Линклар

АҚШ жанглар бораëтган Ироққа ëрдам бериш сўровини кўриб чиқмоқда


Ироқ ҳукумати қўшинлари ИШИД жангариларини Баижидаги нефть заводидан сиқиб чиқаришга уринмоқда.

Ироқ ҳукумати қўшинлари ИШИД жангариларини Баижидаги нефть заводидан сиқиб чиқаришга уринмоқда.

Ироқ ҳукумати мамлакатнинг катта ҳудудини эгаллаб олган Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳига қарши жангларни давом эттирмоқда. Бағдод Вашингтонга сунний жангариларга қарши туришда кўмаклашишини сўраб мурожаат қилди. АҚШ ҳукумати бу мурожаатномани қондириш керакми йўқми, керак бўлса қай тарзда кўмаклашиш масаласини муҳокама қилмоқда.


Ироқ ҳукумати кучлари пайшанба куни мамлакатнинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводини эгаллаб олган сунний жангариларга қарши амалиётни давом эттирди. Бағоддан 200 километр шимолроқда жойлашган Баижи шаҳридаги заводнинг бир қисми кеча Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи томонидан босиб олинган эди.

Расмийларнинг айтишларича, бош вазир Нури ал-Маликий ҳукумати тарафидаги хавфсизлик кучлари заводнинг катта қисмини назорат қилмоқда, лекин Ал-Қойдага алоқадор ИШИД жангарилари билан тўқнашув давом этмоқда.

Лекин Al-Arabiya телеканали намойиш қилган видеода заводдан қора тутун чиқаётгани ва биноларнинг бирида ИШИДга доир қора байроқ ҳилпираб турганини кўриш мумкин.

Баижи ўтган ҳафта суннийлар етакчилигидаги ИШИД гуруҳи томонидан босиб олинган минтақда жойлашган. ИШИД Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосул ҳамда Тикрит шаҳрида ўз назоратини ўрнатган.

Ироқ ҳукумати, айни пайтда, жангариларга қарши ҳаводан зарба беришни сўраб, АҚШга қилглан мурожаатига жавоб кутмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама 18 июнь куни конгресс етакчиларини Оқ уйда қабул қилиб, Ироқдаги сунний жангариларга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилди. Ироқда ҳарбий ҳаракат бошлаш учун президентнинг АҚШ Конгрессидан рухсат сўраши масаласи савол остида қолмоқда.

Обама АҚШ Сенатидаги демократлар етакичиси Ҳарри Рид ва республикачилар етакчиси Митч МакКоннел ҳамда Вакиллар палатаси раиси Жон Бейнер ва демократлар фирқаси етакчиси Нэнси Пелоси билан учрашди.

Президент билан учрашувдан кейин республикачи сенатор МакКоннел мухбирлар олдида қилган чиқишида, Обама “амалга ошириладиган қадамлар учун биздан ваколат олишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблашини билдирди”, дея таъкидлади.

Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Нэнси Пелоси эса, Обама Ироққа хавфсизлик борасида ёрдам кўрсатиш учун “қонун чиқарувчи органдан ваколат олиши” шарт эмас, дея баён қилди. Пелоси қандай чоралар кўриб чиқилаётганини аниқлаштирмади.

Лекин “The New York Times” газетаси Оқ уй вакилларидан иқтибос келтириб, Обама АҚШ Конгрессидан ваколат сўраши эҳтимолини инкор қилаётгани йўқ, дея хабар қилди.

Баъзи хабарларга кўра, Вашингтон Ироқ ҳукумати сўровига жавобан суннийларга ҳаводан зарба бериш ёки пилотсиз учқичлар ёрдамида ҳужум қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Лекин Ироққа жанговар қўшинларни ташлаш эҳтимоли инкор қилинмоқда.

18 июнь куни сенат олидида қилган чиқишида республикачи Жон МакКейн Ироқ ҳукумати сўровини қондириб, ҳаводан зарба бериш керак, дея таъкидлади.

- Дарҳол ҳаракат қилиш эҳтиёж бор. Қўлдан бой берилаётган ҳар бир кун мазҳаблараро зўравонликни авж олдирмоқда ва ИШИДнинг қўли устун келишига имкон бермоқда,- деди МакКейн.

Обама Бағдоддаги АҚШ элчихонасини ҳимоя қилиш учун аллақачон 275 нафар аскарни Ироққа юборган.

Обама билан учрашувдан аввал вакиллар палатаси раиси Бейнер Ироқнинг шиалар назоратидаги ҳукуматига сунний жангариларга қарши туришда кўмаклашиш учун Эрон билан ҳамкорлик қилиш эҳтимолига “мутлақо” қарши эканини билдирди.

- Йўқ. Мутлақо йўқ. Террорчиликка ҳомийлик қилаётган ва уни урчитаётган Эронга ҳамкорлик таклиф қиладиган бўлсак, минтақадаги дўстларимиз, иттифоқчиларимиз буни қандай қабул қилишларини тасаввур қилиш қийин,- деди Бейнер.

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Жон Керри 19 июнь куни қилган чиқишида Қўшма Штатлар ИШИДга доир маълумотлар билан алмашиш мақсадида “Эрон билан мулоқотга киришишдан манфаатдордир”, дея таъкидлади.

Лекин, деди АҚШнинг NBC телеканалига берган суҳбатида, Вашингтон бўҳроонни ҳал қилиш борасида Эрон билан ҳамкорлик қилиш ниятида эмас.

АҚШнинг Ироқда ҳаво зарбаларини амалга ошириши эҳтимоли тўғрисидаги саволга Керри “барча имкониятлар кўриб чиқилмоқда”, дея жавоб берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG