҳбарияти томонидан мажбурланганини билдирди:

- Tеатрдаги ижодий таназзул¸ қурилишга ажратилган пулларнинг талон- тарож қилиниши борасида билдирган эътирозларим бошимга бало бўлди. Театр раҳбари қурилиш тугамаслигидан манфаатдор. Қурилиш унга даромад келтирмоқда. Ремонт бўлиб турибди, у эса бу ëнда ўзининг пулини ишлаб юрибди. Театрни ўғирлаб ëтибди. Куни ўтиб турибди. У киши (Навоий номидаги опера ва балет театри бош директори Бахтиëр Ëқубов назарда тутилмоқда - таҳр.) театрнинг саҳнавий фаолият кўрсатишини сира истамайди. Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Адҳам Илҳомович Икромов ҳам театр директорига бошпанох¸ криша. Шуларни гапирганим учун театр директори Бахтиëр Ëқубов мени саҳнадан кетишга мажбур қилди. Мени Москва ва Санкт Петрбургдаги театрларга таклиф қилишганида бормадим. Ўзбек санъатига хиëнат қилиб кетди¸ деган гапларни эшитмаслик учун чет элга кетмадим. Чорасизликдан консерваторияда ишлаяпман¸ дейди суҳбатдош.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:42 0:00
Бевосита линк

Лирик-колоратур сопрано деб таснифланган ноëб овоз соҳибаси Муяссар Раззоқова суҳбат давомида маъмурий босим ва тазйиқлар йўқолган кезда¸ ҳозироқ саҳнага қайтишга тайëр эканлигини билдирди:

- Мен опера ҳофизиман¸ ҳар куни қўшиқ айтишим керак. Мени севимли иш жойимдан, театрдан ҳайдашди. Шу даражагача олиб келишдики, театрни мажбуран тарк этдим. Ҳозир Консерваторияда талабаларга дарс бераяпман. Бироқ қанча мухлислар менинг овозимни соғиниб, театрга келишар эди. Энди эса мен театрда йўқман! Бу катастрофа! Театрнинг ҳозирги раҳбари ижодни ўлдирди. 6 ойдан бери театрни таъмирламоқда. Бунча муддат театрни ёпиб туришидан мақсад нима? Театр бадиий кенгашида халқ артисти сифатида менинг ўз ўрним бор? Раҳбар эса фақат унинг айтгани айтган, дегани деганини рўкач қилиб, бадиий кенгашдан мени четлатди. 25 йил театрда ишлаб, ҳали бу қадар таҳқирланмаганман¸ дейди Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик мухбири Муяссар Раззоқова эътирозлари юзасидан Алишер Навоий номли Опера ва балет театри директори Бахтиëр Ëқубовга мурожаат қилди. Қисқа суҳбат мобайнида театр директори Муяссар Раззоқованинг ўз аризасига кўра ишдан кетганини иддао қилди:

- Муяссар ўз ихтиëрига кўра ишдан кетди. Уни ҳеч ким ҳайдамади¸ ўзи кетди. Энди эса кетганини ҳам пиар қиляпти. Ҳеч ким уни хафа қилмади¸ деди театр директори.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00
Бевосита линк

Примадонна эътирозига сабаб бўлган шубҳали қурилиш

Озодлик радиоси йил бошида Академик Катта театр артистларининг қўшиқ айтиш ўрнига қурилишда шағал ташиëтгани юзасидан шикоятларни ўрганган эди.

Театр бош директори ўринбосари Илҳом Турсунбоев ўшанда Озодлик билан суҳбатда театр ижодий ва техник жамоаси ҳашарга чиққани ва бу жараëнда ҳеч қандай мажбурлаш бўлмаганини таъкидлади:

- Театримиз уч йилдан бери реконструкцияда. Таъмир жуда чўзилиб кетди. Яқинда юқори давлат ташкилотлари томонидан текширув бўлди. Бинодаги аҳволни¸ подрядчиклар бажара олмаëтган ишлар¸ ҳамма жойнинг ифлослигини кўриб¸ улар ўзимизга “сизлар ҳам ëрдам беринг” деб мурожаат қилишди.

