Линклар

Бразилияда бораëтган футбол бўйича жаҳон биринчилиги ўйинларини жамоа бўлиб кафе-ресторанда кўришга ишқибоз ўзбекистонликлар¸ ўрнатилган турли қоида ва чекловлар боис¸ бунга муваффақ бўла олмаëтганларидан шикоят қилмоқдалар.

Тошкентда бар-ресторанлар нечагача ишлаяпти?

“Кафе ва барларни кечки соат 11 ларга ёпишаяпти. Ёпилаётган бўлса футболни қандай кўрамиз?! ППС (пост-патрул хизмати) никлар келиб кафе эгаларига “ёпилсин”, деяпти. Ўйин қизғин жойига етганида, энди 50-60 минут кўрганимизда, чиқариб юборишди”.

Юнусобод туманидаги кафелардан бирида Россия билан Жанубий Корея ўртасида бўлаётган футбол ўйинини охиригача кўра олмасдан чиқариб юборилганидан ғазабланган тошкентлик футбол ишқибозларидан бири Озодликка шундай хабар йўллади.

Бу шикоят ортидан пойтахт умумий овқатланиш муассасаларида жаҳон биринчилиги ўйинларини томоша қилиш имконини ўрганган Озодлик мухбири¸ бундай имконнинг бир неча мезонга ва ўйин вақтига кўра фарқланишини аниқлади.

Бразилияда гуруҳ босқичида кунига учта ўйин ўтказилмоқда. Бу ўйинларнинг биринчиси Тошкент вақти билан кечки соат 9 да бошланиб¸ қарийб 11 га қадар давом этмоқда. Куннинг иккинчи ўйинлари Тошкентда соат тунги 12 да бошланиб¸ 2 га қадар чўзилса¸ учинчи ўйинлар саҳарги 3 да бошланиб¸ тонгги 5 гача давом этмоқда.

Маълум бўлишича¸ футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини кўрсатиш ҳаққини Ўзбекистон миллий телерадиокампаниясидан сотиб олмаган кафе-барлар¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўрнатган умумий тартибга кўра¸ тунги соат 11 да ўз ишини тўхтатиши лозим:

- Лицензияси йўқ кафемизнинг. Лицензия сотиб олинади бунга махсус. Шунинг учун 11 да ëпишга мажбурмиз¸ деди бундай лицензияси йўқ кафе эгаларидан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Тонггача ўтирадиган ишқибоз кўп эмас...

Иккинчи ўйин тугаши билан ёпилишини айтган Тошкент марказидаги пиво ресторани менежери¸ ўз муассасасининг футбол ўйинини кўрсатишга лицензияси борлигига қарамай¸ тонгга қадар ишлашнинг ҳожати қолмаслигини айтади:

- Биз 9 даги биринчи ўйинни намойиш қиламиз,12 даги иккинчи ўйинни кўрсатамиз, аммо учинчи ўйинга деярли ҳеч ким қолмайди, шу сабабли соат 2-3 ларда ресторанимиз ўз ишини якунлайди, деди ўзини Марина деб таништирган пивохона бошқарувчиси.

Ўз исмини ошкор этмасликни сўраган Тошкентдаги яна бир ресторан хизматчиси ҳам футбол трансляциясига лицензияси ва катта экран борлигига қарамай¸ ресторанни қачон ëпиш мижозлар қизиқишига қараб белгиланишини айтади:

- Агарда яхши ўйин кетаётган бўлса, қўйсак бўлади. Лекин кўпинча одам йиғилмай қолади. Ходимларимиз эса оилали, бола-чақаси бор, касса йиғилмайди... Шу сабабли биз учала ўйиннинг трансляциясидан воз кечдик. Аммо, масалан, шанба куни Германия ва Гана, Аргентина ва Эрон беллашади – одам унга келиши мумкин; Россия ўйинларига, албатта, йиғилади ва биз унинг ўйинларини, албатта, кўрсатамиз. Босния-Герцеговина ва Нигерия ўйинини ишқибозлари топилмаса керак, дея бизнес сирлари билан ўртоқлашди ресторан эгаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG