Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:19

Қўқонлик ишчилар ер кавлаётиб 13.5 килолик олтин ғишт топишди


Қўқонда канализация ишчилари томонидан топилган олтин.
Қўқонда канализация ишчилари томонидан топилган олтин.
Қўқон шаҳрида Сув-оқава ширкати ходимлари канализация қувурини янгилаш учун ер бурғулаётганларида оғирлиги 13,5 килограмм бўлган бир ғишт олтин топиб олишган. Олтин топиб олган қўқонликлар ўтган аср бошларига оид экани айтилаëтган қуйма ғишт олтинни шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб бориб топширишган.

Қўқон шаҳар Сув оқава ширкати раҳбарларидан бири беш нафар ишчиси ўтган ҳафта шаҳар марказида қазишма ишлари пайти 13.5 килолик олтин топиб олгани ва бу олтин давлат органларига топширилганини тасдиқлади:

- Улар ўз ихтиёрлари билан олтинни Ички ишлар бўлимига олиб бориб топширишди. Чунки бу топилма давлатнинг мулки. Олтинни қиймати аниқ бўлганидан сўнг уларга қандайдир қисми пул мукофоти сифатида берилар экан, деди Қўқон шаҳар Сув-оқава ширкатининг исмини айтмаган раҳбарларидан бири.

Қўқон марказида қазишма ишларини олиб бораётган Сув-оқава ширкати ишчилари олтин топгани ҳақидаги хабарлар ва шу олтиннинг фотосурати уяли телефонлар орқали тарқалди.

Сув-оқава ширкати ишчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда олтин топилиши тафсилотларини гапириб берди:

- Қўқоннинг Эски шаҳар қисмида, Ҳамза театрини орқасида бешта ишчимиз канализация қувурларини янгилашаётган эди. Экскаваторда ерни кавлашган. Биз билан ишлайдиган Қобил ака қазилган жойга тушса¸ ялтиллаган нарса кўринган. Тўрт бурчак ялтироқ метал. Ўйилган ёзувлари ҳам бор. Органларга олиб боришса олтин экан, олиб қолишибди. Ўшандан уларга қанчасинидир беришар экан, деди Сув-оқава ширкати ишчиларидан бири.

Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлими расмийларидан ҳозирча бу юзадан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Қўқонлик заргар Абдунаби ака телефонда тарқалган олтин суратини кўрганини айтиб¸ унинг тарихий ва моддий қимматини чамалашга уринади:

- Ҳамза театрини атрофи Қўқонни қадимий жойлари бўлган-да. Мен кўрдим суратни, тўрт бурчак ғишт олтин. Илгари ўзимизни мусулмон ғиштлар бўлардику, ўша 13 ярим килолик қуйма олтин. Уни нархи таxминан 750-800 минг доллар атрофида бўлади. Қадимий экани ҳисобга олинса, ундан ҳам қиммат бўлиши мумкин, дейди Абдунаби ака.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, тарих ва маданият ёдгорликлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топган шахс, уни давлатга топшириши шарт.

Хазина топган шахс¸ шу давлат мулкига топширилган хазина қийматининг 25 фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадир.

Олтин топиб олган қўқонлик ишчиларга қанча миқдорда мукофот пули берилиши маълум эмас.

Қўқон шаҳар Сув-оқава ширкати расмийлари бу ҳақда маълумот беролмасликларини айтишди.
XS
SM
MD
LG