Уч йил аввал Қўқонда жойлашган қурилиш ширкатларидан бири билан тузилган келишув асосида театр биносида кенг кўламли таъмир бошланган ва бу таъмир ҳануз битмаган.

Академик Катта театр собиқ бадиий раҳбари ва бош директори¸ миллий опера ва балет театри дарғаси саналган СССР Халқ артисти Бернора Қориева Озодлик билан суҳбатда¸ бугун Навоий театри биноси ва унинг ижодий вазиятидаги ҳолдан ҳайрону лол эканини айтади:

- Тафсилотларини билмайман. Лекин бу дурдона ва ноëб бинода таъмир ишларининг ўта шубҳали тарзда чўзилиб кетганидан хабарим бор. Бу бино ва бу театр жамоаси бир пайтлар Тошкентнинг фахри эди. Аммо бугунга келиб аввалги театрдан асар ҳам қолмади. Билганим¸ бу бинони на санъат ва на балет нималигини тушунмайдиганлар таъмирлаяпти. Фахримиз саналган бу бинодан ҳеч нарса қолмади¸ ҳисоб¸ дейди аччиқ билан ўзбек балети онаси саналган дунëга машҳур балерина.

Академик Катта театрнинг собиқ примадоннаси¸ Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова санъат ва балет нималигини тушунмайдиган раҳбарлар театрни бошқармаслиги керак¸ деган фикрда:

- Раҳбар мен ҳақимда сафсата ва уйдирмалар тарқатди. Нимамиш, овозим йўқолиб қолганмиш? Нима эмиш, жанжалкаш, урушқоқ эмишман. Ҳақ-ҳуқуқи тоpталаётган одам одилликни талаб қилса, урушқоқлик бўладими? Қараб турсин, шу гаплари учун ҳам овозим қандайлигини кўрсатиб, яна яккахон концерт бераман¸ дея таъкидлаган Муяссар Раззоқова Озодлик тингловчиларига "Ватан" дея номланган арияни ижро этиб берди.

Қўшиқчи¸ лауреат ва депутат

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат академик Катта театрининг собиқ примадоннаси Муяссар Раззоқова 1964 йилда Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳрида туғилган. 1988 йилда Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент Давлат консерваториясининг опера синфида, Розалинда Лаут ва Саодат Қобуловалар устозлигида тугатиб, шу йили Алишер Навоий номидаги Ўзбек академик катта театрида опера якка ижрочиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаб, театрда саҳналаштирилган ўзбек ва жаҳон классикаси операларида асосий партияларни ижро этди.

Сулаймон Юдаковнинг «Майсаранинг иши»даги Ойхон, М. Бафоевнинг «Умар Ҳайём» идаги Феруза, М. Ашрафийнинг «Дилором»идаги Дилором, Глиэр ва Т. Содиқовнинг «Лайли ва Мажнун» идаги Лайли, Ж. Вердининг «Травиатта»сидаги Виолетта, «Риголетта»сидаги Жильда, «Бал маскарад»идаги Оскар, Д. Росинининг «Силвия сартарош»идаги Ро-зина, Доницеттининг «Лючия ди Ламмермур»идаги Лючия каби партиялар ёш опера солистикасининг қисқа давр ичидаги ижодий меҳнатининг маҳсулидир.

Муяссар Раззоқова Германия, Франция, АҚШ, Испания, Италия, Венгрия, Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларда ижодий сафарларда бўлиб, жаҳон мумтоз операларицан арияларни ва ўзбек миллий қўшиқларини моҳирона куйлаб, чет эл қўшиқ мухлисларининг ҳам эътиборига сазовор бўлди.
Раззоқова 1990 йилда Венгряда бўлган вокалчилар танловида иккинчи мукофотга сазовор бўлган бўлса, 1997 йилда Италияда бўлиб ўтган кучли операчилар мусобақасида ўттизлик гуруҳига тушиб, лауреат бўлди.

Истеъдодли опера солисткаси ва хушовоз хонанда Муяссар Раззоқова «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» (1998) унвони соҳибидир.

У 1999 йилда Ўзбекистон Олий Мажлисига депутат этиб сайланган.
XS
SM
MD
LG